Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:41

Адвокат Гулнора Каримова ўзи устидан Тошкентда бошланган навбатдаги судга боришдан бош тортганини иддао қилди


Гулнора Каримова¸ расмийларга кўра¸ ҳозирда Зангиота қамоқхонасида сақланмоқда.
Гулнора Каримова¸ расмийларга кўра¸ ҳозирда Зангиота қамоқхонасида сақланмоқда.

Ўзбекистон марҳум президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова устидан яна бир маҳкама жараëни бормоқда.

Олий суд матбуот хизмати эълон қилган қилган қисқа баëнотда¸ маҳкаманинг 8 январь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида бошлангани айтилди¸ холос.

Олий суд хабарига муносабат билдирган Гулнора Каримованинг Швейцариядаги адвокати Грегуар Манжа (Gregoire Mangeat) Каримованинг маҳкамага боришдан бош тортганини иддао қилди.

Gregoire Mangeatнинг навбатдаги судга оид твити.
Gregoire Mangeatнинг навбатдаги судга оид твити.

Ишончли ахборот манбасига кўра¸ Гулнора Каримова ўзига ëрдам берадиган адвокатлар йўқлиги ва ўзбек прокурорлари ўзига босим қилиш учун қуролланган шахслар билан келгани боис¸ кечаги трибуналга боришдан бош тортган”¸ деб ëзди Манжа ўз Twitter саҳифасида 9 январь куни.

Маҳкама бошлангани айтилган кунда эса Каримованинг швейцариялик адвокати:

Афтидан бугун Каримова устидан янги суд бошланади. Судда ҳимоя томони йўқ. Унинг биринчи адвокати, айтилишича, босимлар ортидан 2019 йил охирида ишни ташлаб кетган. Унинг иккинчи адвокати эса¸ бугун¸ командировка боис¸ кетган...” деб ëзди

Бу твитидан кўп ўтмай Манжа¸ судланувчини ҳимоя қиладиган адвокатларсиз суднинг “суд” эмаслиги ҳақида твит қолдирди.

Бу кўпроқ ваколатни суиистеъмол қилиш сифатида таснифланиши мумкин”¸ деди Манжа.

Олий суд расмий баëнотида маҳкамада Гулнора Каримова ва бошқаларга оид жиноят иши бўйича суд мажлиси бошлангани айтилган бўлса-да¸ "бошқаларнинг" кимлиги¸ уларнинг судда бевосита қатнашиш-қатнашмаслиги очиқланмади.

Озодлик жараëн тафсилотлари¸ қолаверса¸ швейцариялик адвокат иддаоларига муносабат олиш учун 10 январь куни Олий суд матбуот хизмати билан боғланди.

Суд мажлиси ëпиқ ўтмоқда¸ шу боис унга оид тафсилотларни очиқлай олмаймиз. У амалдаги қонунчиликка мос равишда олиб борилмоқда. Суд қачон тугаши ва унинг боришига оид бошқа маълумот берилмайди. Ҳукм ҳақида мажлис тугагандан сўнг маълумот берилади”¸ деди Олий суд матбуот хизмати расмийси.

Бу расмий Гулнора Каримованинг бевосита судда қатнашган-қатнашмагани¸ уни қайси адвокатлар ҳимоя қилаëтганига оид қўшимча саволларга ҳам жараëннинг ëпиқлиги боис¸ жавоб берилмаслигини билдирди.

Гулнора Каримованинг Лондонда яшаëтган қизи Имон Каримованинг хорижий адвокатлар томонидан юрғизилаëтган Instagram саҳифасида бу жараëнга кескин муносабат билдирилди.

Бу¸ сўнгги ҳисобга кўра¸ Гулнорага қарши тўртинчи иш. Бундан кўзланаëтган ягона мақсад – уни жисмонан бутунлай йўқ қилишдир”¸ деб иддао қилинди iman.k17 саҳифасида.

8 январь кунги маҳкама арафасида Ўзбекистон Бош прокуратураси жиноий уюшма таркибида товламачилик, бюджет маблағларини талон-торож қилиш ва чет эл давлатларда жиноий даромадларини легаллаштириш каби жиноятларни содир этган Г. Каримова ва бошқаларга нисбатан бўлган жиноят иши юзасидан олиб борилган тергов ҳаракатлари якунлангани, иш судга оширилгани ҳақида маълум қилган эди.

Ҳозиргача бир неча марта судланиб¸ Зангиота колониясида қамоқ жазосини ўтаëтган Гулнора Каримова янги ишда 255 та жиноят эпизодини содир этганликда айбланаëтган уюшган гуруҳга раҳбарлик қилганликда айбланмоқда.

12 декабрь куни Имон Каримова Instagramида сўнгги иш бўйича тергов гуруҳига раҳбарлик қилган Бош прокуратура қошидаги Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бошқармасининг ўта муҳим ишлар бўйича терговчиси Расул Йўлдошевнинг 1 ноябрь санаси билан имзоланган қарори нусхаси эълон қилинди.

Бу қарорида Йўлдошев Ўзбекистон Республикасига Гулнора Каримова томонидан етказилган ахлоқий ва иқтисодий зарар кўламини “тўлиқ ва объектив” аниқлаш учун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) дан “жиноят иши бўйича комплекс экспертиза ўтказиш”ни сўраган.

Бу агентликнинг де-факто раҳбари эса президент Шавкат Мирзиëевнинг тўнғич қизи Саида Мирзиëевадир.

Гулнора Каримова тақдирини ҳал қилишнинг Саида Мирзиëевага топширилганига муносабат билдирган iman.k17 уни “Гулнора Каримовага қарши ишнинг мутлақ ва шак-шубҳасиз СИËСИЙ МОТИВЛАРГА АСОСЛАНГАНИ ва пировард мақсад Гулнорани йўқ қилиш экани исботи”¸ сифатида талқин қилди.

10 декабрь куни Ўзбекистон Бош прокуратураси Гулнора Каримованинг швейцариялик адвокатининг мамлакатга киришини “ўз мижози билан учрашиш учун яратиб берилган имкониятларни суиистеъмол қилган”лик¸ Ўзбекистон қамоқхоналари ҳақида “бўҳтон” тарқатганлик ва "адвокатлик этикасини бузганлик" иддаоси билан тақиқлади.

Озодлик билан мулоқотда Манжа бу айбловларни “мутлақ асоссиз” " ва “жамоатчилик эътиборини чалғитиш учун ўйлаб топилган уйдирма” деб баҳолади.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG