Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:58

Андижонда фермерларнинг буғдой пули мажбуран ягона ер солиғига ўтказилмоқда


Андижон тумани ҳокимлиги
Андижон тумани ҳокимлиги

Андижон вилоят, Андижон тумани фермерларига “Ўздонмаҳсулот”дан келиб тушган 900 миллион сўм буғдой пули уларнинг хоҳишига зид тарзда ягона ер солиғи учун бюджетга ўтказиб юборилмоқда.

Бу ҳақда Озодликка шикоят қилган фермерларнинг айтишича, туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Алишер Мирзакаримов ва туман солиқ инспекцияси бошлиғи Илҳом Раҳимов шахсан ўзлари “Агробанк”нинг туман бўлимига келиб, пулнинг бюджетга ўтказилишини назорат қилмоқда.

Фермерлар ягона ер солиғини белгиланган муддатда тўлаб қўйганини, туман ҳокимлиги эса келгуси ойлар учун олдиндан тўлов қилишга мажбурлаётганини айтмоқда.

Банк мулозими ҳокимлик фермерларнинг буғдой пулини ягона ер солиғига ўтказишга мажбурлаётганини тасдиқлади.

28 август куни “Агробанк”нинг Андижон туман бўлимига “Ўздонмаҳсулот” АКдан 900 миллион сўм пул тушди.

Исми сир қолишини сўраган банк ходимларидан бири, бу пул фермерларнинг давлатга сотган буғдойи учун туширилганини тасдиқлади.

Аммо бу пуллар фермерларнинг айтишича, пуллар тақсимланиш ўрнига, уларнинг рухсатисиз, ягона ер солиғи учун ушлаб қолиниб, бюджет ҳисобига ўтказилмоқда.

Туман ҳокими ўринбосари Алишер Мирзакаримов(оқ кўйлакда), Солиқ инспекцияси бошлиғи Илҳом Раҳимов банкда
Туман ҳокими ўринбосари Алишер Мирзакаримов(оқ кўйлакда), Солиқ инспекцияси бошлиғи Илҳом Раҳимов банкда

Фермерлардан бирининг айтишича, 29 август куни эрталабдан Андижон тумани ҳокимининг ўринбосари Алишер Мирзакаримов ва туман солиқ инспекцияси бошлиғи Илҳом Раҳимов банкка келиб ўтириб олган:

Бизда фермернинг хоҳиши, розилиги ҳақида сўралмайди. Пулни ўтказиб, кейин поручение ёздириб олишади

“Замҳоким билан солиқчилар бошлиғи келгуси квартал учун ягона ер солиғига ўтказасан деб, банк ходимларини мажбурлашяпти. Аслида бу декабрь ойининг охирида тўланиши керак. Биз уч квартални тўлаб қўйганмиз. Ҳозир эса предоплата қиласан деб туриб олиб, мажбуран ўтказишяпти. Бизда фермернинг хоҳиши, розилиги ҳақида сўралмайди. Пулни ўтказиб, кейин поручение ёздириб олишади. Бу пул бизнинг ҳаққи ҳалол соф фойдамиз, ягона ер солиғини вақтида ёпиб келяпмиз. Бюджетнинг чўнтаги тешилиб қолган шекилли, ўшани фермерларнинг пули билан ёпишмоқчи булар”.

Ҳокимлик тазйиғидан қўрқиб, исми сир қолишини сўраган фермер бухгалтерларидан бири ҳам унга муддатидан илгари ягона ер солиғи учун қарийб олти миллион сўмга ҳужжат келганини айтади:

“Бюджет пландан чиқмаяпти экан. Шунинг учун, бу пулни фермерларнинг расчетний ҳисобига ташламасдан ягона ер солиғи счетига ташлаяпти. Бундай қилиш қонунан мумкин эмас. Чунки бу фермернинг эркин пули, у ўз хоҳишига қараб ишлатиши керак. Қарзи бўлса қарзини ёпиши ёки ишчиларига ойлик қилиб бериши мумкин. Одатда ҳар йили тўртинчи квартал учун ягона ер солиғи пахта пулидан, декабрь ойи охирида олинарди. Бу йил туман бюджетининг аҳволи оғир шекилли, яна фермерларга ёпишишяпти”.

“Агробанк” Андижон туман бўлимининг исми сир қолишини сўраган мулозимларидан бири ҳокимлик тазйиғи билан фермерларнинг буғдой пули мажбуран ягона ер солиғига ўтказилаётганини тасдиқлади:

Ходимимизнинг бошида туриб фермерлар пулини ягона ер солиғига ўтказишга мажбурлаб ўтирибди.

“Замҳоким Алишер ака билан, Илҳом ака банкка келиб транш бўлимига ўтириб олган. Ходимимизнинг бошида туриб фермерлар пулини ягона ер солиғига ўтказишга мажбурлаб ўтирибди. Банк бошқарувчиси Азиз ака ҳам уларга бу қонунга зидлиги, президентнинг ўзи яқиндагина селекторда фермерларга олдиндан тўлов қилдирмайсан, айниқса сентябрь, октябрь ойлари пулларига тегмайсан, деб айтган бўлса ҳам қулоқ солмади. Ўтириб олиб, фермерларни чақиртириб, поручение бермасанг туман ҳокими Улуғбек Исомиддиновга рўпара қиламан, деб қўрқитяпти. Аслида қонун бўйича, солиқчилар махсус рухсатсиз банк ҳудудига кириши мумкин эмас, лекин булар учун қонун ишламайди”.

Озодлик кун давомида Андижон тумани ҳокими ўринбосари Алишер Мирзакаримов ва туман солиқ инспекцияси бошлиғи Илҳом Раҳимовнинг мобил телефонларига бир неча бор қўнғироқ қилди, аммо жавоб бўлмади.

Ўзбекистон ягона ер солиғи ер банитетига қараб белгиланади ва ғаллачилик ва пахтачиликка ажратилган ернинг ҳар гектарига йилига 250 минг сўмдан бошлаб солиқ белгиланади.

Андижон вилоятида фермерлар ўзларининг ҳисобидаги пул маблағларини эркин тасарруф қила олмаслиги, уларнинг маблағлари турли хил ҳисобларга ўтказиб юборилгани ҳақида Озодлик илгари ҳам хабар берган эди.

Жумладан, Андижон тумани фермерлари туман ҳокимининг оғзаки буйруғига кўра “экспорт учун” 300 минг сўмдан 150 АҚШ долларигача пул топширишга мажбурлангани ҳақида Озодлик 8 март куни ёзган эди.

Андижон вилояти Избоскан тумани фермерларига август ойи бошида ҳар гектар ер учун 30 минг сўмдан нақд пул солиғи солинган эди. Бу ҳақда Озодликка шикоят қилган фермерларнинг айтишларича, бу пуллар вилоят экспорт мажбуриятини "бажариш" учун сарф қилинади.

XS
SM
MD
LG