Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:53

Хоразмда фермерлар Туркиядан келтирилган қиммат мева кўчатларини сотиб олишга мажбурланмоқда


Туркиядан келтирилган беҳи ва шафтоли кўчати
Туркиядан келтирилган беҳи ва шафтоли кўчати

Хоразм вилоят, Янгибозор туман ҳокими фермер хўжалиги раҳбарларини Туркиядан келтирилган беҳи ва шафтоли кўчатларини сотиб олишга мажбурлаяпти.

Бу ҳақда Озодликка шикоят қилган фермерларнинг айтишича, бозордаги маҳаллий кўчат нархидан беш-олти баравар қиммат турадиган бу кўчатлардан ҳар бир фермерга 50 донадан сотиб олиш мажбурияти юклатилган.

Туман ҳокими Ўктам Машарипов бу кўчатлар интенсив боғ қилиш мақсадида Туркиядан олиб келинганини таъкидлар экан, фермерлар кўчатларни ихтиёрий сотиб олаётганини айтди.

Хоразмда фермерлар Туркиядан келтирилган қиммат мева кўчатларини сотиб олишга мажбурланмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:00 0:00
Бевосита линк

Янгибозор туманидан Озодликка мурожаат қилган фермерларнинг мактубида ёзилишича, ҳар бир фермер бир миллион етти юз минг сўмлик кўчат сотиб олишга мажбурланмоқда:

“Туман ҳокими Ўктам Машарипов холодильникда сақланиб турган, деярли яроқсиз ҳолга келган беҳи ва шафтоли кўчатларини ҳар бир фермер 50 тадан оласан деб, икки кундан буён мажлисга чақириб мажбурлаяпти. Кўчат олмаган фермерларга минерал ўғит ва солярка бермаслик билан тазйиқ қиляпти”.

Озодлик 24 апрель куни суҳбатлашган, исми сир қолишини сўраган янгибозорлик фермерлардан бирининг айтишича, у ҳам 50 дона кўчат сотиб олишга мажбур бўлган:

“Ҳоким мажбурлагандан кейин олдик. Уйга олиб келиб томорқага экиб қўйдим. Бир донаси 34 минг сўм туради экан. Агар ҳоким боғ қилинглар деганида эрта баҳорда ҳар бири 5-6 минг сўм турадиган, яхши ҳосил берадиган маҳаллий кўчатлардан олиб ўтқазардик. Баҳор тугаб ёз келиб қолганда, бирданига бу кўчатлар осмондан тушгандай пайдо бўлиб қолди. Кимнингдир ўтмаган молини фермерларга ўтказишяпти. Кунлар исиб қолганда Туркиядан олиб келинган бу кўчатлар бизнинг иқлимга мослаша оладими ёки йўқми, уни ҳали билмаймиз. Ўзи холодильникда ётавериб, ранги ҳам ўчиб кетибди”.

Исми сир қолишини сўраган, 24 апрель куни ҳоким ўтказган йиғилишда қатнашган бошқа бир янгибозорлик фермер кўчат масаласи яна кун тартибига чиққанини айтди:

“Қаландар Дўрман қишлоғидаги ҳудуд раҳбари бир фермерга кўчат оласан деб мажбурлапти, у олмапти. Ўртада жанжал чиққанми, фермер ҳудуд раҳбарини урибди. Раҳбар касалхонага тушган. Селектор йиғилишида ўша фермерни муҳокама қилган ҳоким ва прокурор қишлоқ участкавойини мажлисга чақиртириб, фермернинг устидан жиноят иши қўзғатишни топширди. Шу кунларда ҳокимнинг ёнида бир турк фуқароси юрибди. Билишимизча, бу кўчатларни у олиб келган. Биз кўрган кўчатлар, ўзимизнинг боғбонлар етиштирган кўчатга ўхшайди. Лекин, кўчатларга унинг сертификати, ёки характеристикаси ёзилган ҳеч қандай қоғоз қистирилмаган”.

Янгибозор тумани ҳокими Ўктам Машарипов Озодлик билан суҳбатда, бу кўчатлар интенсив боғ яратиш мақсадида Туркиядан олиб келинганини айтар экан, фермерлар кўчат сотиб олишга мажбурланаётганини инкор қилди:

- Интенсив боғ қилиш ниятида Туркиядан олиб келинган кўчат. Ҳеч ким мажбур қилингани йўқ, шартнома асосида олиб экишяпти. Яна бир тарафи бор, агар, кўчатлардан бирортаси олмай қолса, кузда ўрнига ўрин яна кўчат берилади. Бу ерда ҳеч қандай мажбурлаш йўқ.

Ҳокимнинг айтишича, кўчатларни Янгибозор туманидаги қўшма корхона олиб келган. Ўктам Машарипов бу кўчатларнинг маҳаллий кўчатлардан қандай афзаллиги борлиги ҳақидаги кўчат характеристикаси ҳозир ёнида эмаслиги учун жавоб беролмаслигини айтди.

XS
SM
MD
LG