Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:35

Самарқандда эшакларнинг сирли кушхонаси ва гўристони йўқ қилинди


Самарқанддаги эшаклар гўристони
Самарқанддаги эшаклар гўристони

Самарқанд туманининг Хишрав посёлкаси яқинидаги кўл бўйидан топилган юзлаб эшак суяги ва бир неча жасади бир жойга йиғилиб ёқиб юборилди ва кўмиб ташланди.​ Самарқанд тумани ички ишлар бўлими терговчилари йил давомида бу жойда эшаклар нима учун сўйилгани ва уларнинг гўшти қаерда ишлатилганини тергов қилмоқда.

Бу ҳақда ўзининг http://rtoshpulat.blogspot.cz/ сайтида ёзган самарқандлик журналист Тошпўлат Раҳматуллаевнинг Озодликка айтишича, унинг сирли эшаклар гўристони(қиронқора) ҳақидаги мақоласи чоп бўлганидан сўнг, маҳаллий ҳокимият зудлик билан чора кўрган:

- Мақола 6 декабрь куни чоп бўлган эди. 7 декабрь куни тузилган ишчи гуруҳ ўша жойга борган. 8 декабрь куни вилоят ҳокими мажлис чақириб, бу ишда айбдорларни топиш, жазолаш ва ўша жойни йўқ қилиш ҳақида кўрсатма берган. Шундан сўнг, тегишли ташкилотлар вакилларидан 50-60 одам бориб, эшакларнинг барча суякларини йиғиб ва кўлдаги эшаклар жасадларини судраб чиқиб, тўрт метр чуқурликда ёқиб юборишган ва дезинфекциялаб кўмиб ташлашган, деди журналист.

Эшаклар суяклари ёқилмоқда
Эшаклар суяклари ёқилмоқда

Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармасининг исми сир қолишини сўраган мулозими ҳозирча мазкур воқеа юзасидан маъмурий иш қўзғатилгани, ушбу ҳаракатларни содир этган гумонланувчилар сўроқ қилинаётганини Озодликка айтди:

- Ҳозирча бошқа ҳеч нарса дея олмайман. Натижалар яқин кунларда эълон қилинади, кутинглар, деди ички ишлар мулозими.

Эшаклар суяклари ёқилмоқда
Эшаклар суяклари ёқилмоқда

Блогер ​Тошпўлат Раҳматуллаев биринчи марта эшаклар гўристонига борганида у ердаги манзарадан даҳшатга тушганини айтади:

- Манзара жуда даҳшатли эди. Рости гап ўша куни уйга келдим, томоқдан на овқат ўтади, на чой. Кўз олдимга юзлаб эшакларнинг суяклари, жасадлари келаверади. Кўлнинг ичида ҳам бир неча эшак жасади ётарди. Қиш бўлишига қарамасдан унинг ҳидига чидаб бўлмасди. Бу ҳиднинг ёзда қандай бўлганини тасаввур қилиш қийин, дейди Тошпўлат Раҳматуллаев.

Эшаклар жасади кўлдан олиб чиқилмоқда
Эшаклар жасади кўлдан олиб чиқилмоқда

Журналистнинг айтишича, эшакларнинг суяклари қаердан пайдо бўлгани ва уларнинг нима мақсадда сўйилгани ҳозирча сирли бўлиб қолмоқда:

- Ҳозир энг асосий савол ҳам шу. Сувнинг ичидан 3-4 та эшакнинг жасади топилган бўлса, қолганларининг гўшти қаерга кетган, нима мақсадда ишлатилган? Ахир бу бир неча юз эшакнинг суяги. Шу куни ўша ерда суякни ун қиладиган кичкина бир ускуна қурган маҳаллий одамлардан бирини топиб гаплашдим. У йигит “мен шу ерда турганимда тўртта бақувват йигит қиммат мошинда келиб, бизнинг зоопаркимиз бор, йиртқич ҳайвонларимиз учун эшакларни шу ерда сўйиб кетсак, майлими деб сўради. Мен уларга, менга фарқи йўқ, бу мени ерим эмас, дедим. Кейин, уч-тўрт кундан кейин келсам, ҳамма жой қон, эшакларнинг калласию, суяклари қолган, гўштини шилиб олиб кетишган экан”, деб айтди. У йигит паррандачилик фабрикасида ишлайди экан, суякларни ун қилиб, фабрикага топширади экан, дейди журналист.

Озодлик бу эшаклар гўшти ҳақиқатан ҳайвонот боғи учун ишлатилганми ёки аҳолининг умумий овқатланиш шохобчаларига бориб тушганми, бу ҳақда аниқ маълумотга эга эмас.

Эшакларнинг ёқилган жасад ва суяклари кўмилмоқда
Эшакларнинг ёқилган жасад ва суяклари кўмилмоқда

​Тошпўлат Раҳматуллаев Самарқандда ҳайвонот боғи йўқлиги сабабли, бу эшак гўштларининг нима учун ишлатилгани янада сирли бўлиб қолаётганини айтади. Журналист сўзларига кўра, бу иш билан шуғулланаётган милиция ходимлари гумонланувчиларнинг изига тушганини айтган:

- Ўша куни Самарқанд тумани ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосарини ҳам воқеа жойида кўрдим. У кишидан бу ишни кимлар қилгани ҳақида сўрадим. Мулозим бу ишга алоқадор одамлар ҳибсга олингани, ҳозир суриштирув ишлари бораётганини айтди. Лекин тўлиқ тафсилотлар учун бошлиқ номига хат ёзишим кераклигини уқтирди, деди журналист Тошпўлат Раҳматуллаев.

Журналистга кўра, Самарқандда ошкор қилинган эшаклар гўристонига жорий йил давомида эшаклар олиб келиб сўйилганини маҳаллий одамлар айтишган.

Ўзбекистонда эшак энг арзон уй ҳайвонларидан бири ҳисобланади. Самарқандлик Ҳасанбой исмли чорва моллари бозори даллолининг айтишича, айни пайтда Самарқанд вилоятининг Жомбой, Булунғур туманларида эшакни 40-50 минг сўмга, Жиззах вилоятининг Дўстлик, Мирзачўл туманларида эса энг сара эшакни 150 минг сўмгача сотиб олиш мумкин.

2015 йилнинг январида Қирғизистоннинг Бишкек шаҳри четида эшак боқиб сўйиладиган фермани қирғиз журналистлари ошкор этган эди. Бироқ бу ферма раҳбарлари эшак гўшти зоопарклардаги йиртқич ҳайвонларни боқиш учун хорижга экспорт қилинишини айтган эдилар.

XS
SM
MD
LG