Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:33

Ўзини осган фермер укаси: "Акам ҳокимлик тазйиғидан сўнг жонига қасд қилди"


Ўз жонига қасд қилган қашқадарёлик фермер Шерали Давроновнинг укаси Эргашали Озодликка мурожаат қилиб, акасининг ўлимида маҳаллий ҳокимликни айблади.

Озодлик ​Қашқадарё вилояти Миришкор туманинининг Калта қишлоғида яшаган 50 яшар фермер Шерали Давроновнинг 18 июнь куни ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабар берганди.

Эргашали Давроновнинг иддао қилишича, акасининг ўлимига унинг фермерлик фаолиятига ҳокимлик томонидан тўсиқ қўйилгани сабаб бўлган.

Ўзини осган фермер укаси: "Акам ҳокимлик тазйиғидан сўнг жонига қасд қилди"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:00 0:00
Бевосита линк

Озодлик билан 28 июнда суҳбатлашган Эргашали Давроновга кўра, акаси Шералининг жорий йил бошида ўғлининг номига расмийлаштирган фермер хўжалиги зўравонлик билан ундан тортиб олинган.

Эргашали Давроновнинг айтишича, фермер Шерали Давронов туман ҳокими Равшан Комиловнинг калтагидан сўнг эмас, балки ҳокимнинг буйруғи билан унинг мулозимлари ўтказган тазйиқларга чидолмай ўз жонига қасд қилган.

Бу жараёнда иштирок этган ҳокимлик расмийлари Озодлик билан суҳбатда бу жанжаллардан умуман хабарлари йўқлигини айтмоқда.

"Зўравонлик қурбони"

Миришкор туманининг Калта қишлоғида яшаган фермер Шерали Давронов жорий йилнинг 26 мартида туман ҳокими Равшан Комиловнинг Х-432/03 қарори билан ўғли Муҳриддин номига 40 гектарлик “Қудратов Маъруф” фермер хўжалигини расмийлаштирган эди.

Фермер хўжалигини ташкил этиш ҳақидаги ҳоким қарори
Фермер хўжалигини ташкил этиш ҳақидаги ҳоким қарори

Фермернинг укаси Эргашали Давроновнинг Озодликка айтишича, шундан сўнг унинг акаси ўз ёнидан 9 миллион сўм сарфлаб, ерни пахта экишга тайёрлаган:

- Акам қарорни олганидан кейин, бола-чақаси билан қаттиқ ишлади. Ерни текислаб, техника ишлатиб, суғориш иншоотларини тўғирлаб, чигит экишга тахт қилди. Давлатдан бир сўм ҳам кредит олмаган, ҳаммасини ўз чўнтагидан қилди. Кейин заводга чигитга борганда, унга чигит беришмади. Бу ерга аччиқ қалампир экилади, бу ернинг эгаси бошқа деб айтишган, - деди Эргашали Давронов.

Фермерга чигит беришга рад қилингани ҳақидаги тилхат
Фермерга чигит беришга рад қилингани ҳақидаги тилхат

Унга кўра, акасининг туман ҳокимига қилган арзлари натижа бермаган:

- Қалампир экувчиларга кейин бу ер маъқул бўлмади, улар ҳеч нарса экмади. Натижада ерни ўт, қамиш босди. Кейин 13 июнь куни Омон Қўшмуродов деган одам туман ҳокимининг қишлоқ хўжалик ишлари бўйича ўринбосари Абдувоҳид Бегматов ва туман қишлоқ хўжалик бошқармаси бошлиғи Ғайбулло Қорабоев билан бирга келдида акамга "шу ерга пахта экасан", деб айтди. Акам: "Биринчидан пахтага кеч бўлди, ёз бўлди, пахта пишмайди, иккинчидан бу ерни тайёрлаш учун яна вақт керак, майли 10 гектарига экаман," деса, Омон Қўшмуродов уни ҳақорат қилиб, "28 гектарга экасан, агар экмасанг, бўлмаган қалампирни ҳам сенинг бўйнингга қўяман, бўлмаган пахтани ҳам сенга тўлатаман", деб зуғум қилган, - дейди Эргашали Давронов.

Марҳум фермернинг ўз чўнтагидан қилган харажатлари рўйхати
Марҳум фермернинг ўз чўнтагидан қилган харажатлари рўйхати

Унинг даъво қилишича, пахта экишни бўйнига олмагач акасидан фермер хўжалиги ерини давлат захирасига қайтариш ҳақида ундан мажбурлаб ариза ёздириб олишган:

- Акам бўлган воқеани менга айтиб бериб, бир неча кун хомуш юрди. Адолатсизликдан юраги сиқилди. Додини кимга айтишни билмади. 18 июнь куни туш пайти молхонага кириб ўзини осиб қўйди. Уни ўз жонига қасд қилишгача олиб боришди. Раҳбарларнинг зўравонлик сиёсати қурбони бўлди, - деди Эргашали Давронов.

Шерали Давроновнинг пахта етиштириш бўйича контрактация шартномаси
Шерали Давроновнинг пахта етиштириш бўйича контрактация шартномаси

"Бирортанг миқ этмайсан!"

