Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:49

Дронлар уруши. Украина қўллаётган ўзиучар аппаратлар Россияникидан яхшими?


Дронлар бугунги кунда урушнинг ажралмас қисмига айланган. Украинадаги урушда ҳам улар иккала томонда фаол қўлланмоқда. Ўзиучар аппаратлар бошида нишонларга мустақил зарба берарди, аммо вақт ўтиши билан ҲҲМ тизимлари уларни тез-тез уриб туширадиган бўлди, шу боис йирик дронлар ҳозирда душман позицияларига яқинлашмай, чеккароқдан кузатув олиб бормоқда.

Atlas Aerospace ширкати энг замонавий дронлар ишлаб чиқаради. Бу дронлар қутқарув хизматлари томонидан одамларни қидириб топишда ёки ҳарбий мақсадларда қўлланади. Atlas Aerospace ўзиучар аппаратлари Украина Қуролли кучларида ҳам бор. Уларнинг энг технологик мураккаб қисми – душман нишонларини автоматик тартибда қайд этувчи камерадир.

“Улар тасвирни ерга – НАТО қўмондонлик пунктига ҳам узатади ва тасвир харитага туширилади. Ҳозир Украинада ҳам шунақа қўмондонлик марказлари ташкил қилинган. Дрон тасвирлари жараённи жуда тезлаштиради, чунки нишон қаердалигини, унинг координатларини дарров биласиз, натижада артиллерия зарбалари аниқ ва тез йўналтирилади”, дейди Atlas Aerospace директори Иван Толчинский.

Россия қўллаётган дронларда бунақа технология йўқ. Украина разведкаси маълумотига кўра, УҚК Россиянинг 700 дан ортиқ ўзиучар аппаратларини уриб туширган. Улар орасида бир қанча “Орлан 10” дронлари бор эди. “Орлан” – Исроил фойдаланмай қўйганига 15 йил бўлган эски русумдаги ўзиучар аппарат негизида ишлаб чиқарилган.

“Россия армияси эски техникалардан фойдаланиши янги технологияларни кенг кўламда қўллаш имкониятини йўққа чиқаради. Янги техника, масалан, М-777 гаубицаларини оладиган бўлсак, у дронлар билан ягона комплекс ҳосил қилади. Яъни, маълумотни қабул қилиш ва у билан ишлаш тизими ўт очишни бошқариш, нишонга олиш ва зарба бериш тизими билан уйғун бўлиши керак”, дейди украиналик ҳарбий эксперт Сергей Грабский.

Замонавий дрон камераси халтачага бемалол сиғади, аппаратнинг ўзини бир киши бошқариши мумкин. Дрон нишонни қайд этади ва унинг координатларини қўмондонлик пунктига йўллайди, бир неча дақиқадан сўнг эса замбараклар аниқ координатларга қарата ўт очади. Россия армияси дронлари бунчалик мукаммал эмас.

“Камералар сенга зарур маълумотларни бера олмагач, артиллерия зарбаларини аниқ йўналтириш осон эмас. Агар камера артиллерия жанглари учун махсус ишлаб чиқилган бўлса, у сизга маълумотни шунга мос шаклда етказиб беради. Иккинчидан, Россия дронларида тасвир сифати анча паст, чунки уларда 90-йиллар охири – 2000-йиллар бошида чиққан эски сенсор ва чиплардан фойдаланилган”, дея изоҳ беради Atlas Aerospace ширкати директори Иван Толчинский.

Украин армияси айғоқчи дронлардан ташқари, зарбдор – душман нишонларига қарата ўзи мустақил ота оладиган аппаратларни ҳам қўлламоқда. Халқаро ҳарбий экспертлар Украина жануби ва шарқида бўлаётган жангларни артиллерия уруши деб атайдилар. Артиллерия самарали ишлаши учун эса унинг зарбаларини дронлар орқали йўналтириш лозим.

“Бу жуда муҳим омил. Чунки дронлар нишон координатларини аниқ билиш имконини беради. Агарда координатлар аниқ қайд этилса, артиллерия қурилмалари нишонга албатта тегади. Қолаверса, Украинага келтирилаётган артиллерия қуроллари ҳам ўта аниқлиги билан ажралиб туради. HIMARS’лар ҳам, MLRS’лар ҳам, бошқа қувурли артиллерия ҳам ниҳоятда аниқ ишлайди”, деди украин ҳарби эксперти Юрий Фёдоров.

Россия ва Украина армиялари ўртасида технологик айирма борган сари кенгаймоқда. Россияликлар ҳарбий дронлар сотиб олиш учун Эрон билан топишишга уринар экан, Украина Қуролли кучлари Ғарб хусусий ширкатларининг энг янги технологиялар асосида ишлаб чиқарилган ўзиучар аппаратларини харид қилмоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG