Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:36

Эрон олий раҳбари ҳижобни жинсий тажовуздан сақловчи восита деб атади


Теҳронлик аёллар. 2018 йил, 7 февралда олинган сурат.
Теҳронлик аёллар. 2018 йил, 7 февралда олинган сурат.

Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хаменеи жамиятда жинсий тенглик ўрнатиш аёлларга қарши камситувчи қонунлар қўлланишига сабаб бўлади, деб ҳисоблайди.

У#МенҲам (#MeToo) глобал ҳаракатининг бир йиллиги муносабати билан фикр билдирар экан, қатъий исломий кийим аёллар Ғарбда дуч келаётган муаммоларга ечим эканини айтди.

Айни фикр Эронда аёллар ва уларни ҳимоя қилиб чиққан ҳуқуқшуносларнинг мамлакатдаги кийиниш тартибига қарши очиқча норозилик билдиргани учун жазолангани танқид қилинаётгани ортидан янгради. Жорий ҳафтада балоғат ёшига етмай туриб эрга берилган жувонга ўлим жазоси берилгани ҳам танқид қилинмоқда. У кўп йиллик оилавий зўравонлик жонига теккани учун эрини пичоқлаб ўлдирган эди.

“Бу Ғарб аёлларига нисбатан сон-саноқсиз тажовуз, жумладан, #MeToo кампаниясига сабаб бўлган нохуш воқеалар ва уларни ҳал этиш учун исломнинг таклифидир”, ‒ деди Хаменеи Твиттерда ва видеотасвирда.

Ўша видеода у ғарблик аёллар жинсий зўравонлик ёки шафқатсиз муносабатни бошидан кечиргани ҳақида фикр билдиради ва бундай зўравонликни қоралайди.

Видеода Хаменеининг март ойида қилган маърузасидан парчалар ҳам келтирилади. Ўша нутқида у исломий ҳижоб аёлларга тегажоғлик қилиш ва зўравонликнинг олдини олишини иддао қилган эди.

‒ Эшитган бўлсангиз керак, бир неча ой олдин бир қанча ғарблик аёл сиёсатчилар бирин-кетин давлат идораларида ишлаган кезлар зўравонлик ёки шилқимликдан жабр кўрганини билдирди, ‒ дейди Хаменеи ўша видеода. ‒ Ислом дини ҳижобни жорий қилиш билан бундай қонунбузарликлар йўлини тўсди... Ислом ҳижоб ёрдамида бунга имкон бермайди.

Видеода Хаменеининг аёллар ва ҳижоб ҳақидаги баёнотлари ҳам эълон қилинди. Эрон раҳбарига кўра, ҳижоб аёлларга “иммунитет” беради ва уларнинг “ қадр-қиммати ва ҳурмати”ни оширади.

Раисини Хаменеи тайинлаган Эрон суди 24 яшар жувонни ўлимга ҳукм қилди. Инсон ҳақларини ҳимоя қилувчи Amnesty International ташкилотига кўра, жувон 15 ёшида эрга теккандан сўнг оиладаги зўравонлик ва жинсий тажовуздан жабр тортиб келган.

Ўтган йил охири ва жорий йил бошида ҳижобни мажбурий ўрашга қарши ўнлаб аёллар омма кўз ўнгида мисли кўрилмаган норозиликлар билдирди. Баъзилари ҳибсга олиниб, қамоққа ташланди.

Эрон ҳукумати инсон ҳақлари бўйича етакчи адвокат Насрин Сўтудани ҳам қамоққа ташлади. У ҳижобни мажбурий ўрашга қарши норозилик белгиси сифатида рўмолини ечган айрим аёлларни ҳимоя қилиб чиққан эди.

Жорий йил бошида жамоатчилик ғазабини қўзғатган ночор иқтисодий шароит билан бошқа норозиликлар ҳам Эронни ларзага солди ҳамда 1979 йилги инқилобдан бери мажбурий бўлиб келган ҳижоб ўрашга оид баҳсларни қайта қўзғади.

XS
SM
MD
LG