Эргашали Давроновнинг маълум қилишича, туман милицияси ва прокуратураси унинг оиласига худкушлик ҳақида ҳеч кимга гапирмаслик ва арз қилмаслик талаби билан босим ўтказган:

- Туман прокурори, милиция бошлиғи ўша куни кечаси соат 11ларда келди-да, бизларни босим остида бир уйга қамаб, ўзини ходимлари ўзлари ёздида, босим ўтказиб қўл қўйдириб олди. Нима ёзди, нима деди, бизга ўқитгани ҳам қўймади. Бўлди, энди экспертиза қилмаймиз, эртага кўмаверинглар, деб кетишди. Лекин орадан 45 минут ўтганидан кейин, улар яна катта бир группа билан келяптида, акамни экспертизага олиб кетамиз, деди. Улар эртага соат 9 га жаноза деган экансан, жанозангни қолдирасан, деб милиция бошлиғи айтяпти. Уларга ўзларини қонуний ҳимоя қилиш учун экспертиза кераклиги кейин эсларига тушиб қолибди. Нега биринчи келганда олиб кетмади. Яна айтяптики, агар биттанг бирор жойга гулласанг, авлод-аждодинг билан қуритаман, деяпти. Ким бўлди у! Наҳотки шунчалик зулм ўтказса, - дейди Эргашали Давронов.

Эргашали Давронов акаси ўлими юзасидан ҳозирга қадар экспертиза хулосасини ололмагани ва туман прокуратураси бу иш юзасидан ҳеч қандай суриштирув олиб бормаётганини билдирди.

Расмийларнинг хабари йўқ

Миришкор тумани прокуратурасининг терговчиси Ҳусниддин Бозоров Озодликнинг, “фермер Шерали Давроновнинг ўлими юзасидан бирор бир иш олиб бориляптими?” деган саволини эшитиши билан алоқани узиб қўйди.

Марҳум Шерали Давроновнинг ўлими олдидан, унинг даласида марҳум билан учрашиб, пахта экишга буйруқ берган вилоят фермерлар кенгашининг Миришкор туманидаги вакили Омон Қўшмуродов Озодлик билан суҳбатда аввал фермерни танимаслигини айтди, аммо кейин марҳум оиласида руҳий хасталар бўлганига ишора қилди:

- У фермерни мен танимайман ҳам, мен вилоятдан қўйилганман. Отасими, кимидир руҳий хаста бўлган дейишяпти, мени ундан хабарим йўқ. Биз умумий сиёсатни, пахта экишни юритганмиз, бошқасидан хабарим йўқ. Мен уни ерини олганим ҳам йўқ, бу мени функциямга кирмайди, - деди Омон Қўшмуродов.

13 июнь куни марҳум фермерни кечиккан пахтани экишга мажбурлагани иддао қилинган Миришкор тумани ҳокимининг қишлоқ хўжалиги ишлари бўйича ўринбосари Ғайбулла Қорабоев эса ҳокимликда ишламаслигини, пенсияга чиқиб кетганини айтди:

- Мен пенсияга чиққанман, хабарим йўқ. Мен у жойга борганим ҳам йўқ, билмайман ҳам, - деди Ғайбулла Қорабоев.

Миришкор тумани ҳокимлигини қишлоқ хўжалик бўлими бошлиғи Абдувоҳид Бегматов марҳум фермер Шерали Давроновнинг ерига Омон Қўшмуродов билан Ғайбулла Қорабоев борганини тасдиқлар экан, ўзининг бу жараёнга алоқаси йўқлигини айтди:

- Мен ўзим яқинда ишга ўтганман, ҳали буйруқ ҳам чиққани йўқ. Ғайбулла ака билан Омон ака борган у ерга. Мен йўқ эдим, у ерда, хабарим ҳам йўқ, - деди Абдувоҳид Бегматов.

Озодлик хабар топган фермерлар суиқасди

Ўзбекистонда ҳукумат режасини бажариш босими¸ аниқроғи¸ бажармаслик билан боғлиқ турли таҳдидлар муносабати билан фермерларнинг ўз жонига қасд қилиш ҳоллари тез-тез учраб туради.

2017 йилнинг июнида Қашқадарё вилояти Косон туманида фермерлик қилиб келган Ўктам Эшмуродов даласидаги шийпонда ўзини осган эди. Бу ҳақда Озодликка хабар берган суиқасд тафсилотларига яқин косонликлар иддаосича, 43 яшар фермер буғдой режасини бажара олмагани учун ҳокимдан калтак еганидан сўнг ўзини ўлдирган.

Андижон вилояти Избоскан туманидаги “Чўнбоғиш Қутбиддин” фермер хўжалиги бошлиғи Ҳусниддин Ражабов ҳам ўтган йилнинг 21 июнь куни ўзини осиб қўйган эди. Избосканлик фермерларга кўра, Ражабов режадан орттирган ва ишчиларига тақсимлаш ниятида олиб қўйган буғдойини туман ҳокими тортиб олгандан сўнг, ўз жонига қасд қилган.

2015 йили Андижон вилояти Избоскан туманида фермерлик қилган 29 ёшли Нодирбек Ҳайдаров туман ҳокими ва прокурори ўтказган мажлисдан чиқиб, ўзини осиб қўйган эди.

Ундан олдин, Хоразм вилоятининг Ҳазорасп туманида пахта планини бажармагани учун туман ҳокимлиги мулозими томонидан ҳақоратланган фермер Ҳабибулло Эгамбердиев уйига қайтгач, ўзини осганди.

2013 йилда Тошкент вилояти Янгийўл тумани ҳокимлигида ўтказилган мажлис пайтида маҳаллий фермер Турсунали Содиқов ички ишлар бўлими раҳбари томонидан калтакланганидан бир кун ўтиб юрак хуружидан вафот этган эди.

XS
SM
MD
LG