Озодлик ўтказган кичик суриштирув давомида аниқланишича¸ 7 мартдан бошлаб давлат томонидан белгиланган нархдан қиммат сотиш тақиқланган ижтимоий аҳамиятга эга импорт дорилар Тошкент шаҳри ва вилоят аптекаларидан бирин-кетин ғойиб бўлмоқда. Бу дориларни ўзи олганидан арзонга сотишни истамаган хусусий аптекалар¸ уларни пештахталардан олиб¸ “қўл”да сотишни йўлга қўя бошлаган.
Ҳаëт-мамотга айланган дорилар
Тошкентлик Фарҳод астма касалига чалинган ва унинг ҳаëт-мамоти хориждан келтириладиган сальбутамол сепма дорисига боғлиқ.
Фарҳоднинг Озодликка айтишича¸ у 19 март куни бу дорини қидириб¸ Тошкентдаги 30 га яқин аптекага кириб чиққан¸ аммо уларнинг ҳаммасида бир хил “йўқ” деган жавобни олган.
Бундай “йўқ”лар сабаби эса жуда жўн - сальбутамол - 7 мартдан бошлаб ҳукумат томонидан белгиланган нархда сотилиши шарт қилиб белгиланган 227 турдаги импорт доридан бири.
Ҳукумат қарори билан 7 мартгача барча аптекаларда 15-20 минг сўм атрофида сотиб келинган бу дорининг улгуржи нархи 8012 сўм қилиб белгиланди ва айни кундан бошлаб дорихона пештахталаридан ғойиб бўла бошлади.
“Бу дорини¸ асосан¸ хусусий компаниялар олиб кирган¸ аптекачилар оптовий базалардан олиб¸ сотиб келишган. Ҳукумат белгилаган нарх¸ долларнинг давлат курси бўйича ҳисобланган. Хусусий ширкатлар эса уни қора бозор курсида олиб кириб¸ қора бозор нархига мослаб сотаëтган эди. 8000 сўмга сотиш¸ уларни зарарга қўяди¸ шунинг учун хусусийлар уни секингина аптекалардан йиғиштириб олди. Ўзи 13 минг сўмга олган дорини ким 8 мингга сотади. Қимматга сотса¸ жазоси оғир¸ аптекаси бекилиб кетади. Шунга сальбутамол¸ яна бошқа бозор кўтармайдиган дориларни қўлга чиқариб юборишди”¸ дейди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда дори-дармон савдосига бевосита алоқадор тошкентлик тадбиркор.
Аптекама-аптека югуриб¸ нафаси қисиб¸ хириллаб қолган Фарҳод ҳаëтини ҳам¸ айтишича¸ ана шундай “қўлдаги дори” сақлаб қолган. Унинг ҳаëти хавф остида қолганини кўрган аптекачилардан бири “ўз одами”га телефон қилиб¸ тезда сальбутамол олиб келишни сўраган.
Чопар олиб келган сепма дорини Фарҳод сотувчидан кўчада 7 мартгача бўлган нарх – 18 минг сўмга сотиб олган.
“Бунақа вазиятда одам миллион бўлсаям беришга тайëр бўп қоларкан¸ пул жондан азизмаску ҳар қалай! Мен битта эмасман¸ яна қанчадан-қанча одам зириллаб аптекама-аптека чопиб¸ онасигами¸ боласигами импорт дори излаб юрипти. Нархларни белгилаган ҳукумат нимага унинг таъминотини эплолмаяпти?”¸ дейди Фарҳод.
Расмий изоҳ
20 март куни Озодлик бу саволга жавоб сўраб¸ мамлакат дорихоналарини нархи қатъий белгиланган ижтимоий аҳамиятга эга 227 турдаги импорт дори ва дори воситаси билан таъминлаш ваколати юклатилган ширкатлардан бири - “Дори-дармон” акциядорлик компанияси билан боғланди.
Ўзбекистонда расмий байрам куни бўлгани учун мутасадди расмийларнинг иш жойида эмаслигини билдирган “Дори-дармон” хизматчиси айрим импорт дориларнинг аптекалардан йўқолиб қолганини¸ вақтинча муаммо сифатида талқин қилишга уринди.
“Президент қарори кучга киргандан бери¸ “Дори-дармон” ширкати нархи белгиланган дориларнинг янги партиясини олиб киргани йўқ. Ҳозиргача фақат омборхонада бор дорилар тарқатилди¸ холос. Лекин бу бўйича янги контрактлар имзоланди¸ яқин орада 227 турдаги дори кела бошлайди. Шунда муаммо ҳал бўлиши керак”¸ деди Озодлик боғланган компания вакили.
