Линклар

Шошилинч хабар
21 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:13

"Россиядагидан кўпроқ пул". Ғарб ўзбек мигрантларига очилмоқдами?


 Марказий осиёлик мигрантлар. Хабаровск, Россия
Марказий осиёлик мигрантлар. Хабаровск, Россия

Германия канцлери Олаф Шольц 15 сентябрь куни Ўзбекистон билан имзоланган миграция келишуви тафсилотлари ҳақида кам гапирди. Шолц Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан музокаралардан сўнг, келишув "Германияга керак бўлган юқори малакали мутахассислар иммиграциясига имкон беради", деди.

Шу билан бирга, "қайтиб кетиши керак бўлганлар албатта қайтиши шарт" бўлиши учун оддий, "бюрократиясиз" тартиб-қоидалар келишиб олинди, дея қўшимча қилди Шольц Самарқандда.

Ушбу изоҳларнинг сўнгги қисми Германиядаги ички аудиторияга мўлжалланган бўлиши мумкин.

Германияда миграция, айниқса, ноқонуний миграция, сиёсий ўнг кучлар фойдаланаётган долзарб масалага айланиб қолмоқда.

Германия канцлери Олаф Шольц ва президент Шавкат Мирзиёев миграция бўйича келишувни имзолаш маросимида. Самарқанд, 15 сентябрь, 2024
Германия канцлери Олаф Шольц ва президент Шавкат Мирзиёев миграция бўйича келишувни имзолаш маросимида. Самарқанд, 15 сентябрь, 2024

"Германия ҳукумати қийин вазиятга тушиб қолган," дейди Евроосиё миграцияси бўйича мутахассис тадқиқотчи ва журналист Ян Матусевич.

"У ўнг кучларнинг сўнгги сайловлардаги ютуқларидан кейин аҳоли орасида иммиграцияга қарши кайфиятни юмшатишга ва айни пайтда Германия иқтисодиётига тўсқинлик қилаётган жиддий ишчи кучи танқислигини бартараф этишга уринмоқда. Натижада, ноқонуний мигрантларга нисбатан қаттиқ чораларни ҳам қамраб олган, аммо малакали муҳожирлар ва талабалар учун имкониятлар яратадиган бундай келишувлар пайдо бўлмоқда," дейди Матусевич Озодлик радиосига.

Меҳнат дастурлари кўпаймоқда, рақамлар оз

Ўрта Осиё мамлакатларидан иш билан бандлик даражаси паст бўлган иқтисодиётни тарк этаётганлар учун анъанавий миграция манзили Россия бўлиб, у ерда минтақанинг миллионлаб фуқаролари яшайди.

Аммо бусиз ҳам ишчи кучини жўнатувчи асосий давлатлар – Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон муҳожирлари учун қийин ҳаёт уруш туфайли янада мураккаблашди, чунки ҳарбий ёлловчилар Россия фуқаролигини олган ва олмаган Марказий Осиёликларни фронтга жўната бошлади.

Март ойидан бери ва Тожикистон фуқаролари аралашган Крокус концерт зали ҳужумидан сўнг, муҳожирларнинг иш жойлари ва уйларига рейдлар кескин кўпайгани туфайли кўпчилик учун вазият қийинлашди. Бундан ташқари, тобора кўпроқ Марказий осиёликлар Россия чегараларидан қайтарилмоқда.

Бу уч давлат Москвага хавотирли янги вазият бўйича мурожаат қилиб кўрди, аммо Россия расмийлари ҳозир хавфсизлик биринчи ўринга қўйилганини айтиб жавоб берди.

Бу эса Ғарб учун пул ўтказмалари ялпи ички маҳсулотининг 10 фоизидан (Ўзбекистон) 40 фоизгача (Тожикистон) бўлган Марказий Осиё давлатларини ўзига жалб этишда жуда каттароқ имконият яратмоқда.

Озодлик фильми: Польша-ўзбеклар учун Европага дарча
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:46:18 0:00

Бироқ, экспертлар фикрича, натижалар камтарона ва эҳтимол ҳозиргидек қолиши мумкин.

Ўтган ойда иммиграцияга қарши кайфият тартибсизликларга айланиб кетган Буюк Британияда Мавсумий ишчилар дастури ҳар йили Марказий Осиёдан минглаб одамларни жалб қилмоқда.

Бу дастурга бўлган талаб бутун минтақада юқори бўлиб, бу иш жойларини реклама қилувчи агентликларнинг фирибгарлик ва суиистеъмолларига сабаб бўлмоқда.

Муҳожирлар кўпинча Британияда Россиядагига қараганда икки ёки уч баравар кўпроқ пул топишлари мумкин бўлса-да, Марказий Осиё ва Буюк Британия ўртасидаги мигрантларнинг умумий пул ўтказмалари қиймати ҳали ҳам Жанубий Корея каби минтақа билан узоқ муддатли миграция алоқаларига эга бўлган йўналишларга қараганда пастроқ.

Германия мисолида ҳам рақамлар кичик.

15 сентябрь куни Ҳамбургда чиқадиган "Die Zeit" газетасининг келишув бўйича хабарида айтилишича, ҳозирда мамлакатда атиги 13 700 нафар ўзбек истиқомат қилмоқда.

Шу билан бирга, "Германияда фақат 200 га яқин ўзбекистонлик яшаш рухсатномасисиз турибди... бу мамлакатни тарк этиши керак бўлган Германиядаги барча 225 000 муҳожирнинг 0,1 фоизидан камроғини ташкил этади," дея хабар берди "Die Zeit".

