Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:31

Эронда 17 ёшли келиннинг боши танасидан жудо қилингани мамлакатни ларзага келтирди


Боши танасидан жудо қилинган 17 яшар Мона Ҳайдарий.
Боши танасидан жудо қилинган 17 яшар Мона Ҳайдарий.

Сажжод Ҳайдарий ўзининг 17 ёшли рафиқаси Мона Ҳайдарийнинг бошини танасидан жудо қилганидан сўнг, номусли эркак эканини исботлаш мақсадида марҳумнинг бошини Хузистон вилояти Аҳвоз шаҳри кўчаларида кўз-кўз қилди. Сажжод танасидан узилган бошни жилмайиб қўлида ушлаб тургани акс этган даҳшатли сурат интернетда улашилди.

5 февраль куни жамоатчилик хабар топган қотиллик Эронда тез-тез содир бўлиб турадиган навбатдаги “номус қотиллиги”дир. Номус қотилликлари асосан аёлларнинг эркак қариндошлари томонидан амалга оширилади. Бу ваҳшийликка ҳар қандай ахлоқий камчиликлар, жумладан, уйдан қочиш, зино қилиш, ажрашиш ниятини изҳор қилиш ёки ҳатто оиланинг обрўсига путур етказиш каби асоссиз айбловлар туртки бўлиши мумкин.

Аҳвоз шаҳрида содир этилган қотиллик эронликларни даҳшатга солди ва аёлларга нисбатан кенг тарқалган зўравонлик ва қонуний ҳимоя йўқлиги ҳақидаги баҳсларни янгидан алангалатди.

Хабарларга кўра, Мона Ҳайдарий ўлдирилишидан бир неча ой олдин интернетда танишган суриялик эркак билан яшаш учун Туркияга қочиб кетган. 3 ёшли ўғил фарзандга эга ёш она қариндошлари уйга қайтса, хавфсиз бўлишини ваъда қилиши ортидан ватанига қайтиб борганидан бир неча кун ўтиб ўлдирилган.

Хабар қилинишича, унинг эри ва жиноятни содир этишга ёрдам бергани айтилаётган акаси айни дамда ҳибсда сақланмоқда.

Хабарларда айтилишича, Мона Ҳайдарий 13 ёшида ўз амакиваччасига мажбуран турмушга узатилган ва 14 ёшида ўғил кўрган. Эрон матбуоти хабарларига кўра, Ҳайдарий эрининг зўравонликларига чидаб келаётган бўлган. Бундан ташқари, эри унинг ажрашиш таклифини қабул қилмаган.

Эронда кўпчилик исломий қонунчилик тизимини, шунингдек, мамлакатнинг патриархал маданияти ва урф-одатларини бундай қотилликларга йўл қўйиладиган муҳитни яратишда айбламоқда.

Бундан бир йил олдин Эрон шимолида 14 ёшли Ромина Ашрафий ўз отаси томонидан ваҳшийларча ўлдирилган эди. Қотил 8 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Хабарларга кўра, фарзандкуш ота қизининг танасини бошидан жудо қилишдан олдин қизини қандай жазолаши мумкинлиги ҳақида ҳуқуқшунос билан маслаҳатлашган.

АҚШда фаолият юритувчи социолог Ҳусайн Ғозиён Озодлик радиосига Эронда кўпчилик эркак ўз оиласидаги аёлларни ўз мулки деб билишини айтади.

“Эркаклар аёлларнинг идроки ва танасига эгалик қилади. Улар чизиқ тортиб, аёлларнинг шаънини ҳимоя қилишни жамият олдидаги бурчлари деб билишади”, дейди Ғозиён.

“Агар улар муваффақиятсизликка учрасалар, номусларини исботлашим керак, деб ўйлайдилар ва [кўпинча] буни танаси булғанган аёлларни ўлдириш орқали амалга оширадилар”.

“Қонун йўқ”

Аёл депутат Илҳом Озод Эронда аёлларни зўравонликдан ҳимоя қилиш учун “ижроия кафолати бўлган қонун йўқ” эканлигини таъкидлади.

У “Аёлларни зўравонликдан ҳимоя қилиш, қадр-қимматини ва хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қабул қилинишига ҳамда келажакда бундай даҳшатли жиноятларнинг олдини олишига умид изҳор қилди.

