Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:19

Косон ҳокими президентга шикоят қилмоқчи бўлган тадбиркор аёлни урди


Косонлик тадбиркор Фазилат Нормуродова
Косонлик тадбиркор Фазилат Нормуродова

Қашқадарё вилояти Косон туман ҳокими Бахтиёр Ражабов 11 сентябрь куни президент сайëр қабулхонасига шикоят қилиш учун борган тадбиркор Фазилат Нормуродовани кўпчилик олдида калтаклаган.

Фазилат Нормуродованинг Озодликка иддао қилишича, ҳоким Бахтиёр Ражабов барчанинг ўнгида ҳақорат қилган, сўнгра бўғиб тепкилаган.

Ҳокимнинг тепкисидан боши билан бетон ерга йиқилган Фазилат Нормуродова касалхонада ҳушига келгани, шифокорлар эса унга атайлаб бошқа ташхис қўйганини иддао қилади.

Косон тумани ҳокими Бахтиёр Ражабов Озодлик мухбирига тадбиркор аёлни урганини инкор қилди.

Тадбиркор иддаоси

Косон туманидаги бозорда тадбиркорлик қиладиган 49 яшар Фазилат Нормуродовани айтишича, 11 сентябрь куни у туман Халқ қабулхонасига келиши кутилган президент девони вакилига ер масаласидашикоят қилиш учун борганида туман ҳокими Бахтиёр Ражабовнинг қаршилигига дуч келган:

- Мен Халқ қабулхонасига борсам, ҳоким Бахтиёр Ражабов бир бобо билан ниманидир тортишиб ўтирган экан. Эшикнинг қиясидан кўрдим. Кейин улар ташқарига чиқдиларда, мени кўрдилар. Мен ҳокимдан "энди мени ишим нима бўлади, вакил келдиларми", деб сўрадим. Ҳоким эса, сен порталчисан, ёзувчисан деди. Мен портални президентимиз чиқарган дедим-да, у ердан чиқиб кетдим, дейди Фазилат Нормуродова.

Косонлик тадбиркор Фазилат Нормуродова олган жароҳат
Косонлик тадбиркор Фазилат Нормуродова олган жароҳат

"Қорнимга тепганда, бетон ерга орқам билан йиқилдим"

Ҳоким ҳам кўчага чиқиб кетаётганда, тадбиркор ундан яна бир марта муаммосини ҳал қилиб беришини илтимос қилгани, лекин бу илтимос оқибатида ҳоким ўзини калтаклаганини айтади:

- Чиқиб скамейкага бориб ўтираётгандим, ортимдан ҳоким ҳам чиқиб келди. Мен, "Бахтиёр ака, бир-биримизни ёзувчисан, порталчисан, демайлик. Ишимни ҳал қилиб берсангиз айтинг, бўлмаса қилмайман денг", дедим. Кейин, ҳоким мени уятли сўзлар билан сўкиб, хоҳлаган жойингга бор, деди. Шунақа ҳам ёмон сўзлар билан сўкдики, мен ҳам унга оғзаки жавобини бердим. Шунда ҳоким, сўкиниб олдимга югуриб келди-да, томоғимдан ушлаб бўға бошлади. Ҳам бўғарди, ҳам бир қўлини ажратиб урарди. Атрофдаги тўрт-беш одам югуриб келиб, аранг ажратиб олишди. Ажратишганидан кейин ҳоким қорнимга қаттиқ тепди ва мен орқам билан бетон ерга йиқилдим, дейди Фазилат Нормуродова.

Косонлик тадбиркор Фазилат Нормуродова бу излар ҳокимнинг қўлини қаттиқ сиқиши оқибати эканини иддао қилади.
Косонлик тадбиркор Фазилат Нормуродова бу излар ҳокимнинг қўлини қаттиқ сиқиши оқибати эканини иддао қилади.

Тадбиркор шундан сўнг касалхонада ҳушига келганини айтади:

- Орқа мия билан йиқилган эканман, бошқа ҳеч нарсани эслолмайман. Кўзимни очганимда касалхонада ётган эканман. Мени "Тез ёрдам" олиб кетибди. Миям қаттиқ чайқалган экан. Ётган жойимда беш кун қусиш тўхтамади. Ҳозир ҳам бошим жойида эмас, айланади, қусаман, дейди тадбиркор.

"Атайлаб дўхтирлар ташхис қўйишмади"

Фазилат Нормуродованинг иддао қилишича, касалхонада уни бошқа ташхис бўйича даволашган:

- Духтурлар мени фақат давления, юрак касал деб даволашган. Мен уларга айтяпман, ҳой инсонлар, менинг юрагим яхши, бошим айланяпти десам ҳам, травмотологиядан кардиологияга ўтказишмоқчи бўлди. Бошимни умуман текширишмади. Кейин буларга ишонмай Тошкентга бориб, бошимни МРТ қилиб келдим. Духтурлар миянгиз чайқалиб, жароҳат олган экан, деб, бир дунё дори ёзиб берди. Ҳозир ўша дориларни олиб ётибман, дейди Фазилат Нормуродова.

