Ҳар йили октябрь ойида бошланиб¸ бир ой давом этадиган АҚШ Green Card лотереясида қатнашиш учун 18 октябргача топширилган ҳужжатлар бу йил бекор қилинди ва жараëн 18 октябрдан бошлаб янгидан бошланди. АҚШ Давлат департаменти бундай қарор сабабини техник муаммолар билан изоҳлади.
АҚШ Давлат департаменти расмий сайтида эълон қилинган маълумотга кўра¸ АҚШ ҳудудида яшаш ва ишлаш ҳуқуқини берувчи Diversity Visa Program DV-2019¸ ëки Green Card лотереяси учун янгидан ҳужжат қабул қилиш жараëни 18 октябрь¸ эрталабки соат 11 дан бошланади.
Одатда октябрь ойининг биринчи душанбасидан бошланиб¸ бир ой давом этадиган бу жараëннинг 2017 йили кечикишига¸ айрим техник нуқсонлар сабаб бўлган.
“Айрим техник муаммолар боис¸ DV-2019 учун регистрация муддати қайтадан бошланади ва 18 октябргача тўлдирилган ҳужжатлар¸ улар кўриб чиқилиши учун¸ бошқадан топширилиши лозим. Биз ҳужжат топширувчиларга туғилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз. Унда қатнашувчиларнинг барчасига тегишли ҳалоллик ва жараëн яхлитлигини ҳимоялаш учун биз бу йилги регистрация жараëнини қайта бошлашимиз шарт”¸ дейилади расмий баëнотда.
Бу баëнот сўнггига илова қилинган савол-жавоб қисмида айтилишича¸ Green Card лотереяси Давлат департаменти сайтининг хакерлар ҳужумига учраши оқибатида эмас¸ балки ҳужжат топширувчи мансуб давлатнинг лотереяда белгиланган чекловларга дахлдорлигини аниқлаш билан боғлиқ техник муаммо туфайли қайта бошланадиган бўлган.
Green Card лотереяси учун электрон ҳужжат қабул қилиш жараëни 22 ноябрь¸ чоршанба куни ëпилади.
Давлат департаменти баëнотида¸ 18 октябргача Green Cardга топширилган ҳужжатларнинг ҳисобга ўтмаслиги¸ 18 октябрдан кейин эса¸ ҳар бир шахснинг одатдагидай¸ бир марта ҳужжат топшириши мумкинлиги айтилади. Бир ой давом этадиган регистрация жараëнида бир шахс икки марта ҳужжат топширишга уринса¸ унинг иккала регистрацияси ҳам бекор қилинади ва ўзи ўйиндан чиқарилади.
Green Card лотереясида қатнашиш учун ҳужжат топширмоқчи бўлганлар электрон DV формасини расмий E-DV website, dvlottery.state.gov сайтларига кириб 22 ноябрга қадар тўлдиришлари лозим.
Бу аризани қандай тўлдиришга оид йўриқнома Давлат департаментининг - usvisas.state.gov/dv/instructions саҳифасидан топишлари мумкин. Бу йўриқнома дунëнинг аксар тиллари¸ хусусан¸ ўзбек тилида ҳам мавжуд.
Green Card лотереясига қатнашиш учун ҳужжат топшириш бепул ва АҚШ Давлат департаменти бу жараëнда ëрдам таклиф қилувчи ўртакаш ширкатларни эътироф этмайди.
АҚШ Конгресси томонидан белгиланган квотага кўра¸ ҳар йили Green Card лотереяси орқали 50 минг одамга Америкада қонуний яшаш ва ишлаш ҳуқуқи тақдим этилади. 2018 йилги Green Card лотереясида дунë бўйлаб 14 миллион одам ҳужжат топширган.
2019 йили АҚШга кўчиб ўтиш имконини берувчи жорий жараëнда ютиб чиққанлар 2018 йилнинг 15 майидан бошлаб эълон қилинади.