Линклар

Шошилинч хабар
21 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:04

АЭСдан қайси мамлакатлар, нега ва қандай қилиб воз кечган?


Бугунги кунда 50 дан ортиқ мамлакат АЭСдан фойдаланади. 400 дан зиёд ядро реактори дунёдаги барча энергиянинг қарийб 9 фоизини беради. Бироқ ҳеч қачон АЭС қуриш ҳақида ўйламаган мамлакатлар ҳам бор. Ўйлаган бўлса ҳам, кейин барибир қурмасликка қарор қилган. Шунингдек, ишлаб турган станцияларни ёпган мамлакатлар ҳам топилади. Хўш, уларни нима бундай қилишга ундаган?

Озодлик қозоқ хизматининг ёзишича, биринчи сабаб - авариялар. Техноген фалокатлар алоҳида одамларни ҳам, бутун бошли мамлакатларни ҳам АЭСга қарши қилиб қўйган.

Сўнгги 60 йилда учта йирик авария юз берди. Биринчиси – 1979 йилда АҚШдаги Три-Майл-Айленд атом электр станциясида бўлган. Нотўғри техник хизмат кўрсатилиши оқибатида актив зона қизиб кетиб, эрийдиган ҳолга келади. Операторлар эса индикаторлар ёниб турганини кўрмайдилар, чунки огоҳлантирувчи чироқларни бегона буюмлар тўсиб қўйган эди. Қай бир лаҳзада авария совитиш тизими автоматик тартибда ишга тушади. Шу тариқа, қандайдир мўъжиза билан ҳалокатнинг олди олинади.

Етти йил ўтиб Чернобил АЭС портлайди. Радиоактив булут бир неча мамлакатга тарқалади. Станция теварагидаги 30 километрлик ҳудуд яшаш учун яроқсиз ҳолга келади. Авария сабаблари ҳанузгача аниқ эмас. Совет даврида АЭС ходимлари айбдор қилинганди. 90-йилларда эса ҳалокатга реактор конструкциясидаги камчиликлар сабаб бўлган, деган тахмин илгари сурилди.

1986 йил августи. Украина ССР, Киев вилояти. Чернобил АЭСдаги авариядан сўнг 4-реактор устида қурилган ҳимоя иншооти.
1986 йил августи. Украина ССР, Киев вилояти. Чернобил АЭСдаги авариядан сўнг 4-реактор устида қурилган ҳимоя иншооти.

2011 йилда Япониянинг Фукусима-1 атом станциясида авария содир бўлди. Асосий сабаб – кучли зилзила ва цунами. Бундан ташқари, техник камчилик ва қусурлар ҳам бўлгани айтилади. Ер бир неча бор қаттиқ силкиниши натижасида станцияда ток ўчиб, авария совитиш тизими ишдан чиқади. 3 та реакторда ёқилғи эриши юз беради. Кейинроқ комиссия станция бу қадар йирик кўламли фавқулодда ҳолатга тайёр бўлмаган, деб хулоса берди. АЭС ҳудудида ҳалокат оқибатларини бартараф этиш ҳануз давом этмоқда.

Бу аварияларнинг ҳар бири дунёни даҳшатга солиб, АЭСлардан воз кечиш бошланиб кетди. Масалан, АҚШдаги воқеадан сўнг мамлакатда ўнлаб реакторлар 4 йилга ўчириб қўйилди. Лекин Штатлар ядровий энергиядан буткул воз кечгани йўқ. Бугунги кунда АҚШда АЭСлар жами энергиянинг тахминан бешдан бир қисмини бермоқда.

Чернобил фожиасидан кейин Италия атом станцияларидан бутунлай воз кечди. Мамлакатда 4 та станция ишлаб турганди. 1987 йилда масала референдумга қўйилганида одамлар ядровий энергетикага қарши овоз беришди. 1990 йилга келиб Италия тўртала АЭСни ёпиб, утиллаштиришни бошлади – жараён ҳали давом этмоқда.

2000-йиллар бошида бош вазир Берлускони бошлиқ ҳукумат атом энергиясига қайтиш ғоясини илгари суриб, 10 та реактор қуришни таклиф қилди. Аммо Фукусимадаги авария бу режаларга нуқта қўйди. Италияда дастлаб бир йиллик мораторий жорий қилинди, сўнг яна референдум ўтказилди. Аҳолининг катта қисми АЭСларни тўлиқ тақиқлашни ёқлаб чиқди. Ҳозирда Италияда асосий энергия манбаи четдан импорт қилинадиган газ бўлиб, унинг улуши 45 фоизни ташкил қилади, яна қарийб 35 фоиз энергия шамол станцияларидан олинади.

