Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:41

"АҚШ демократиясига қилинган ҳужум": Дунё Конгрессдаги зўравонликларга муносабат билдирмоқда


Трамп тарафдорларининг Капитолийдаги зўравон намойишлари - Вашингтон, 6 январь, 2021
Трамп тарафдорларининг Капитолийдаги зўравон намойишлари - Вашингтон, 6 январь, 2021

6 январь куни Вашингтонда АҚШнинг замонавий тарихида мисли кўрилмаган ҳодиса содир бўлди: сайловда мағлуб бўлган президент Дональд Трамп тарафдорлари Капитолий ташқарисида полиция чизиғини ёриб ўтди. Бу пайтда Конгресс янги сайланган президент Жо Байден ғалабасини расман тасдиқлаётган эди. Зўравон оломон Капитолийга бостириб кириши ортидан сенатор ва конгрессменлар эвакуация қилинди.

Сиёсий тартибсизликларни бошдан кечирган мамлакатлардаги миллионлаб одам учун Вашингтонда содир бўлган воқеалар таниш манзара эди: оломон қонун чиқарувчи ҳокимият биносига бостириб кирди ва полиция билан тўқнашди.

Вашингтон полицияси тартибсизликларда иштирок этган тўрт киши «тез тиббий ёрдам кўрсатиш» жараёнида ўлгани ва 52 киши қамоққа олинганини билдирди.

Жаҳон давлатлари лидерлари президент Трамп тарафдорлари АҚШ Конгрессига бостириб киргани ва тартибсизлик уюштирганини қоралади.

Британия бош вазири Борис Жонсон Twitterда «АҚШ Конгрессида шармандали манзара. Қўшма Штатлар бутун дунёда демократияни қўллаб-қувватлайди. Ҳозир ҳокимият тинч ва тартибли равишда ўтказиб берилиши жуда муҳим», деб ёзди.

Вашингтоннинг Россиядаги инсон ҳуқуқлари, демократия ва қонун устуворлиги аҳволи борасидаги танқидларини менсимай келаётган Россия дипломатлари эса бошқача муносабат изҳор қилди.

Россия ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова АҚШ журналистининг «Америка Қўшма Штатлари бундан буён жаҳонга демократия намунаси эканини иддао қила олмайди», деган сўзларини иқтибос сифатида келтирди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги Россия элчисининг биринчи ўринбосари Дмитрий Полянский эса Вашингтондаги манзараларни «Майдон услубида» деб атади. Полянский бу билан 2014 йилда Украинанинг Москвага дўстона президенти Виктор Януковични ҳокимиятдан ағдарган халқ қўзғолонини назарда тутди.

Полянскийнинг ушбу твитини Россия Ташқи ишлар вазирлиги қайта улашди.

Украина ташқи ишлар вазири Димитро Кулеба эса Ғарб расмийларининг фикрларига ҳамоҳанг тарзда Вашингтонда қонун устуворлиги ва демократик тамойиллар тикланиши кераклигини айти.

«Бу нафақат АҚШ учун, балки Украина ва бутун демократик дунё учун ҳам муҳимдир», деб ёзди сиёсатчи Twitterда.

Ҳатто Словениянинг Трампни қўллаб-қувватлаб келган бош вазири Янез Янша ҳам Вашингтонда содир бўлган ҳодисаларни қоралади ва «Вашингтондаги зўравонликлар ҳаммани қаттиқ ташвишлантириши керак», дея твит қилди.

Германия ташқи ишлар вазири Хайко Маас Трамп тарафдорларини «демократик қадриятларни оёқости қилишни бас қилишга» чорлади.

Европа Иттифоқи ташқи ишлар мутасаддиси Жозеп Боррель эса Вашингтондаги ҳодисаларни «АҚШ демократиясига қилинган ҳужум» деб атади.

«Дунё назарида бу кеча Америка демократияси қамал остида қолгандек кўриняпти», деб ёзди Боррель Twitter платформасида.

«Бу Америка эмас. 3 ноябрдаги сайлов натижаларига тўлиқ амал қилиниши керак», дея қўшимча қилди у.

XS
SM
MD
LG