На Берлин, на Тошкент бу рақамлар қандай ўзгариши ҳақида маълумот бермаган.

Берлиндаги Шарқий Европа ва халқаро тадқиқотлар маркази тадқиқотчиси Беата Эшментнинг айтишича, келишув "бошқа давлатлар, жумладан, Кения, Марокаш ва Грузия билан тузилган шунга ўхшаш келишувларга ўхшайди".

"Бу ерда миграция ҳақидаги мунозаралар ҳозирда бутунлай чалкаш ва мантиқсиз, афсуски, ҳукумат сиёсати ҳам шунга ўхшайди. Бизга ишчилар кераклиги ва улар фақат чет элдан келиши мумкинлиги ҳақида етарлича маълумот берилмаяпти," деди Эшмент Озодлик радиосига. У яна қўшимча қилиб, Германияга келган ўзбекистонликлар "чет элликларга нисбатан душманлик муносабатини бошдан кечириши" мумкинлигини айтади.

2023 йил сентябрь ойида Германия ва Қирғизистон яқин келажакда амалга оширилиши кутилаётган миграция келишуви учун ният декларациясини имзолади.

Расмий баёнот Шолцнинг Ўзбекистон билан имзолаган шартномасига деярли ўхшаш бўлиб, унда "Германияга малакали ишчилар учун йўл очиш ва Қирғизистонни Германияда қолиш ҳуқуқига эга бўлмаган фуқароларини қайтариб олишга мажбур қилиш" мақсади батафсил баён этилган.

Қишлоқ хўжалиги, уйларда хизматчилик ва қурилиш соҳалари Ўзбекистондан келган ишчилар учун устувор йўналишлар бўлиши кутилмоқда.

Афғон масаласи ва Марказий Осиёнинг “ҳафсала пир бўлиши”

Ҳозирча Марказий Осиё мамлакатлари учун Европага кенг кўламли миграция оқими эҳтимолдан узоқ.

Аммо Германия оммавий ахборот воситалари хабар беришича, афғонларни Толибон назоратидаги Афғонистонга депортация қилиш бўйича баҳсли ҳамкорлик юзасидан давом этаётган музокараларда Ўзбекистон қўлида кучли дастак бўлиши мумкин.

Ўзбекистонда бўлганида, Шолц бу музокаралар борасидаги оммавий ахборот воситалари саволига эҳтиёткорлик билан жавоб бериб, фақат "кўп йўналишлардаги ҳамкорлик тўғрисида махфий муҳокамаларга" ишора қилди.

Бироқ, ғарбий Солинген шаҳрида содир бўлган ўлим билан якунланган пичоқбозлик воқеасидан сўнг, Берлин ўтган ойда Толибон 2021 йилда ҳокимиятни эгаллаганидан бери биринчи марта афғон фуқароларини депортация қилишни бошлаганини эълон қилди.

Илк бундай парвозда Германияда жиноят иши бўлган 28 нафар афғон фуқароси Қатар воситачилигидаги келишув доирасида ватанига қайтарилди.

"Германия Толибон билан ҳеч қандай алоқага истамайди ва айнан шу ерда Ўзбекистон қўл келади," деди Берлиндаги Карнеги Россия-Евроосиё маркази ходими Темур Умаров Озодликка.

Шолц 17 сентябрь куни Қозоғистонга ташрифи олдидан Ўзбекистонда бўлди, у ерда Марказий Осиёнинг бешта давлати раҳбарлари билан музокаралар ўтказди.

Бу ташриф ўтган йили Берлинда Германиянинг минтақа билан илк бор ўтказилган "5+1" музокаралари давоми бўлди – бу Ғарб ҳукуматлари табиий ресурслар олиш ва Россияга қарши санкцияларга риоя этилишини таъминлашга интилаётган бир пайтда, Украинадаги урушнинг иккинчи йилида минтақада кузатилган дипломатик фаолликнинг бир қисми эди.

Толибондан Тошкентга қочиш. Абдурашид Дўстум матбуот котибининг ҳикояси
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:12:33 0:00

Германия ва умуман Европанинг Марказий Осиёга қизиқиши "сезиларли даражада ошган" бўлса-да, Германия Ташқи алоқалар кенгашининг Марказий Осиё бўйича мутахассиси Стефан Мейстернинг таъкидлашича, бешлик ўша пайтдан бери Берлин билан муносабатларида ҳақиқий ривожланиш йўқлигидан "ҳафсаласи пир бўлган" бўлиши мумкин.

"Агар ўзбек ёки қозоқ амалдорлари билан гаплашсангиз, ўтган йили Шолц билан учрашувдан сўнг уларнинг катта умидлари бўлганини тушунасиз, – дейди Мейстер. – Улар Шолц учун Марказий Осиё устувор йўналиш бўлишига ва Германия минтақага сезиларли даражада кўпроқ сармоя киритишни бошлашига умид қилишган."

Германия Россияга кучли қарамликни юмшатиш учун манбалар излаётган бўлса-да, авторитар ва коррупцияга мойил минтақага янги инвестициялар шиддат билан кириб келмади, деди Мейстер Озодлик радиосининг Қозоғистон хизматига берган интервьюсида.

"Меморандум ва баёнотлардан сўнг Германия томонидан ҳеч қандай жиддий ҳаракат бўлмади, ҳеч бўлмаганда улар умид қилган даражада эмас," дейди у.

Форум

XS
SM
MD
LG