Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:05

Ўзбекистонда доллар нархи 7000 сўмдан ошди


Ўзбекистонда жиддий иқтисодий-молиявий ислоҳотлар ўтказилмаса¸ сўмнинг кескин қадрсизланишда давом этиб¸ мамлакат қора бозоридаги аҳволнинг Зимбабве даражасига яқинлашиши тахмин қилинган карикатуралар ижтимоий тармоқларда оммалашиб кетди.
Ўзбекистонда жиддий иқтисодий-молиявий ислоҳотлар ўтказилмаса¸ сўмнинг кескин қадрсизланишда давом этиб¸ мамлакат қора бозоридаги аҳволнинг Зимбабве даражасига яқинлашиши тахмин қилинган карикатуралар ижтимоий тармоқларда оммалашиб кетди.

Озодликнинг бир-биридан мустақил манбаларига кўра¸ ўтган ҳафта охирида Ўзбекистон валюта қора бозорида бир АҚШ доллари нархи янги психологик баръердан ўтган ва мамлакат бўйлаб 7000 сўмдан қимматга сотила бошлаган. Озодлик суҳбатлашган молиявий таҳлилчилар¸ бу кўтарилишнинг мавсумий жараëнлар билан боғлиқ экани¸ айни пайтда¸ доллaр нархининг энди жиддий ортга қайтмаслигини айтишди.

Ўзбекистондаги валюта қора бозори нархларини мунтазам ëритиб берувчи dollaruz.com сайтининг ëзишича¸ 14 ноябрь куни бир АҚШ долларининг сотиб олиш нархи 6980¸ сотилиш нархи эса¸ 7020 сўм миқдорида бўлган.

Айни куни Ўзбекистон Марказий банки бир АҚШ долларининг сўмга нисбатан расмий қурбини 3120.51 сўм қимматида белгилади.

Доллар нархининг ноябрь ойи ўрталарига келиб¸ 7000 сўмлик тўсиқдан ошганини шарҳлаган ўзбекистонлик мутахассислар¸ бу жараëннинг мавсумий характерда эканига эътибор қаратдилар:

- Ҳар йил охирида худди шу ҳолат кузатилади¸ яъни доллар қимматлайди. Бу эски касал. Янги йилгача кўтарилишда давом этади. Чунки йилнинг охири¸ савдогарлар янги йилга товар олишга ҳаракат қилади. Четдан мол олиб келадиганлар¸ хом-ашë импорт қиладиганларнинг ҳаммаси ҳозир долларга ëпишади¸ яъни кўпроқ сотиб олади. Талаб кучайгандан кейин¸ нарх ҳам кўтарилади. Тадбиркор ва ширкатлар янги йил олдидан ҳисоб-китобини тўғирлашга ҳаракат қилади¸ бу яна бир фактор. Буларнинг устига¸ Ўзбекистонда бензин нархи кўтарилгани¸ унинг ортидан нарх-наво кўтарилганини қўшиш керак бўлади. Қолаверса¸ бутун дунëда доллар кўтарилаяпти¸ жорий тенденция шунақа ҳозир. Трамп президент бўлишига¸ ҳамма жойда¸ хусусан¸ Россияда ҳам доллар нархи кўтарилди, дейди Озодлик суҳбатлашган тошкентлик банк ходими Тошбек.

14 ноябрь куни Ўзбекистонда доллар нархининг 7000 сўмлик янги кўрсаткичдан ошганини шарҳлаган республикa банкларидан яна бири мутахассиси ҳам бу кўтарилишнинг мавсумий жараëнлар билан боғлиқлиги ҳақидаги ҳамкасби мулоҳазаларини қувватлади:

- Бу мавсумий ўзгаришлар билан боғлиқ¸ ҳар йил бўладиган нарса. Асосий сабаб¸ товар заҳиралаш билан боғлиқ. Бундан жиддий хавотирга тушиш керак эмас¸ дейди бу мутахассис.

Озодлик суҳбатдошлари¸ ҳозирча Ўзбекистонда валюта алмашинувининг тўртта алоҳида нархи сақланиб қолаëтганига қарамай¸ муваққат президент Шавкат Мирзиëев “курс белгилаш бўйича бозор механизмларини қўллаш тизимини яратиш бўйича” топшириқ бергани ва бу жараëнлар кузатилаëтганини билдирди:

- 48/48 сонли қарор чиқди октябрь ойида – Марказий банк олдига бозор механизмлари бўйича ваюлюта алмашинув курсини шакллантириш қоидаларини таклиф қилиш бўйича топшириқ қўйилди. Уч ой ичида бу борадаги таклифлар ишлаб чиқилиши керак. Ҳозир шу иш кетаяпти. Бу топшириқни конвертацияни очиш режасининг аломатлари деб¸ талқин қилиш мумкин. Лекин бунга(очиқ конвертацияга – таҳр.) ҳали бор¸ ҳали жиддий таклифлар ишлаб чиқилгани йўқ¸ деди Ўзбекистондаги банклардан бири мутахассиси.

Мутахассислар¸ янги президент сайловлардан сўнг Ўзбекистонда валюта алмаштириш курсини унификация қилиш – яъни жорий тўртта нарх ўрнига¸ битта бозор нархини белгилашга қарор қилган тақдирда ҳам¸ доллар нархи кўтарилишда давом этажагини таъкидладилар.

Айни пайтда¸ конвертация очилишидан жиддий аломатлар кузатилмаëтган ҳозирги шароитда ҳам¸ Озодлик гаплашган молиявий таҳлилчилар фикрича¸ Ўзбекистонда доллар нархининг ортга қайтишига умид уйғотувчи жиддий сабаблар йўқ:

- Янги йилдан кейин бу тенденция истеъмол бозорида талабнинг пасайиши¸ савдо учун нисбатан ўлик мавсумнинг бошланиши билан бироз ортга қайтиши мумкин. Лекин умумий тенденция 7000 сўм атрофида бўлаверади¸ барибир. Кескин тушиш¸ долалр нархининг орқага қайтишини кутишга ҳеч қандай асос йўқ¸дейди Озодлик суҳбатлашган молиявий таҳлилчилардан яна бири.

Ўтган йилнинг айни шу янги йил олди мавсумида бир АҚШ доллари 6000 сўмлик тўсиқдан ошган¸ аммо бир муддат сўнгра¸ доллар нархи 5800-6000 атрофида муқимлашган эди.

Жорий йилнинг 23 октябрида Ўзбекистонда автобензин нархи қарийб 35 фоизга қимматлаши ортидан¸ бунгача 6650-6700 сўмга сотиб келинган АҚШ доллaри нархи бир кунда 6850 сўмга кўтарилган эди.

Ўзбекистон истеъмол бозорларидаги асосий маҳсулотлар хориждан¸ хусусан¸ Хитой ва Туркиядан олиб келиниши боис¸ доллар нархининг кўтарилиши автоматик тарзда бозордаги нарх-наво кўтарилишига олиб келади.

XS
SM
MD
LG