Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:58

"Ҳалоллик вакцинаси" ёхуд 4 йилдан буён "тўлмаётган" даромадлар декларацияси


Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ишлаб чиққан қонун лойиҳасига кўра, қуйидан юқоригача барча мансабдор шахслар, жумладан, Президент ва бош вазир ҳам даромадлар декларацияси тўлдиради. Лекин бу жараён қачон бошланиши маълум эмас.

Давлат амалдорларининг даромад декларацияси тўлдириши ҳақидаги гаплар Мирзиёев ҳокимиятга келган илк ойларда бошланган.

Аксилкоррупция агентлиги томонидан ишлаб чиқилган давлат амалдорлари даромадлари декларацияси тўғрисидаги қонун лойиҳаси ҳозирча идоралараро мувофиқлаштириш жараёнида турибди ва у жорий йилда қабул қилиниши мумкин. Бу ҳақда тилга олинган агентлик расмийлари баёнот берди.

2017

Ўзбекистонда амалдорларга даромадлар тўғрисида декларация тўлдириш вазифаси юклатилиши мумкинлиги тўғрисида дастлабки хабар пайдо бўлганига роппа-роса 4 йил тўлди.

Бу ҳақда хабар қилган нашр Бош прокуратурадан олинган маълумотга таяниб, коррупцияга қарши 2018 йилгача мўлжалланган икки йиллик дастур ишлаб чиқилаётгани, ундаги меъёрлардан бири – давлат ходимлари ҳамда уларнинг оила-аъзолари даромадлари ҳақида декларацияни мажбурий тўлдириш талаби бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар қилган.

2019, май

Орадан икки йилдан кўпроқ вақт ўтиб, 2019 йилнинг 27 майида президент Мирзиёев коррупцияга қарши кураш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонни имзолади. Ҳужжатда давлат раҳбари тегишли идоралардан давлат хизматчиларининг мулки ва даромадларини декларация қилиш тизимини босқичма-босқич жорий этиш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритишни талаб қилган.

2019, октябрь

2019 йилнинг октябрида Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталига муҳокама учун жойлаштирилган қарор лойиҳасига кўра, бош вазир ўринбосарлари, вазирлар ва ҳокимлар 2020 йил 1 январидан мулк ва даромадларини декларациялаши лозим эди.

Қарор қабул қилинса, 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистонда давлат хизматчилари айрим тоифаларининг, шунингдек уларнинг оила аъзоларининг (ота-оналари, турмуш ўртоғи ва фарзандлари, шу жумладан, фарзандликка олинган оила аъзолари) мол-мулки, даромадлари ва харажатлари ҳар йиллик декларациялаш йўли билан назоратга олиниши керак эди. Қарорнинг қабул қилингани тўғрисида маълумот йўқ.

2020, октябрь

Орадан яна бир йил ўтди ва 2020 йилнинг октябрида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбари Алишер Бурхонов давлат хизматчилари даромадларини декларациялаш тизими 2021 йилнинг 1 январидан жорий этилажаги тўғрисида баёнот берди.

2021, 7 январь

Мана энди яна янги муддат белгиланмоқда ва у муддат ҳам конкрет эмас. Нега давлат амалдоридан даромад декларациясини талаб қилишни жорий қилиш тўрт йилдан буён чўзилмоқда?

Бу ва мавзуга оид бошқа саволларга жавобан ўзини Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг ўринбосари – Жамоатчилик билан алоқалар, мурожаатлар билан ишлаш ва халқаро ҳамкорлик бошқармаси ходими деб таништирган амалдор масаладан хабарсиз эканлигини билдириш билан чекланди.

"Қонундан устун"

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбари Алишер Бурхонов 2020 йил, октябридаги чиқишида давлат амалдорлари даромадларини декларация қилиш босқичма-босқич амалга оширилажагини айтган эди. Бу баёнотни айрим таҳлилчилар “ҳокимиятнинг йиллар давомида ўзини оддий аҳолидан мудофаа қилиш учун ўртага жуда чуқур ҳандақлар қазиб олгани” билан изоҳлаган.

2019 йилнинг октябрида лойиҳаси муҳокамага қўйилган қарор нега қабул қилинмади?

Бунинг сабаблари тўғрисида Лондондаги Осиë ва Африка тадқиқотлари институти таҳлилчиси Алишер Илҳомов, ушбу мақола ёзилаётган пайтда Фейсбукда эълон қилган постида бундай ёзди:

“Нега янги қонун лойиҳасини тайёрлаш керак бўлиб қолди? Менингча, қонуннинг биринчи лойиҳасига нисбатан салбий муносабатлар кўп бўлган бўлиши керак. Лойиҳада чиндан ҳам камчиликлар бисёр эди”.

Алишер Илҳомов биринчи лойиҳада даромад декларациясини топширувчилар рўйхатига президент ва бош вазир, парламент депутатлари, судьялар, прокуратура ва куч ишлатар тизимлар раҳбарлари кирмай қолганини, натижада улар қонундан ташқари ва ундан баландга чиқариб қўйилганини, айни пайтда ўта йирик миқёсдаги коррупция айнан шулар ва уларнинг оила аъзолари билан боғлиқлигини айтиб ўтган.

