Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:35

“Хонемлар ва джаноблар” – “Ўзбекистон ҳаво йўллари” стюардессалар танловини рус тилида ўтказди


3-5 май кунлари “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси борткузатувчи лавозимига қизлар танлови ўтказди. Бир ўринга қарийб 10 нафар қиз даъвогарлик қилган бу танловнинг давлат тили қолиб¸ асосан рус тилида ўтказилгани¸ унда қатнашган айримларнинг жиддий эътирозига сабаб бўлди.

Уч босқичли "гўзаллик конкурси"

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг 3-5 май кунлари ўтказилган танловни ташкиллаштиришда бевосита қатнашган расмийсига кўра¸ танлов уч босқичда ўтказилган:

- Биринчи босқич¸ фақат рус тилида бўлди. Ундан ўтганлар иккинчи босқичга киритилди¸ учинчи босқич эса¸ асосан¸ инглиз тилида бўлди¸ деди танловни уюштиришда бевосита қатнашган ширкат расмийси.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” ўтказган танловнинг 1- босқичида қатнашган даъвогарлардан бирининг онаси Озодликка давлатга қарашли авиакомпаниянинг ўз танловида давлат тилини очиқча менсимагани ўзини ҳайратга солганини айтади.

Кандидатлар давлат тилини билиши¸ рус тили ва инглиз тилини билиши керак экан. Қизларни группа-группага бўлиб олиб кириб кетишди. Ичкарига кириб кетган қизлар бирин-кетин чиқиб келишди. Айримлари йиғлаб чиқди. Суриштирсам¸ суҳбат фақат рус тилида ўтибди. Берилган саволлар “Корея президенти хотинининг исмию Францияда қанака ороллар бор”¸ деганга ўхшаган бўлипти. Қизимиз уларнинг суҳбатидан ўтолмапти. Аслида ўз тилига қўшимча рус ва инглиз тилини жуда аъло билса ҳам.

Биз билан ўтирган бир адвокат аëлнинг қизи ҳам ўтолмади. "Нимага ўзбек авиакомпаниясида ўзбек қизлар йиқилиб¸ асосан¸ бошқа миллат вакиллари олинди"¸ деб шу ерда ишлайдиган мансабдордан сўради. Бу мансабдор русчалаб "Чиқиб кет кабинетимдан, ўзбекларни кўришга кўзим йўқ , ўзбеклар бунақа ишни эплолмайди"¸ деб ҳайдаб солди. Кастингдан ўтиб стюардессаликка олинганларнинг рўйхатини кўрдим. Бошида 400 га яқин кандидат ичида асосан ўзбек қизлар бўлган бўлса¸ охирида ўзбеклар камчилик. Бизни ҳайратлантиргани “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпаниясида ўзбекларга 2- сорт одамларга қараëтгандек қаралаëтганлиги¸ кастингнинг рус тилида ўтаëтгани, ҳатто эьлонларнинг ҳам фақат рус тилида ëзиб қўйилганидир”¸ деди “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси ўтказган сўнгги танловда қатнашган даъвогарлардан бирининг онаси.

(Озодликка бу ҳикояда тилга олинган "Ўзбекистон ҳаво йўллари" мансабдорининг шахси ҳозирча маълум эмас.)

“Бу халқаро авиаширкат. Ўзбек тили нимага керак?”

Бир неча йилдан бери ширкатнинг халқаро йўналишларида ишлаëтган борткузатувчилардан бирининг Озодлик билан суҳбатда нафақат ишга кириш учун ўтказиладиган танлов¸ балки Ўзбекистон миллий авиакомпаниясида ишлаш жараëнида талаб этиладиган асосий тилнинг ҳам рус тили эканини таъкидлади.

Бу ахир халқаро ширкат. Ўзбек тилини билиш керакдир¸ аммо унча муҳим эмас. Шахсан мен танловдан ўтганда учала босқич суҳбат ҳам фақат рус тилида бўлган. Мен танловгача ўзбек тилидан дарс олдим¸ суҳбатда бир-иккита ўзбекча савол беришди. Мен қийналиб¸ маҳалладошларимдан эшитган жаргонда жавоб бердим. Ўзбек тили унча муҳим бўлмагани учун¸ бу нарса менинг ишга олинишимга халал бермади. “Ўзбекистон ҳаво йўллари”га ишга кириш учун талаб қилинадиган асосий нарса – ташқи кўриниш¸ яъни қизларнинг чиройлилиги. Уларнинг қадди-қомати¸ ўзини тутиши¸ вазни¸ соч турмагию¸ тирноғининг бўялган-бўялмаганига қарашади”¸ дейди Озодликка “Ўзбекистон ҳаво йўллари” борткузатувчиларидан бири ўз шахси очиқланмаслиги шарти билан.

“Давлат тили ҳақида”ги қонун миллий авиаширкатга дахлдор эмасми?