Австрияда биринчи АЭС 70-йилларда Дунай дарёси бўйида қурила бошланган эди. Бир пайтнинг ўзида аксилядровий ҳаракат ҳам пайдо бўлди. Бу ҳаракат дастлаб анчайин заиф эди. 1976 йилда АЭС битай деб қолганида, ҳукумат атом энергетикаси фойдасига ахборот кампаниясини бошлади. Аммо бу кутилмаганда акс таъсир қилди – австрияликлар орасида аксилядровий кайфият кучая бошлади. Мамлакат ядровий чиқиндиларни ўз ҳудудида сақлаши маълум бўлганида эса норозилик авж нуқтасига етиб, лойиҳага қарши намойишлар бутун Австрияни қамраб олди. АЭС ОАВларнинг ҳам асосий мавзусига айланди.

78 йилда станция битгач, ҳукумат барча шубҳаларни бартараф этиш мақсадида масалани референдумга қўйди. Канцлер аҳоли лойиҳани албатта қўллаб-қувватлайди, дея ишонч билдирди.

"Фукусима-1" АЭС. Япония. 24 март, 2011 йил
"Фукусима-1" АЭС. Япония. 24 март, 2011 йил

1978 йил 5 ноябр куни ўтказилган референдумда аксилядровий ҳаракат озгина фарқ билан ғалаба қозонди – 50,5 фоизга қарши 49,5 фоиз. Бир неча ойдан кейин эса АҚШнинг Три-Майл-Айленд атом станциясида авария содир бўлди.

Ўшандан кейин Австрияда тижорат атом станциялари қурилишини тақиқловчи қонун қабул қилинди. Цветендорф атом станцияси эса қисман демонтаж қилиниб, ҳозирда ўқитиш маркази сифатида фойдаланилади ва филмлар суратга олиш ва турли маросимлар ўтказиш учун ижарага берилади. АЭС ичида музей ҳам бор.

Австрия жамиятида аксилядровий кайфият ҳамон кучли. Австриядаги намойишлардан сўнг қўшни Словакия у билан умумий чегараси яқинидаги Моховце АЭС лойиҳасини кўп йиллар музлатиб қўйишга мажбур бўлган эди. 2022 йилда эса Австрия Европа иттифоқининг атом энергиясини “тоза энергия” деб тан олиш қарори устидан судга шикоят беради.

“У на яшил, на барқарор энергия. Шу боис биз ЕИ қарори устидан шикоят бердик”, деган эди ўшанда Австрия экология вазири.

Литва ҳам атом энергетикасидан воз кечиб, совет даврида қурилган Игналина АЭСни ёпиб қўйган. Станция Литванинг электрга эҳтиёжини тўлиқ қондирар ва ҳатто бир оз экспорт қилишга ҳам имкон берарди. Дарвоқе, Игналинада ишлатилган ёқилғидан ажратиб олинган плутоний совет ҳарбий саноатида қўлланган.

Игналина АЭСнинг хавфсизлиги масаласи Евроиттифоқда саволлар туғдирди, чунки у конструктив жиҳатдан Чернобил АЭСга ўхшаш эди. Станцияни ёпиш Литванинг ЕИга кириши шартларидан бири бўлган. 2009 йилда мамлакат иккала реакторни ҳам ёпди. Режага кўра, 2038 йилгача станция тўлиқ демонтаж қилинади.

Игналина АЭС ёпилгач Литванинг ўз энергия манбалари қолмай, мамлакат импорт газга қарам бўлиб қолди, бу эса тарифлар кескин ошишига олиб келди. Аммо кейинги йилларда ҳукумат шамол ва қуёш энергиясини, биоёқилғи технологияларини ривожлантириб, газга тобеликдан бирмунча қутулди. Бугунги кунда энергиянинг қарийб учдан бири “яшил” манбалардан олинади.

Ҳолбуки, Литва Игналина АЭС ёпилишидан бурун янги станциялар қуриш масаласини ўрганаётганди. 2012 йилда масала бўйича референдум ташкил қилинди. Аммо ғоя маъқулланмади – 63 фоиз сайловчи қарши овоз берди.

