Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:59

Каримовнинг ҳайкали қанчага тушади?(ВИДЕО)


Ушбу расмда Ислом Каримов "Шаҳидлар" ҳиëбонидаги монумент қурилишини муҳокама қилмоқда.1999 йилнинг 27 августи.
Ушбу расмда Ислом Каримов "Шаҳидлар" ҳиëбонидаги монумент қурилишини муҳокама қилмоқда.1999 йилнинг 27 августи.

Марҳум президент Ислом Каримов ҳайкалини яратиш бўйича халқаро ижодий танловни ташкил этиш тўғрисида Ўзбекистоннинг янги сайланган президенти Шавкат Мирзиёевнинг қарори эълон қилинди.

Бундан олдин Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида сайловчилар билан учрашув пайтида Каримовга ҳайкал қўйиш ташаббуси билан чиққан эди.

Озодлик манбаларининг айтишича¸ Ислом Каримов ҳайкалини яратиш борасидаги қарор ортидан Ўзбекистон Бадиий академиясида халқаро танловни ташкил қилиш бўйича комиссия иш бошлаган.

Танловда иштирок этиш истагини билдирган ҳайкалтарошнинг Озодликка айтишича, Каримовнинг бронзадан қуйиладиган монументини яратиш учун камида ярим миллион АҚШ доллари лозим.

Ислом Каримов номини абадийлаштириш бўйича қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Каримов даврида ишдан ҳайдалиб, Мирзиëев даврида қайтарилган Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Абдулла Арипов зиммасига юклатилди.

Озодлик бундан олдин ўз манбаларига таяниб Каримовга ҳайкал қўйиш масаласи таниқли ҳайкалтарош¸ Амир Темур ҳайкали муаллифи Илҳом Жабборов билан маслаҳтлашилгани ҳақида ëзган эди. Манбаларнинг ишонишича¸ Ўзбекистоннинг янги раҳбарияти “Амир Темур ҳайкалини ясаган ҳайкалтарошнинг Ислом Каримов ҳайкалини ҳам ясашини” маъқул кўришган.

Шахс улуғланишига қарши бўлган Каримов қандай улуғланмоқда?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:30 0:00

Бир тоннагача бўлган ҳайкал бепул ташиб берилади

Ўзбекистон бадиий академиясидаги Озодлик манбасининг айтишича¸ шу кунларда халқаро танловни ташкил қилиш бўйича комиссия иш бошлаган:

-Танлов¸ танлов бўлганида ҳам халқаро танлов бўлади. Халқаро танлов дегани бу ўзбек ҳайкалтарошлари¸ жумладан Илҳом Жабборов иштирок этмайди дегани эмас. Умуман бу ишга жиддий ëндашилмоқда. Сарф ҳаражатни камайтириш учун танловда қатнашадиган ҳайкалтарошларга шароитлар яратиш масаласи ҳал қилинди. Агар улар чет элдан келишса¸ улар олиб келган ҳайкал намуналаридан бож тўлови олинмайди. Бир тоннагача бўлган юклари учун учоқда багаж ҳақи олинмайди¸ дейди манба.

Қарорда айтилишича, Ўзбекистон ТИВга халқаро танловнинг хорижий қатнашчиларига кириш визаларини консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан расмийлаштирилишини таъминлаш вазифаси топширилган.

Қиммат тадбир

Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонасига яқин манбанинг айтишича¸ элчихона ходимларига “Халқаро танлов ҳақида чет эл ҳайкалтарошларига маълум қилиш” вазифаси ҳам юкланган.

Россиядаги Ўзбекистон элчихонаси орқали халқаро танловга таклиф олган таниқли ҳайкалтарошнинг айтишича¸ (ҳайкалтарошнинг исми шарифи Озодликда мавжуд, аммо, ижодкор истагига кўра¸ исми сир тутилади - таҳририят) давлат сиймоси бўлган монумент яратиш харажатталаб ишдир:

- Мен Россия ҳукмдорлари ҳайкалларини ишлаган рассом сифатида тажрибам бор. Шу боис Тошкентдаги танловда иштирок этаман. Танлов қоидасига кўра ҳайкал вариантларини таклиф қилганлар фақат рақам билан белгиланади. Яъни аноним қолади. Шу боис исмим сир қолсин. 2005 йилда мен шунга ўхшаган монумент яратганман бронзадан. Ўша пайтда ҳайкалга 500 минг АҚШ доллари сарф бўлган эди. Тошкент проекти бундан кам бўлмайди. Бу нарх бронза Санкт-Петербургда қуйилиш билан қўшиб ҳисоблагандаги нарх. Агар Италияда қуйилса янада қимматлайди¸ дейди ҳайкалтарош.

