Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:06

Масжид рейдлари: РФ паспортига эга мигрантлар урушга юборилмоқда


Russian police detain migrant workers during a raid at a vegetable warehouse complex in the Biryulyovo district of Moscow October 14, 2013.
Russian police detain migrant workers during a raid at a vegetable warehouse complex in the Biryulyovo district of Moscow October 14, 2013.

Россияда кучишлатар идораларнинг масжидларда облава қилиши деярли одатий ҳолга айланди. Кўплаб мусулмон мигрантлар жамоа намозига чиқишга қўрқиб қолишган: биргина Москва вилоятининг ўзида жорий йилда юзлаб рейдлар ўтказилибди. Россия паспортига эга намозхонлар рейдлардан сўнг комиссариатларга олиб борилиб, ҳарбий рўйхатга ёзилишга ёки Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолашга мажбурланган. Мигрантлар яшайдиган ётоқхоналар ва улар ишлайдиган корхоналарда ўтказиладиган рейдлардан сўнг ҳам худди шундай қилиняпти.

Ўтган дам олиш кунлари Москва вилоятида бўлган облавадан сўнг Первий канал юлдузи – “Юлдуздан ўтказиб айт” шоуси иштирокчиси Мамут Усеинов мажбурий аскар бўлди. Уни 20 октябр куни Котельникидаги масжиддан ушлаб кетишганди. Ўша куни “омончилар” намозхонларни масжиддан битталаб чиқариб, паспортларини текширишади. Сўнгра бир қанча киши автобусга ўтқизилиб, ҳарбий комиссариатга олиб келинади ва Украинага қарши урушга жўнатиш учун Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолашга мажбур этилади.

“Дубравский Консалтинг” ширкати юристи Артём Клига “Настояшчее время” телеканали ёйинида масжидларда бўлаётган облавалар нега “ғирт ноқонуний тадбир” эканини ва бу ҳолатга қарши қандай курашиш мумкинлигини тушунтирди.

– Мамут Усеинов воқеаси каттагина шов-шув бўлди, у таниқли одам бўлгани учун шундайдир, балки. Булар бари қандай юз берганини, уни қандай қилиб армияга олишганини тасаввур қила оласизми?

– Ҳа, бемалол тасаввур қиламан. Бунақа ҳолатларда ҳарбий комиссариат одатда полицияга: “Ҳарбий ҳисобда турмайдиган, лекин туриши шарт бўлган муайян фуқаролар рўйхати бор, уларга чақирув хабарномаси юборилган, лекин ҳеч қандай дарак беришмаяпти, уларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақида далолатнома тузилиши керак”, деган мазмунда мурожаат билан чиқади. Ҳар ҳолда қонунда шундай дейилган. Полициянинг ваколатлари шу билан тугайди. Улар ўша одамларни топади ва уларга протокол қилади. Ёдингизда бўлса, 1 октябрдан жарималар кескин ошди. Лекин факт бўйича полиция бунақа одамларни ҳарбий комиссариатга етказиб, уларга нисбатан муддатли ҳарбий хизматга чақириш тўғрисида қарор қабул қилинишини назорат қилиб туради.

Сиз айтган йигитча воқеасида худди шундай бўлган. Билишимча, унда Россия Федерацияси фуқароси паспорти бўлган, 2014 йилда олган экан. Ҳисобда турган-турмаганидан хабарим йўқ, аммо бу ҳозирда военкоматлар учун муаммо эмас. Облавалар бўляпти, одамларни олиб келишяпти ва бир куннинг ўзида ҳисобга қўйиб, тиббий кўрикдан ўтказиб, ҳарбий хизматга чақириш ҳақида қарор қабул қилишяпти ва ўша куннинг ўзида йиғин жойларига жўнатишяпти. Қариндошлар ёки юристлар ва адвокатлар, олдиндан ишончнома қилиб олган тақдирида ҳам ичкарига кириб, бу зўравонларча армияга чақиришга қаршилик кўрсата олишмайди. Комиссариат устидан судга арз қилишлари мумкин, холос. Бироқ бу алоҳида тартиб-таомил бўлиб, икки-уч ой вақт олади. Бу орада одамни ҳарбий хизматни ўташ жойига жўнатишга улгуришади, албатта.

– Комиссариатлар полицияга ҳарбий ҳисобда туришдан қочиб юрган фуқаролар рўйхатини беради, дедингиз. Пировардида полиция масжидларга бораётган экан, демак, номма-ном рўйхат тузилаётган бўлиши мумкин ва полиция уларни масжиддан қидиряптими?