80-йиллар ўрталарида Куба СССР ёрдами билан АЭС қуришни бошлаган эди. Иттифоқ парчаланганидан сўнг лойиҳа тўхтаб қолди. Бунга АҚШнинг Кубага қарши эмбаргоси ҳам сабаб бўлди. 2000-йилларда Россия президенти Владимир Путин Куба раҳбари Фидел Кастрога станция қурилишини охирига етказишни таклиф қилади, аммо орол ҳукумати “Куба АЭСдан ортиқ манфаатдор эмас”, деб жавоб беради.

Исроил – АЭС ҳеч қачон бўлмаган кам сонли мамлакатлардан бири. Ушбу мавзу вақти-вақти билан кун тартибига чиқса-да, жиддий муҳокама қилинмайди.

OzodNazar: “Ўзатом” “Росатом” билан АЭС бўйича шартнома имзолади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:51:07 0:00

Бошқа тарафдан, Исроил станция қуришга қарор қилган тақдирда ҳам ядровий технологиялар етказиб берувчилар билан келиша олиши қийин бўлади. Чунки мамлакат Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартномани имзоламаган. Исроилда асосий энергия манбаи – бу газ: 2009 йилда у ерда катта газ кони топилган.

Австралия 1998 йилда АЭСларни бутунлай тақиқлаган. Янги Зеландияда тақиқ йўқ, лекин станцияга эҳтиёж ҳам йўқ. Ушбу мамлакатларда бошқа энергия ресурслари етарли.

Грецияда ҳам тижорий ядро қувватлари мавжуд эмас. Уч йил муқаддам мамлакат бош вазири “ер силкиниши хавфи юқори бўлгани сабабли ҳеч қачон АЭС қурмаймиз” дея баёнот берган эди. Дарҳақиқат, Грециянинг бутун ҳудуди сейсмик фаол зонада жойлашган.

Португалияда ҳам тижорий реакторлар йўқ. Ярим аср муқаддам мамлакатда АЭС қуриш ҳақида гапирила бошланган эди, аммо тезда нуфузли кучга айланган аксилядровий ҳаракат АЭС тарафдорларининг унини ўчирди. 2000-йилларда ҳукумат тепасига ҳозирда БМТ бош котиби бўлмиш Антонио Гутерриш келгач мамлакат янгиланадиган манбаларни ривожлантиришга қарор қилди. Ҳозирда Португалия 95 фоиз энергияни “яшил” манбалардан олади.

Данияда АЭС ғояси 70-йиллар, нефт инқирози манзарасида пайдо бўлган эди. Бир пайтнинг ўзида кучли аксилядровий ҳаракат ҳам вужудга келди. Унинг аъзолари “Ядровий энергия? Раҳмат, керак эмас” деб ёзилган рамзни ўйлаб топишди. Ушбу рамз ҳанузгача бошқа мамлакатларда ҳам қўлланади. 1985 йилда Данияда АЭСларни тақиқлаш тўғрисида қонун қабул қилинди. 54 фоиз энергия шамол станцияларидан олинмоқда. Сўнгги йилларда атмосферага иссиқхона газлари чиқишини камайтириш мавзуси долзарблашиб, АЭС қуриш зарурати ҳақида яна баҳслар бошланди. Бироқ тақиқ ҳали бери бекор қилинадиганга ўхшамайди.

Тарих шуни кўрсатмоқдаки, инсониятнинг ядровий фожиалар ҳақидаги хотиралари хиралашиб, прагматик режалар биринчи ўринга чиқса, дунёда АЭСга қизиқиш пайдо бўлар экан.

Россиянинг Ўзбекистондаги махфий АЭС лойиҳаси
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:36:03 0:00

Муқаддам мавжуд АЭСлардан воз кечиши ёки лоақал янгиларини қурмаслиги ҳақида жар солган бир неча давлат сўнгги йилларда ўз сиёсатини ўзгартирди. Жаҳон бўйича ҳозирда 16 мамлакатда 60 га яқин янги реактор қурилмоқда. Аксар ҳолларда бу ишлар иқлим ўзгаришига қарши кураш йўлида қилинаётгани айтилади (АЭСдан иссиқхона газлари деярли чиқмайди). Охирги икки йилда Украинадаги уруш ҳам қўшимча сабаб бўлди. Яъни, Ғарб мамлакатлари Россия углеводородларига қарамликни камайтириш учун муқобил манбалар қидиришга мажбур бўлаётир. Тақдир ҳазилини қарангки, дунёдаги янги реакторларнинг қарийб учдан бирини Россия давлат ширкати – Росатом қурмоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG