Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:34

Фарғона наркодиспансерида беморга электрошокер қўллаган фельдшер вақтинча ишдан четлатилди (ВИДЕО)


Маст эркакка электрошокер қўллаганликда айбланган фельдшер йигит. (видеодан скриншот)
Маст эркакка электрошокер қўллаганликда айбланган фельдшер йигит. (видеодан скриншот)

Фарғона вилоят прокуратураси маст ҳолдаги шахсга электрошокер қўллаган шифокорга қарши суриштирув бошлади.

13 март куни Фарғона вилоят наркология диспансери шифокори беморлардан бирига электрошокер билан ток урдириб азоблагани акс этган видео тармоқларда тарқалганди.

Ҳозирда беморга электрошокер қўллаган фельдшер йигит вақтинча ишдан четлатилган.

Озодликка йўлланган 30 секундлик видеода оқ халатли бир йигитнинг панжарали хонада бир эркак танасига қандайдир мосламани теккизаётгани акс этган.

Видео бошида панжарали хона олдида ички ишлар ходими кийимидаги шахс кўринади.

Панжара ичкарисида эса оқ халатли бир йигит тук тургани, унинг ёнидаги каравотда эса бир эркак ўтиргани, бошқа каравотда бир киши ётгани акс этган.

Оқ халатли йигит қўлидаги мосламани ўтирган эркакка теккизади. Мослама эркакка ҳар текканида қисирлаган овоз ва ёруғлик чиқади. Эркак мослама унга ҳар текканида бир сапчиб тушади. Унинг ўзига нисбатан оқ халатлига ёки бошқаларга ҳужум қилаётгани, қандайдир агрессив ҳаракатлар қилаётгани кўринмайди.

Оқ халатли йигит 13 секунд ичида қўлидаги мосламани каравотда ўтирган эркакка кетма -кет уч марта: биқинига, қорнига ва юзига теккизади.

Видеони Озодликка йўллаган ва воқеага гувоҳ бўлганини айтган фарғоналик манба оқ халатли йигит қўлидаги мосламани "электрошокер" деб атади.

  • Электоршокер ўзни ҳимоялаш воситаси бўлиб, унинг ёрдамида жонли нишонга электр токи билан зарба берилади. Электрошокер нолетал қурол ҳисобланади.
Фарғона вилоят наркология диспансерида беморга электрошокер қўллаш ҳолати
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:30 0:00

16 март куни Фарғона вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасидан Озодлик олган маълумотга кўра, ушбу воқеа 13 март куни кечқурун Фарғона вилоят наркология диспансерида содир бўлган.

Бошқарманинг Озодлик суҳбатлашган мулозимига кўра, ўша куни ички ишлар ходимлари томонидан наркология диспансерининг “Ҳушёрхона”сига маст ҳолда олиб келинган эркакка диспансер ходими қўллаган мослама электрошокер деб гумон қилинмоқда. "Ҳушёрхона"даги ҳолат маст ҳолдаги эркак билан бирга келган шахс томонидан видеога олиниб, тармоқларга тарқатилган.

  • Наркология диспансерларида “Мастлик ҳолатини аниқлаш хонаси” ва “Маст ҳолдаги фуқароларга тиббий ёрдам кўрсатиш ва реабилитация пункти” жойлашган бўлиб, оддий халқ тилида бу “Ҳушёрхона” деб аталади.

“Воқеа шанба куни кечқурун бўлган. Участкавойлар маст ҳолдаги йигитни ушлаб, “Ҳушёрхона”га олиб келишади. “Ҳушёрхона” ходими маст эркакка нисбатан бир неча марта электрошокер қўллайди. Буни мастнинг ёнида бирга келган одам видеога олиб блогерларга беради. Блогерлар Интернетга чиқариб юборади. Шов-шув тўрт кундан бери давом этяпти. Лекин маст эркак эртасига диспансерга келиб, “Ҳеч қандай эътирозим йўқ”, деб ёзиб бериб кетган. Буни вилоят прокуратураси текширяпти”, деди Фарғона вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасининг Озодлик боғланган мулозими.

Фарғона вилоят наркология диспансеридан олинган маълумотга кўра, электрошокер ишлатган диспансер ходими 2012 йилдан буён фельдшер бўлиб ишлаб келаётган йигит бўлиб, у вақтинча ишдан четлатилган.

“Ўша куни фельдшер ёнида навбатчи врач ҳам бўлган. Текширувлар давом этяпти. Бир прокуратура, бир ички ишлар келиб, кетади. Тўрт кундан бери текшир-текшир тўхтамаяпти. Батафсил маълумотни прокуратурадан оласиз”, деди ўзини таништирмаган диспансер ходими.

Диспансер раҳбарияти фельдшер йигит қўлига электошокер қандай тушгани ва у аввал ҳам беморларга электрошокер қўллаб келган-келмаганига оид Озодлик саволларини жавобсиз қолдирди.

Фарғона вилоят прокуратурасининг Озодлик боғланган ходими наркология диспансерида электрошокер қўллангани айтилаётган ҳолат бўйича суриштирув олиб борилаётганини айтиш билан чекланди.

Айни пайтда наркология диспансерида беморга электрошокер қўллангани воқеасини фарғоналик блогерлар яқиндан кузатмоқда. 13 март куни электрошер воқеаси Интернетга чиққач, бир гуруҳ блогерлар ярим тунда диспансерга бориб, айбдор шифокор жазога тортилишини талаб қилишган.

Блогер Элёрбек Тожибоев эса ўзининг Ютубдаги саҳифасида Фарғона вилоят наркология диспансерида даволаниб чиққан собиқ беморлардан бири билан суҳбат ўтказиб, бу ерда беморларга нисбатан мунтазам қийноқ қўллаб келинганини иддао қилган. Ўша қийноқлар натижасида ногирон бўлиб қолганини айтган шахс диспансерда беморларни оёқ – қўлини каравотга боғлаб, турли хил рухсат қилинмаган уколлар урилиши ҳақида ҳам гапирган.

Фарғона вилоят наркология диспансерида беморларга нисбатан қийноқ қўлланилишига оид иддаоларни ҳозирча ҳеч бир мутасадди ташкилот изоҳлаганича йўқ.

XS
SM
MD
LG