2021 йилнинг январида ўша пайтдаги президент Ҳасан Руҳоний ҳукумати томонидан қабул қилинган, эндиликда парламент томонидан қабул қилиниши кутаётган қонун лойиҳаси аёлларга нисбатан зўравонлик, жумладан, аёлларга “жисмоний ёки руҳий зарар етказувчи” ҳаракатлар ёки хатти-ҳаракатлар учун жиноий жавобгарликни белгилайди.

“Human Rights Watch” (HRW) ташкилотига кўра, таклиф этилаётган қонун лойиҳасида “қатор ижобий моддалар” бўлишига қарамай, у халқаро стандартларга мос келмайди.

Эроннинг аёллар ва оила масалалари бўйича вице-президенти Анисеҳ Ҳазалий “Twitter”да Мона Ҳайдарийнинг қотиллиги ортидан қонун лойиҳаси парламент кун тартибида юқори ўринга қўйилгани ҳақида ёзди. Унинг сўзларига кўра, қонун лойиҳасидаги айрим “камчиликлар” бартараф этилган.

Ҳазалий, шунингдек, адлия тизими Сажжод Ҳайдарий ва унинг шеригига нисбатан энг оғир жазони тайинлашини айтди, аммо бошқа тафсилотларни келтирмади.

“Ҳеч қандай натижага эришмадик”

Ашрафийнинг шов-шувли ишини олиб борган ҳуқуқшунос Иброҳим Ғадам ўша пайтда судда қилган чиқишида Эрон қонунлари бундай қотилликлар олдини ололмаслигини айтганди.

Ғадам Ашрафийнинг отаси ёш болани ўлдиргани учун олиши мумкин бўлган энг оғир жазога ҳукм қилинмаганини таъкидлади. Қотил қизчанинг маҳрами бўлгани учун “қасос” қонунидан, яъни ўлим жазосидан озод қилинган.

Шунингдек, Ғадам суд қўшимча жазо ўлароқ қотилни мамлакат ичида сургун қилишдан бош тортганини урғулади. Эрон қонунчилигига биноан, ички сургун қўшимча жазо ўлароқ қўлланилиши мумкин.

“Роминанинг онаси ўз хавфсизлигидан қаттиқ қўрққан бўлишига қарамай... хавотирларини судда кўп марта изҳор қилган бўлса-да, биз ҳеч қандай натижага эришмадик. Нега? Чунки қонунчиликда бу соҳада муаммолар бор”, деди Ғадам.

Шунингдек, у аёл қариндошларини ўлдирганларга енгил жазо тайинланиши бундай қотилликлар такрорланишига йўл очишни айтди.

“Улар бу ишни ва шафқатсиз қотилликни [бошқаларга ўрнак бўлиши учун] тегишли равишда кўриб чиқишмаганига гувоҳ бўлдик. Натижада икки йил ўтмай яна бир фожиали воқеага, яна бир ўлимга гувоҳ бўлиб турибмиз”, - деди у.

Қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган “Эронда инсон ҳуқуқлари маркази”нинг ижрочи директори Ҳади Ғаймий Ҳайдарий ўлими учун Эрон ҳукумати унинг қотиллари каби масъул эканини таъкидлади.

“Агар Эрон ҳукумати ёш болаларни никоҳ қилиш каби шафқатсиз амалиётга қарши ҳамда оиладаги зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича қонунларни қабул қилганида эди, боши кесилган келин бугун тирик бўлиши мумкин эди”, деби ёзди у Twitterда.

Эронда номус қотилликлари ҳақида ишончли статистик маълумот йўқ. Бундай ҳолатлар ҳақида кўпинча жамоатчилик хабар топмайди ва улар одатда босди-босди қилинади.

Ижтимоий фаол Атефеҳ Баравиеҳ ўтган ой “Андишаий Пуя” маҳаллий нашрига берган интервьюсида сўнгги икки йил ичида Хузистон вилоятида 60 нафар аёл “номус қотиллиги” қурбони бўлганини, жиноятчиларнинг бирортаси ҳам жавобгарликка тортилмагани ва марҳумларнинг оила аъзолари судга даъво қилишмаганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, бундан қотилликларнинг ҳақиқий сони аслида анча юқори бўлиши мумкин.

XS
SM
MD
LG