Ҳайкал Каримовга ўхшасин

Суҳбатдош назарида¸ Ислом Каримовга қўйиладиган ҳайкал реализм услубида ясалиши лозим:

- Бошқа функционерлар каби Каримов ҳам консерватив одам бўлган. Ҳозирги Тошкент мулозимларини дунëқараши ҳам шундай. Шу боис ҳайкал реалистик бўлиши керак. Мен Озарбайжон президенти Ҳайдар Алиев ҳайкалини ясаганимда ҳам шу андишадан келиб чиқиб янглишмадим¸ дейди суҳбатдош.

Озодлик билан суҳбатда рассом ярим миллион долларнинг бу каби ҳайкал учун камтарин ҳаражат эканлигини тушунтирди:

- Эскиз тасдиқланганидан кейин¸ мастштабли эскиз яратилади. Кейин ҳайкал юмшоқ материалдан ясалади. Кейин у парчаларга бўлиниб, виксинт форма олинади. Кейин эса мум форма қилинади. Ана шундан кейин бронза қуйилади. Ҳайкал бир бутун қилиб йиғилгач¸ чеканка қилиниб ғадир будури текисланади. Якуний сайқал эса ҳайкал ўрнатилганидан кейин амалга оширилади. Буларни ҳаммаси вақт¸ маҳорат ва харажат талаб қилади¸ дейди ҳайкалтарош.

Тошкентдаги танловда қатнашиш истагини билдирган таниқли қозоқ ҳайкалтароши Эрбўл Мелдибековнинг фикрига кўра¸ танлов якуни ҳар доим ҳам эстетика ва бадиий жиҳатдан мантиқли бўлмайди:

- МДҲда ўтадиган тендер ва танловлар доимо холис бўлмайди. Коррупция¸ таниш-билишчилик унсурлари бўлади. Марказий Осиëда ҳайкал танлов деган гап, фақат расмиятчилик. Совет давридан ҳам ëмон. Совет даврида озгина бўлса ҳам монументал соҳада мутахассислар фикри инобатга олинган. Лекин шундай бўлса ҳам мен Каримов ҳайкали танловида қатнашаман¸ дейди таниқли ҳайкалтарош.

Абадий Каримов

Каримов номини абадийлаштириш таклифи у оламдан ўтгани айтилган 2 сентябрда янграгани ортидан Тошкентдаги Жўрабек масжидига “Ислом ота” номи берилди. Россия ва Туркманистонда ҳайкал қўйиш бўйича қарорлар қабул қилинди. Оқсарой биноси эса Каримов музейига айлантирилиши маълум қилинди.

Каримов даврида монументлар бадарға қилинган эди

1997 йилда Ўзбекистон президентининг матбуот котиби Мурод Муҳаммад Дўст ТВ орқали чиқиш қилиб, мамлакатда Каримовнинг тасвирлари кўча ва майдонлардан олиб ташланишини маълум қилган эди.

Шундан кейин фақат мулозимлар кабинетидагина Ўзбекистон президенти Ислом Каримов портретини осишга изн берилди.

1994 йили Фарғона вилоятига кираверишда ўрнатилган рамзий дарвоза пештоқидаги Ислом Каримов ҳайкали олиб ташланди.

Тошкентдаги Кока-кола заводи дарвозасига дарж қилинган Каримов сиймоси ҳам ўчирилди.

Каримов буйруғи билан Ўзбекистоннинг биринчи раҳбарлари Файзулла Хўжаев¸ Йўлдош Охунбобоев¸ Акмал Икромов¸ Усмон Юсупов ва Шароф Рашидовга қўйилган ҳайкаллар демонтаж қилинди ва улар номига қўйилган кўчалар қайта номланди.

Айнан Ислом Каримов буйруғи билан Ўзбекистон тарих музейи девори марказида Каримов тасвири бўлган панно ўчириб ташланди.

XS
SM
MD
LG