1 декабрь куни хориждаги бир гуруҳ ўзбекистонлик фаоллар АҚШ маҳкамаси қарори билан музлатилган 850 миллион долларлик маблағни Ўзбекистон бошқарув элитасидаги коррупциянинг асл қурбони – ўзбек халқига қайтариш талаби ëзилган петицияга имзо тўплашга киришди.
Бу петиция ташкилотчиларидан бири Ўзбекистон-Германия форуми раҳбари Умида Ниëзова Озодлик билан суҳбатда мазкур ҳаракатдан кўзланган мақсадни изоҳлаб берди.
Айни пайтда¸ 2004 йилда мамлакатда иқтисодий-сиëсий ислоҳотлар талаби билан “Серқуëш Ўзбекистон” номли коалиция тузганидан сўнг ҳукумат қаҳрига учраган ўзбекистонлик собиқ сиёсий маҳбус Санжар Умаров ҳам куни-кеча The Washington Post газетасида айни шундай талаб билан мақола эълон қилди.
Ўз чиқишида Умаров¸ АҚШ Адлия вазирлиги музлатиб қўйган 850 миллион долларлик маблағ Ўзбекистонга бу мамлакатда инсон ҳуқуқларига риоя этилиши бўйича вазият юзасидан қатор шартлар бажарилган тақдирдагина қайтарилиши лозим¸ деган фикрни илгари сурди.
Ўзбекистон марҳум президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнорага оид кўрилган мазкур маблағ телекоммуникация соҳасидаги коррупция жанжали текшируви доирасида музлатиб қўйилган.
Санжар Умаров фикрича, сайланган президент Дональд Трамп маъмурияти бу пулларни коррупция қурбонларига қайтариши керак, бунинг учун Қозоғистондаги “БОТА” жамғармаси каби хайрия жамғармаси тузилиши мумкин. Умаров¸ қолаверса бошқа ўзбекистонлик фаолларга кўра, агар маблағ Тошкентга тўғридан-тўғри қайтариладиган бўлса, бу уни мазкур пулларга ноқонуний эга бўлиб олган кишилар қўлига топширилишини англатади.
АҚШ суди ўтган ой бошида Гулнора Каримовага оид кўрилмиш музлатилган маблағлар тақдирини судсиз келишиб олишлари учун америкалик ва ўзбекистонлик адвокатларга берилган муҳлатни 2017 йил январигача узайтирган.
Озодлик радиосининг Вашингтондаги шарҳловчиси Майк Эккелга кўра, АҚШ ҳукумати музлатилган пулларни Ўзбекистонга қайтаришга мойил. Бироқ Вашингтонни “Бу пулларни ким қабул қилиб олади, уларни ўзлаштириш қандай бўлади, бу пулларнинг қонуний ўзлаштирилиши устидан ким ва қандай назорат олиб боради?” қабилидаги саволлар ўйлантирмоқда.