Норасмий изоҳ
Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон дори-дармон бозорига бевосита алоқадор тадбиркор бундай изоҳни¸ “кучли оптимизм” деб баҳолади.
“Дори-дармон” президент қарори бўйича аптекаларни 227 турдаги дори-дармон воситаси билан узлуксиз таъминлаши керак. Уларда давлат курси бўйича конвертация қилиш ҳаққи бор ва ташқаридан бу дориларни улар олиб кирса¸ нисбатан арзонга тушиши аниқ. Лекин бутун мамлакатдаги 8000 дан ошиқ аптекани таъминлай олишига кўзим етмайди. Энди яна навбат ва норма тизими пайдо бўлиб¸ ҳар аптекага 2 тадан ë 10 дан тарқатишни йўлга қўйишса керак. Хусусий компаниялар бу дорини олиб келишни тўхтатади¸ чунки уни реализация қиладиган жой қолмади. Аптекалар белгиланган нархдан 100 сўм қимматга сотсаям¸ суд қилиб¸ жарима солиб ëпиб юбораяпти. “Дори-дармон” бутун мамлакатдаги эҳтиëжни қондиришига кўзим етмайди¸ шунга бу дорилар дефицити пайдо бўлади¸ деб ўйлайман”¸ дейди Озодлик суҳбатлашган тадбиркор.
Озодлик билан суҳбатда Тошкентдаги қатор аптекалар¸ қолаверса¸ Бухоро¸ Наманган ва Фарғонадаги марказий аптека ходималри нархи белгиланган ижтимоий импорт дорилар рўйхатидаги гепарин¸ бензонал каби дорилар йўқлигини 20 март куни тасдиқлашди.
Айни пайтда улар бу дориларнинг маҳаллий аналоглари борлиги¸ улар нархининг эса¸ импорт доридан икки баравар қимматлигини қўшимча қилишди.
1 январдан кейин ëпилаëтган аптекалар сони кескин кўпайди
Ўзбекистон муваққат президенти Шавкат Мирзиëев 2016 йилнинг 31 октябрида имзолаган "Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарор 1 январдан кучга кирди.
Бу қарор¸ унинг илк жумласига кўра¸ “aҳоли ва тиббиёт муассасаларининг арзон ва сифатли дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари билан таъминланганлик даражасини янада ошириш, уларнинг нархини белгилаш бўйича очиқ-ошкора механизмни жорий этиш, мамлакатимизда арзон ва сифатли препаратлар бўлишига қарамасдан ташхис қўйиш ва даволаш стандартларида кўзда тутилмаган ҳамда асосан қиммат импорт дори-дармон воситаларини тавсия этиш каби номақбул амалиётнинг олдини олиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик мақсадида” қабул қилинди.
Мазкур қарорда Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментига “дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларининг улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланувчи ташкилотлар улар нархининг давлат томонидан белгиланган тартибига риоя этиши устидан назоратни ташкил этиш ҳамда унинг бузилиши аниқланганда қонун ҳужжатларига мувофиқ чоралар кўриш учун тегишли материалларни, шу жумладан текшириш учун харид қилиш ва назорат остида олиш бўйича материалларни лицензияловчи органга киритиш; сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини муомалага чиқаришга қарши курашиш бўйича ишларни кучайтириш” вазифаси юклатилди.
Озодлик суҳбатлашган фарғоналик аптекачилардан бирига кўра¸ 1 январдан бери биргина Фарғонада 18 дорихона фаолияти¸ давлат белгилаган нархларда сотиш талабига амал қилмаганлик каби айбловлар билан суд қарори асосида тўхтатилган ва яна 40 та аптека устидан суриштирув жараëни бормоқда.
“Тошкент шаҳрида ëпилган аптекалар сони 60 тадан ошди. Бу жараëн давом этаяпти. Прокуратура ўз одамларини киритиб¸ рўйхатдаги дорини олдираяпти. Агар давлат белгилаган нархдан 200 сўм қимматга сотгани аниқлансаям¸ иш очиб¸ хўжалик судига ошираяпти. Аптекалар лицензияси бекор қилиниб¸ уларнинг уч йилгача бу соҳада ишлаши тақиқланаяпти”¸ дейди Озодлик суҳбатлашган аптекачилардан бири.
Озодлик ихтиëрида ҳозирча Ўзбекистон бўйлаб президентнинг 31 октябрь кунги қарори ижроси жараëнида ëпилган аптекалар сонига оид аниқ маълумот йўқ.