Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:02

“Конвертация репетицияси” - тижорат банклари долларни бозор нархида олиб-сотишни бошлади


Жорий ҳафта Ўзбекистондаги айрим тижорат банклари синов тариқасида хориж валюталарини бозор нархида сотиб олиш ва сотиш амалиëтини бошлади. Озодлик суҳбатлашган мустақил мутахассислар “Асакабанк” платформасида ўтказилаëтган бу пилот лойиҳани яқин келажакда валюта эркин конвертациясига ўтиш "репетицияси" деб атадилар.

Бозорга қўл солиш

Ўзбекистон банк тизимидаги Озодлик манбаларининг билдиришича¸ синов тариқасида айрим тижорат банкларида валютани қора бозор нархида олиш ва сотиш амалиëти Бош вазир Абдулла Арипов 6 июнь куни имзолаган фармойиш асосида жорий ҳафта бошланган.

Бу ëпиқ қарор сифатида расмийлаштирилган. Қарор ҳам¸ синов ҳам фақат хизмат доирасида фойдаланиш учун¸жамоатчиликка очиқ эмас. Жараëнга Жамшид Қўчқоров (Бош вазир ўринбосари¸ Иқтисодий ривожлантириш, таркибий ўзгартишлар, инвестициялар, банк ва молия тизимини ислоҳ қилиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари комплекси раҳбари -таҳр.) ва Мамаризо Нурмуратов (Марказий банкнинг янги раиси)масъул. Синовнинг техник регламентини Марказий банк ишлаб чиққан”¸ деди бу синов тафсилотларидан хабардор тижорат банкларидан бири ходими Озодлик билан суҳбатда.

Бу суҳбатдошнинг билдиришича¸ ëпиқ синовга жами олтита тижорат банки қўйилган ва улар Ўзбекистондаги йирик экспортëр компаниялардан валюта сотиб олиб¸ уни импорт билан шуғулланувчи юридик шахсларга сотади.

Валюта сотаëтганлар асосан “Ўзпахтасаноатэкспорт” ва “Ўзагроэкспорт” ҳолдинги каби давлатга қарашли йирик монополистик ташкилотлардир. Улар ўз ҳисобида турган долларини “Асакабанк” заминида¸ тақрибан 8000 сўмга сотаяпти. Олувчилар рўйхати сал каттароқ. Булар четдан хом-ашë ва ҳар хил ишлаб чиқариш воситалари олиб келувчи хусусий корхоналар. Булар олтита банк орқали экспортëрлар сотган долларни 8250 сўмнинг нари-берисида олаяпти. Бу курс мазкур синов давомида талаб ва таклифга қараб ўзгариб туради. Ҳозирча бу синовда фақат чекланган сондаги юридик шахсларнинг қатнашишига рухсат берилган. Синовдан мақсад¸ сўмнинг хориж валюталари¸ хусусан АҚШ долларига нисбатан ҳақиқий курсини аниқлаш; эртага конвертация очилса¸ курснинг қаерда тўхташини билиш¸ унинг оқибатларига тайëрланишдир. Қисқаси¸ бу конвертацияни очиш репетицияси”¸ деди мазкур жараëнга яқин мутахассис Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Ўзбекистон банк тизимининг Озодлик суҳбатлашган бошқа мутасаддиси¸ бу синовда Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки¸ “Ўзсаноатқурилишбанк”¸ “Ипотека”¸ “Алоқабанк” ва “Агробанк” қатнашаëтганини билдирди.

Айни пайтда¸ Ўзбекистон Марказий банки матбуот хизмати "бундай синовга оид маълумот ўзида мавжуд эмаслиги"ни билдирди.

“Асакабанк” марказий идораси ходими ҳам¸ Озодлик мухбирининг бу синов тафсилотларига оид саволига жавоб беришни истамади.

Кимга аза¸ кимга тўй?

Бу синовга муносабат билдирган мустақил иқтисодчилар Озодлик билан суҳбатда уни “тўғри йўлдаги эҳтиëткор қадам” деб баҳоладилар.

Мирзиëев конвертацияни бирданига очиб юборишнинг ҳозирги вазиятда ўта қалтис иш эканини яхши билади. Чунки конвертация йўқлигидан мазза қилаëтган силовиклар гуруҳи ҳалиям жуда кучли. Бу синов билан ҳукумат конвертация очилишидан манфаатдорлар¸ яъни ўзини қўлловчилар сафини кенгайтиради”¸ деган Ўзбекистон Иқтисодиëт вазирлиги собиқ ходими Саодат Нишонова¸ конвертацияни очиш йўлида қўйилган бу қадамдан манфаатдорларни бирма-бир тилга олади.

- Экспортëрга бу жуда яхши – ҳисобидаги долларини энди давлатнинг 3900 сўмлик курсида эмас¸ қора бозор курси – 8000 сўмга сотади¸ бири икки бўлади¸ валютасини сотишга қизиқиш туғилади.

Долларни шундоқ ҳам асосан қора бозордан олаëтган импортëр ҳам пулини банк тизими орқали эркин валютага айлантирса¸ иши осонлашади¸ енгилроқ нафас олади.

Банкларга фойда¸ улар капитализация муаммосини ҳал қилади¸ ликвидликни оширади¸ қора бозор билан рақобатга киришиб¸ уни бутунлай йўқ қилиш имконига эга бўлади.

Давлатга фойда – солиғини олади¸ Минфин экспортдан келган валютани 8000 дан сотиб¸ бюджетни тўлдиради. Бу - қора бозорни назорат қилаëтган сояки тизимлар - валютани расмий курсда олиб¸ ë уни оффшорга бекитганлар ëки уни қора бозорда сотиб келганлардан бошқа ҳаммага яхши.Бу пилот-проект натижасида конвертация очилишидан манфаатдорлар армияси пайдо бўлади ва ҳукумат шуларга таяниб¸ бу жиддий қадамга қўл уради¸ дейди Нишонова.

Узоқ кутилаëтган конвертация қачон очилади?

Озодлик суҳбатлашган банк мутасаддилари¸ синов жараëнининг бир неча ой давом этиши ва Тошкент банклари коридорларида “конвертациянинг сентябргача очилиши ”ҳақида жиддий тахминлар мавжудлигини билдирдилар.

Билишимча¸ Ўзбекистон мустақиллигининг президент Мирзиëев нишонлайдиган биринчи байрамига энг катта совға¸ 90 фоиз ишонч билан айтишим мумкин¸ конвертациянинг очилиши бўлади”¸ деди оптимистик қарашдаги ўзбек банкирларидан бири.

Ўзбекистон валюта эркин конвертацияси амалда жорий этилмаган дунëдаги кам сонли давлатлардан бири ҳисобланади. Мамлакатда валюта алмашинувининг бир неча курси мавжуд бўлиб¸ улардан биринчиси давлат корхоналари ва махсус имтиëзли гуруҳларгина фойдаланиб келаëтган сунъий давлат курси ва 23 июнь кунги Марказий банк ҳисобича¸ бир АҚШ долларининг нархи 3930¸91 сўм қилиб белгиланган.

Қолган ўзбекистонликлар ҳисоб-китобига асос бўлиб келаëтган қора бозор курси бўйича¸ uzdollar.com сайтига кўра¸ 23 июнь куни бир АҚШ доллари 8330 сўмдан сотилган.

Бундан ташқари мамлакатда тадбиркорлар валютани нақдсиз харид қилувчи биржа курси бор ва у ҳозирга келиб 10 минг сўмдан ошган.

XS
SM
MD
LG