– Йўқ, номма-ном рўйхатда одатда қайд манзили кўрсатилади ва бунақа одамларни уйи атрофидан излашади, йўлаги ёнида пойлоқчилик қилишади.

Масжидларда бўлаётган ишлар – юмшоқ қилиб айтганда, тоқат қилиб бўлмас ҳолат. Бу ерда бошқача йўл тутилмоқда: шунчаки, муҳтамалан Россия паспортига ва ҳарбий мажбуриятга эга фуқаролар тўпланадиган жой “босиляпти”, фуқароликка ўтганлар аниқланиб, комиссариатга келтириляпти. У ҳисобда турадими, йўқми; чақирув ёшидами, йўқми; “отсрочка”си борми, йўқми; соғлиғи қанақа – шу каби қолган барча масалаларга военкоматнинг ўзида аниқлик киритиляпти. Аммо, амалиётдан кўряпмизки, чақирув комиссиялари “отсрочка”си бор ва саломатлиги ҳарбий хизматни ўташ имконини бермайдиган фуқароларни ҳам аяб ўтиришмаяпти. Шунчаки, апил-тапил қарор чиқариб, одамларни ҳарбий хизматга йўллашяпти.

– Сизни тўғри тушунган бўлсам, бу тадбир ноқонуний. Яъни, масжидга келиб, одамларни ушлаб, ҳарбий комиссариатга олиб бориш мумкин эмас?

– Албатта. Бу ғирт ноқонуний тадбир. Умуман, бизда ҳарбий чақирув жуда яхши регламентлаштирилган, бутун жараённи тартибга солувчи қоидалар бор. Чақирув қоғози қандай топширилади, киши ҳарбий хизматни ўташдан бўйин товлаганида қанақа чоралар кўрилиши керак – ҳаммаси назарда тутилган. Лекин комиссариатлар билан полиция армияга чақиришнинг мана шунақа зўравонликка асосланган усулларини ўйлаб топиб, зўр бериб қўллаб келяпти. Аввал ҳамма бирйўла “босилиб”, “керакли” одамлар кейин ажратиб олиняпти. Ноқонуний иш бу.

Бироқ муаммо шундаки, бунга қаршилик кўрсатиш жуда қийин. Кўрдим, петицияларга имзо йиғишяпти, “бир кунда” чақирув амалиётини тўхтатинглар деб судга, прокуратурага шикоятлар ёзишяпти. Жавоб қанақа, биласизми? “Ҳа, бу нотўғри тартиб-таомил, аммо бу чақирув ҳақидаги қарорнинг қонунийлигига ҳеч қандай таъсир этмайди”. Шикоятига айнан шунақа жавоб олган кўплаб одамларни кўрдим.

– Қонунсизликни ўша пайтнинг ўзида, воқеалар бўлаётган чоғда тўхтатиш имкони борми? Масалан, Мамут Усеинов ўша вазиятда нима қилиши мумкин эди?

– Назарий жиҳатдан, дарҳол тегишли тартибда шикоят қилиш мумкин эди. Масалан, полиция хизмат автомобилига ўтирмаслик керак эди. Тўғри, бунақа ҳолларда полиция ходимлари “қонуний талабимизга бўйсунмади” деб, 19.3-моддани “ёпиштириши” эҳтимоли бор. Бу модда билан 15 суткагача беришлари мумкин. Аммо айнан шунақа вазиятларда одатда бундай йўл тутишмайди. Қўрқитиб бўлса ҳам машинага чиқаришади.

Майли, у босқичдан ўтиб, ҳарбий комиссариатга келтиришган бўлса, дарҳол шикоят бериш, чақирув комиссияси қарорини тўхтатиб туриш чораси ўлароқ муқобил фуқаровий хизматни ўташ ҳақида ариза ёзиб, комиссия айнан шу аризани кўришига эришиш лозим. Муддатли ҳарбий хизматни ўташга халал берувчи сиёсий ва диний қарашлари бўлса, буларни ҳам аризада қайд этиш керак. Соғлиқ билан боғлиқ муаммолар бўлган тақдирда эса қариндошлар билан боғланишни, тиббий маълумотнома ва хулосаларнинг асл нусхаларини олиб келишларини илтимос қилишни тавсия этган бўлардим.

Хуллас, айнан илк соатларда мумкин қадар кўпроқ ҳаракат қилиш керак. Дастлабки олти-етти соат ичида ҳеч нимага улгурмасангиз, кейин жуда қийин бўлади. Чунки кейин ишни фақат суд орқали ҳал қилиш мумкин, лекин судда муваффақият қозониш эҳтимоли ниҳоятда паст.

Форум

XS
SM
MD
LG