1989 йилнинг 21 октябрида қабул қилиниб¸ 1995 йил декабрида янги таҳрирдан ўтган “Ўзбекистон республикасининг Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг 1-моддасига мувофиқ ўзбек тили мамлакатдаги ягона давлат тили ҳисобланади¸ қонуннинг 10-моддасига мувофиқ “корхоналар¸ муассасалар¸ ташкилотлар ва жамоат бирлашмаларида иш юритиш” давлат тилида олиб борилади.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” давлатга қарашли миллий авиакомпания ҳисобланса-да¸ Озодлик суҳбатлашган ширкатнинг уч ходими¸ бу компанияда ўзбек тилини билиш энг тепадан пастга қадар¸ муҳим эмаслигини таъкидлади.

“Ширкат президентидан бошланг – давлат тилини биладими? Ички йўналишда учувчи қизлар ўзбекча билиши керакдир¸ лекин халқаро линияларга шарт эмас. Ҳозир¸ асосий диққат инглиз ва рус тилларига қаратилган. Ташқи параметрлари тўғри келса¸ рус ва инглиз тилларини яхши билса¸ бўлди”¸ деди авиакомпания стюардессаларидан бири.

Айтилишича¸ “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ширкатида 890 нафар борткузатувчи хизмат қилади. Улар орасида ҳомиладорлик таътили¸ турли ўқув машғулотлари¸ касаллик ва дам олишга кетувчилар борткузатувчилар жами сонининг ярмидан кўпини ташкил этади ва шу боис ширкат ҳар йили баҳор ва кузда бу ишга танлов эълон қилади.

Ишга киришнинг нархи қанча?

Озодликка мурожаат қилган танлов қатнашчилари яқинлари¸ "Ўзбекистон ҳаво йўллари"га ишга киришнинг¸ Ўзбекистондаги қолган барча соҳалар каби¸ ўз норасмий нархи борлигини иддао қилдилар.

"Кастинг номига ўтказилар экан. Ишга киришнинг нархи одамини топишингизга қараб¸ 5 мингдан 7 минг долларгача¸ дейишди"¸ деб иддао қилди мавзу юзасидан Озодлик суҳбатлашганлардан бири.

Узоқ йиллар миллий авиаширкатнинг бошқарув тизимида ишлаган собиқ ходим Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда нафақат ишга кириш¸ балки ички йўналишлардан халқаро йўналишга ўтишнинг ҳам пораси борлигини эътироф этди.

"Лекин 7000 доллар деб¸ бироз бўрттиришган. 2-3 минг атрофида. Аввалги танловларни ўтказган одам¸ пора ортидан ишдан кетди. Ҳозиргилар анча қўрқиб қолган. Лекин барибир¸ пул аралашмайди¸ дейиш қийин. Эҳтиëт бўлиб¸ ишонганларидан олишади ҳалиям. Порасиз кирадиган династиялар ҳам бор - компанияда ишлайдиганларнинг болалари¸ албатта¸ муаммосиз ишга олинади"¸ деди "Ўзбекистон ҳаво йўллари" ширкати собиқ ходими.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари”да ўзбек қизлари дефицит?

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авикомпанияси учун ўзбек тилининг муҳим эмаслиги¸ унинг мижозлари таъкидича¸ рейсларда кўрсатиладиган хизматда ҳам яққол ўз аксини топиб келмоқда.

“Яқинда бир жойдан Ўзбекистонга учиб келаётиб, “Ўзбекистон ҳаво йўллари”(!!!) самолётига чиқдим. Самолёт жойидан қўзғалган пайт, стюардесса қиз “хонемлар ва джаноблар, саамолёт қунишга таёр, қамарларни мягқамланг”, деди. Чидадим, ўрисда ахир, учиш билан қўнишнинг фарқини қаёқдан билсин.

Самолётда учган инсон борки, унда муҳим бир масала алоҳида айтилиб ўтилишини билади, яъни хавфсизлик чоралари. Бизнинг қиз буни мана бундай етказди, “ханимлар ва джаноблар, самолёт парвози пайтда чикиш ва қамраларни бушатиш мумкин эмас, бошқа хавсилик чоралари ҳакида ўтиргичларда жойлашган махсус ислатмалардан билиб олишингиз мумкин”.

Шундан сўнг гапириш навбати русча ва инглизчага ўтди, бу сафар самолёт стюардессалари камар қандай маҳкамланиши, нима сабабдан анави кислород берувчи мосламалар тавсия қилиниши, аллақандай сариқ, камзил не сабабдан кийилиши ва унинг ён томонидаги нимасигадир пуфланишини кўрсатиб туришди.

Англадимки, булар хавфсизлик чоралари ва худо кўрсатмасин нимадир содир бўлса қилиш зарур бўлган ҳаракатлар, аммо уларнинг ҳаммаси фақат рус ва инглиз тилида, ўзбекчада эмас, сабаби ўзбекларнинг хавфсизлиги у қадар муҳим эмас.

Истаган мамлакат самолётида стюардесса ўз мамлакати тили ва инглиз тилида гапиради, бизда ўзбек тили фақат хуш келибсиз ва оқ йўл деганда эсланади, холос. Қолган пайт фақат рус ва инглиз тилларидан фойдаланилади. Бу ҳам аслида ўзбек тилига нисбатан геноцидни англатади”¸ деб ëзди Нидои Муслим тахаллуси билан ëзган блоггерлардан бири.

XS
SM
MD
LG