Тадбиркор касалхона шифокорларини ҳоким буйруғини бажарганликда айблайди:

- Духтурлар ўзлари ҳам нотўғри иш қилишаётганини билиб туришибди. Ҳокимга қарши бориб бўладими, яхши бўлиб кетасиз, опа, дейишаяпти. Шунинг учун ҳам, бугунгача аниқ ташхис қўйишмаган. Касалхонага "Тез ёрдам" ўша куни соат 10ларда олиб келган бўлса, яшириб ушлаб ўтиришган, травмотологияга соат 4 ларда ўтказишган, дейди Фазилат Нормуродова.

Косон тумани марказий касалхонаси травмотология бўлими бошлиғи Фарҳод Турсунов 1 октябрь куни Озодлик билан суҳбатда, Фазилат Нормуродованинг касаллик тарихи ёдида йўқлиги, 2 октябрь куни тарихни кўриб айтишини билдирган эди.

Аммо Турсунов Озодликнинг 2 октябрь куни қилган қўнғироқларини жавобсиз қолдирди.

Ҳоким жавоби

Косон тумани ҳокими Бахтиёр Ражабов 2 октябрь куни Озодлик билан суҳбатда Фазилат Нормуродовани урганлигини инкор қилди:

- Қаердан эшитасизлар бу гапни, урган-пурган деган. Нима, бизнинг бошқа ишимиз йўқми? Шунча меҳнат қилаяпмиз, шунча ривожланиш бўлаяпти, буни кўрмай туриб, урди-урди, дейсизлар. Безовта қилманглар, бунақа урди-сурди билан, деган ҳоким алоқани узиб қўйди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматининг Озодликка билдиришича:

“Ф. Нормуродовани аризаси асосида терговга қадар текширув олиб борилмоқда, унинг доирасида суд-тиббиёт экспертизаси тайинланган. Экспертиза хулосасига кўра ЖПК нормаларига биноан тегишлича чоралар кўрилади, жиноят иши кўзғатиш масаласи экспертиза хулосасига боғлиқ”.

Озодлик олган маълумотга кўра, 2 октябрь куни Қашқадарё вилояти прокуратураси терговчилари Косон туманига бориб, воқеани ўрганишга киришган.

Терговчилар Фазилат Нормуродова билан учрашиб, ундан бўлган воқеа ҳақида кўрсатма олган ва тадбиркор аёл даволаниш учун туман касалхонасининг кардиология бўлимига ётқизилган.

2 октябрь куни Озодлик гаплашган Фазилат Нормуродова ўз эътирозига қарамасдан, неврология эмас, яна кардиология бўлимига ётқизилганидан таажжубда эканини яширмади.

Уронғич ва сўконғич ҳоким

Косон тумани ҳокими Бахтиёр Ражабовнинг қўл остидаги ходимларини калтаклагани ҳақида илгари ҳам Озодлик хабар берган эди.

Ўтган йилнинг 14 майида Косон қишлоқ фуқаролар йиғини, Халқобод қишлоғида яшовчи 27 яшар Бекзод Ҳусенов ҳоким Бахтиёр Ражабов ҳокимлик биносидаги хизмат хонасида ўзини калтаклаганидан шикоят қилган эди.

Бу воқеадан икки ой ўтиб, 18 июлда Қашқадарё вилояти Косон туманида фермерлик қилиб келган Ўктам Эшмуродов даласидаги шийпонда ўзини осди. Бу ҳақда Озодликка хабар берган суиқасд тафсилотларига яқин косонликлар иддаосича, 43 яшар фермер буғдой режасини бажара олмагани учун айни ҳокимдан калтак еганидан сўнг ўзини ўлдирган.

Ўтган йилнинг декабрида Озодликка келган 40 секундлик қисқагина аудиода Косон туман ҳокими Бахтиёр Ражабовники эканлиги иддао қилинган овоз эгаси, афтидан, олдида турган номаълум бир шахсни шундай деб ҳақорат қилади:

“Сан ҳайвонсан. Ман санинг кўтанингни суғуриб оламан шу пайт. Ёзовурасан ҳокимни тилга олиб. Қ...имни ейсан. Акангам, укангам, манга ... (тушунарсиз) ... берадигани ҳали онасини ...дан туғилгани йўқ. Тушундингми? Ман сан ҳайвонга ёрдам қиламан, деб, акангга илтимос қилиб, шунга бер, битта қориндан туғишгансан, деб ётсам, акамдан пул олган, деб ёзасан?! Мана, Қуръон урдими? Ҳали сани ҳам уради. Ман санга айтяпман. Қара ана, озибгина қопсанку қ...қа ўхшаб. Бунданам баттар бўласан. Чунки сан муттаҳамсан. Пулни сан опқўйгансан, ман эмасман”.

Озодликда чоп этилган бу иддаолар муносабати билан Косон туман ҳокими Бахтиëр Ражабовга нисбатан бирор қонуний чора кўрилгани ҳақида маълумот йўқ.

2017 йилнинг 22 декабрида парламентга қилган мурожаатида президент Мирзиёев ҳокимлар зўравонлигини танқид қилган эди.

“Одамларни ҳақорат қилишга ким ҳокимларга ҳуқуқ берди?!” деб хитоб қилганди президент жаҳл билан.

Мирзиëев: Ҳокимга ким ҳуқуқ берди бировни ҳақорат қилишга?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:38 0:00

XS
SM
MD
LG