Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:43

Eurasianet: Мирзиёев “саҳналаштирилган” сайловда олдингидан камроқ овоз олди


Кутилганидек, Шавкат Мирзиёев 24 октябрь куни бўлиб ўтган президент сайловида ғалаба қозонди.

Либерал демократик партия номзоди Мирзиёевга сайловчиларнинг 80.1 фоизи овоз берган. 2016 йил декабридаги сайловларда Мирзиёев 88.61 фоиз овоз олгани эълон қилинган эди.

Якшанба кунги сайловда қолган 20 фоизга яқин сайловчининг 6.6 фоизи Халқ демократик партияси номзоди Мақсуда Ворисовага, 5.5 фоизи “Миллий тикланиш” партияси номзоди Алишер Қодировга, 4.1 фоизи Экологик партияси номзоди Нарзулла Обломурадовга, 3.4 фоизи “Адолат” партияси номзоди Баҳром Абдуҳалимовга овоз берган.

“Eurasianet” нашри Мирзиёев бу сафар озроқ овоз тўплаганини расмийларнинг Ўзбекистонда плюрализм гуллаб-яшнаётганини кўз-кўз қилишга қаратилган саъй-ҳаракатлари доирасида сайловни “эҳтиёткорлик билан саҳналаштиргани” билан изоҳлади.

Мирзиёев билан беллашган номзодларнинг барчаси жорий ҳукумат сиёсатини маъқулловчилардир.

“Улар шунчаки [номзодлар] сонини ошириш ҳамда демократик бўлмаган сайловга демократик тус бериш учунгина қатнашдилар. Сайловдан ҳақиқий мухолифат номзодлари четлатилди”, дейилади “Eurasianet” мақоласида.

Ольстер университетининг криминология профессори Кристиан Ласслет президент бу сафар озроқ овоз тўплагани Ўзбекистон ҳукуматининг мамлакатда плюрализмга йўл берилаётганини кўрсатишга қаратилган уринишлари натижаси, деб ҳисоблайди.

Унинг сўзларига кўра, ушбу “олдиндан режалаштирилган” қадам Ўзбекистоннинг хорижий ҳамкорлари мамлакатда ижобий ўзгаришлар содир бўлгани ҳақида жар солишига ҳамда тузум билан ҳамкорлик қилишни оқлашига замин яратади.

Халқаро кузатувчилар Мирзиёев ҳокимиятга келганидан бери амалга оширилган айрим ислоҳотларни ижобий баҳоладилар, бироқ мухолифат сайловдан четлатилганини қораладилар ҳамда сайлов куни кўплаб қонунбузарликларга содир бўлганини таъкидладилар.

“Яқинда [амалга оширилган] ва давом этаётган ислоҳотлар далда берувчи белгидир”, деди Европарламент мониторинг делегацияси раҳбари Хейди Хаутала.

“Аммо мухолифат партиялари четлатилгани ва ҳақиқий рақобат йўқлиги, шунингдек, сайлов куни биз кўрган кўп сонли қонунбузарликлар демократлаштириш жараёни йўлидаги жиддий тўсиқлар бўлиб қолмоқда”, деди у.

ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси ва Европа Парламентининг қўшма кузатув миссияси хулосаларига кўра, кўп сонли сайловчини тегишли назоратсиз рўйхатга олиш, шахсни тасдиқловчи ҳужжати бўлмай туриб овоз бериш, бошқалар номидан овоз бериш ҳамда “бир нечта сайлов участкасида сайлов қутиларини [олдиндан тўлдирилган сайлов қоғозлари] билан тўлдириш белгилари” каби қонунбузарликлар кузатилган.

Сайлов арафасида мухолифат вакиллари бир овоздан таъқиб ва қўрқитишлар кучайганини айтишди.

Ўтган ҳафта мухолифатдаги “Эрк” демократик партиясидан Ўзбекистон президентлигига номзодини илгари сурган ва кейинчалик ўзи ва яқинларига босимлар ортидан фаолиятини вақтинчалик тўхтатишини айтган Жаҳонгир Отажонов “қарздорлиги” важидан Урганч аэропортидан чиқарилмади.

Ҳукумат, шунингдек, “Хақиқат ва тараққиёт” социал-демократик партияси раҳбари, профессор Хидирназар Аллақуловни “имзо тўплашдаги камчиликлар” важидан рўйхатга олишни рад этди.

Сайлов кампанияси давомида журналист ва блогерлар ҳужум ва таҳдидларга учради. 16 октябрь куни Озодликнинг “Telegram” каналида мувофиқлаштирилган ҳужум қайд этилди. Ярим соат мобайнида ёпиқ аккаунтлардан Озодлик журналистларига ўлим ва жинсий тажовуз билан таҳдид қилувчи ўнлаб мактублар йўлланди.

Халқаро сайлов кузатувчилари Мирзиёев иккинчи муддатга киришар экан, ҳукуматни мамлакатни демократлаштириш саъй-ҳаракатларини давом эттиришга чақирди. Ўзбекистон конституциясига кўра, Мирзиёев кўпи билан икки муддатга сайланиши мумкин.

XS
SM
MD
LG