Иккинчидан, деб ёзади Илҳомов, қонун лойиҳасида декларацияларнинг жамоатчиликка тақдим этилиши назарда тутилмаган. Бу ҳолат эса, Илҳомовнинг фикрича, мантиқсизлик ва халқаро тажрибага зиддир.

"Собиқ СССРнинг ғарбидаги Украина, Молдова, Грузия ва ҳатто Россиянинг ўзида ҳам давлат хизматчилари даромадларининг мажбурий декларация қилиниши тўғрисида қонунлар аллақачоноқ қабул қилинган ва бу декларациялар тегишли давлат идораларининг расмий сайтларида эълон қилинади", дейди Алишер Илҳомов.

Иқтисодчи олим Хидирназар Аллақулов давлат амалдорининг даромад декларацияси тўғрисида қонун қабул қилиш ҳақидаги гаплар тўрт йилдан буён чўзиб келинаётганини “жамоатчиликни чалғитишдан бошқа нарса эмас”, деб баҳолади.

Хидирназар Аллақулов
Хидирназар Аллақулов

Олимнинг фикрича, бундай қонун қабул қилинган тақдирда ҳам ҳеч нарса ўзгармайди:

“Ўзбекистон шароитида давлат амалдорининг даромад декларацияси тўғрисида қонун қабул қилинишидан ҳеч қандай наф бўлмайди. Хўп, қонунни қабул қилдилар ҳам дейлик. Нима, президент ёки бош вазирнинг ёхуд ҳоким фаолияти бирор қонун билан назорат қилинадими? Ахир уларнинг қонундан устун туриши ҳаммага маълумку!”

Қўшниларда қандай?

Давлат хизматчиларининг даромад декларацияси топширишини тақозо этувчи қонун бир қатор постсовет давлатларида амал қилади. Жумладан, Қирғизистонда бу каби қонун 16 йил аввал қабул қилинган.

Исҳақ Масалиев
Исҳақ Масалиев

Қирғизистонлик таниқли сиёсатчи, мамлакат парламентининг узоқ йиллик депутати Исҳақ Масалиевнинг айтишича, 2004 йили қабул қилинган қонунга биноан ҳар бир давлат хизматчиси даромади тўғрисида декларация тўлдириб, топширишга мажбур.

“Ҳозир дабдурустдан қайси йил эканлигини айта олмаслигим мумкин. Бироқ сўнгги бир рақам эсимда: 70 минг давлат хизматчиси даромад декларацияси топширган”, деди Исҳақ Масалиев.

Қирғизистонлик сиёсатчининг фикрича, даромад декларацияси коррупцияга қарши балогардон эмас, лекин у кураш учун яхши воситадир. Бу восита тўлақонли ишлаши учун, Исҳақ Масалиевнинг фикрича, “харажатларнинг топширилган декларацияларда кўрсатилган маблағ ва мулкка, яъни даромадга мутаносиблигини қиёслаш механизмини ҳам ишга тушириш керак, биз ҳозирча шу соҳада оқсаб турибмиз”.

"Ҳалоллик вакцинаси"

Давлат хизматчиларининг даромадлари тўғрисида декларация тўлдириш тартиби узил-кесил жорий этилиши пайсалга солинаётган Ўзбекистонда аллақачон бунинг учун махсус ибора ҳам муомалага киритилган.

2020 йил бошида парламентга қилган мурожаатида президент Мирзиёев "ҳалоллик вакцинаси" иборасини ишлатган ва ҳар бир дават хизматчиси шу каби вакцина билан эмланиши кераклигини айтган эди.

"Бу иллатни (корупцияни- таҳр.) йўқ қилмас эканмиз, раҳбарларимизни, ҳалоллик вакцинаси билан эмламас эканмиз, давлатимиз иқтисодиётини юксалтириш, халқимиз ҳаётини фаровон қилишдек эзгу мақсадимизга асло эриша олмаймиз. Коррупция ҳар биримизнинг атрофимизда юрибди, шунинг учун, унга қарши ҳамма бир бўлиб курашиш лозим. Бу ишни тизимли йўлга қўйиш этиш учун алоҳида орган ташкил этилади. Бу орган ҳамма соҳани микроскоп орқали синчиклаб кузатиб боради".

Аммо орадан бир йил ўтиб, мамлакатда фақат бир вакцина - коронавирус вакцинаси ҳақида гапирилмоқда.

Мирзиёев амалдорларни "ҳалоллик вакцинаси" билан эмлашини айтган алоҳида тизим - аксилкоррупция агентлиги эса " ҳамма соҳани микроскоп орқали синчиклаб кузатиб боради"ган даражада қудратли эмас.

Шавкат Мирзиëевнинг 7 декабрь кунги нутқида айтилишича¸ “сўнгги икки йилда ноқонуний хатти-ҳаракати билан давлатга 2 триллион сўм (тақрибан 200 миллион АҚШ доллари-таҳр.) зарар етказган 1986 нафар мансабдор шахс коррупцияга оид жиноятлари учун жиноий жавобгарликка тортилган”.

Айни пайтда ҳозирча жамоатчиликка давлат ва халқнинг 200 миллион долларини ўғирлаганларнинг кимлиги¸ улар орасида бирор катта амалдор¸ хусусан¸ Шавкат Мирзиëевнинг бевосита ўзи ваколат берганлар бор-йўқлиги расман маълум қилинган эмас.

XS
SM
MD
LG