Линклар

Шошилинч хабар
21 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:27

Қашқадарёда ИИБ олиб кетган фуқаро вафот этди. Унинг “алкоголдан" ўлгани иддао қилинмоқда


 Ўзбекистонда кейинги йилларда қийноқ қўллагани учун ўнлаб ИИБ ходими жазоланган. (Иллюстратив сурат)
Ўзбекистонда кейинги йилларда қийноқ қўллагани учун ўнлаб ИИБ ходими жазоланган. (Иллюстратив сурат)

Жорий йилнинг 11 февраль куни Қашқадарё вилоят, Миришкор туман, “Чандир” маҳалласида яшовчи Юсуф Султонов ИИБ ходимлари томонидан олиб кетилган ва орадан 6 соат ўтиб, яқинлари унинг ўлганидан хабар топишган.

Воқеа гувоҳларига кўра, 37 яшар Юсуф Султонов ўша куни маст бўлиб жанжал чиқаргани боис қўшнилари унинг устидан ИИБга шикоят қилган.

Миришкор ИИБсига кўра, Султоновни текшириш учун наркология диспансерига олиб боришган пайти унинг соғлиги оғирлашиб, касалхонага ётқизилган ва шу ерда унинг жони узилган.

Марҳумнинг яқинлари Султоновнинг ўлимига унга нисбатан ИИБ ходимлари томонидан куч қўллангани сабаб бўлганини тахмин қилишмоқда.

Султоновни уйидан олиб кетган ИИБ майори Озодлик билан суҳбатда марҳумга нисбатан куч қўлланилмагани, "у меъёридан ортиқ алкогол ичгани сабаб" ўлганини иддао қилди.

ИИБ олиб кетган йигитнинг уйга ўлиги келди

Воқеа гувоҳларига кўра, Юсуф Султонов 11 февраль куни кечки соат 5ларда маст бўлиб уйида жанжал чиқарган, кейин қўшнилари билан ҳам жанжаллашган.

Қўшнилардан бири ИИБга қўнғироқ қилиб, Султонов устидан шикоят қилгач, “Чандир” МФЙ профилактика нозирлари етиб келган.

Нозирлар Юсуф Султоновни уйидан олиб кетганидан тахминан 6 соат ўтиб, яқинлари унинг ўлганидан хабар топишган.

12 февраль куни эрталаб Юсуф Султоновнинг жасади уйига олиб келинган ва шу куни у дафн қилинган.

Марҳумнинг яқинлари Озодлик билан суҳбатда Султоновнинг ўз ажали билан ўлганига шубҳа қилишларини айтишди.

“Маст бўлгани учун аҳволи оғирлашиб ўлганини айтишди. Юсуф шу пайтгача ҳам ғирт маст бўлгунча ичарди. Бировга туҳмат қилишга қўрқаман. Лекин ИИБ олиб кетганидан сўнг унинг ўлгани барибир шубҳа туғдиради”, -деди марҳумнинг яқинларидан бири.

Марҳумнинг бошқа бир яқинига кўра, ИИБ ходимлари Султоновнинг ўлимида уларнинг айби йўқлигини ва “Султонов ароқ кўп ичиб қўйгани учун комага тушиб ўлгани”ни айтишган:

"Маъракада хотини ва болаларининг дод-фарёдига чидаб бўлмади. Юсуф оиласини мардикорлик орқасидан боқарди. Жуда камбағал яшашади. Уйининг дераза ва эшиклари ҳам йўқ. Дафн куни маҳалла-кўй уйига эшик ўрнатиб беришди. Маракаларнинг ҳаражатларини ҳам қўшнилари кўтарди. Оилада бир сўм ҳам пул йўқ экан. Хотини ҳеч қаерда ишламайди. Энди қандай кун кўришади, ҳайронман. Юсуфнинг хотини билан ҳатто загси йўқ эди. Бир қиз, бир ўғли бор. Иккала болада ҳам шу пайтгача туғилганлик гувоҳномаси йўқ. Қизи яқинда мактабни битиради. Ҳеч бўлмаса, болаларига ҳокимлик ҳужжат қилиб берса бўларди. ИИБ келиб, "тушунтириш" ўтказибди, "Юсуф ароқдан ўлди" дебди".

Майор изоҳи: Султонов алкоголдан ўлди

Озодлик Юсуф Султоновни 11 февраль куни уйидан олиб кетганлардан бири - ИИБ майори билан суҳбатлашди:

“11 февралда Султоновнинг қўшнисидан визов тушди. Ёрдамчиларим билан уни аввал маҳалладаги таянч пунктига олиб бордик. Қўшни ариза ёзди. Султоновни вилоят наркология диспансерига олиб бориб, мастлик даражасини аниқлаш учун “Алоқа хати” тўлдирдик. РОВДга қўнғироқ қилиб, хатни қайдга олдириб, “чиқим” қилдик. Кейин уни машинада наркологияга олиб бордик. Ўша ерда мазаси қочгач, Шошилинч тиббий марказга олиб бордик, у ерда 2 соатча ётгач, ўлган”.

Майор марҳумнинг ўлимида иибчиларнинг айби йўқлигини иддао қилди:

“Машинада Қаршига боргунча ухлаб борди. Ҳозир ҳар-хил гаплар чиқяпти. Лекин биз унга қўлимизни ҳам теккизмадик. Агар мазаси йўқлигини айтганида, тўғри касалхонага олиб борардик. Унинг қонида меъёридан ортиқ алкогол борлиги аниқланди. Экспертиза ҳам қилинди. Лекин ҳали бери экспертиза хулосаси чиқмайди, уни кутиш керак. Ҳолатни прокуратура ўрганяпти”.

ИИБ майори марҳумнинг оиласи билан “тушунтириш” ўтказилганини ҳам айтди:

“Оиласи билан гаплашиб, тушунтириш ўтказдик. Султонов касалхонада алкогол комасига тушгани сабаб ўлган. Яқинлари тушунди. Даъвои йўқ бизга. Ўзи Султонов профилактика назоратида эди. У аввалроқ наркологияда ётиб, даволаниб ҳам чиққан. Кейин хотинини ургани учун ҳокимлик унинг хотинига “ҳимоя ордери” берган. Лекин Султонов барибир хотинига қўл кўтаргани учун ўтган ёзда 15 сутка ўтириб ҳам чиққан”.

Қашқадарё вилоят наркология диспансеридан Юсуф Султоновга оид бирор маълумот олиш имкони бўлмади.

Қашқадарё Шошилинч тиббий ёрдам маркази ходимларидан олинган маълумотга кўра, дастлабки тиббий текширувлар Султонов "алкоголдан вафот этганини кўрсатган".

"Бемор Султоновда "алкогол абстинент синдроми" бўлган. Кейин у "алкогольная кома" ҳолатида бўлган. Бу фақат дастлабки тиббий хулоса. Ҳаммаси экспертизадан кейин аниқ бўлади", деди матбуотга гапириш ваколати йўқлиги сабаб исми очиқланмаслигини сўраган шифокор.

Миришкор туман Ички ишлар бўлими маълумоти бўйича, 11 февраль куни Юсуф Султонов ИИБ биносига олиб келинмаган. Уни профилактика нозирлари "Чандир" маҳалласидан тўғри Қаршига олиб кетишган.

“Юсуф Султонов Миришкор тумани ИИБга олиб келинмаган ва у бу ерда ўлмаган. Профилактика нозирлари "Алоқа хати"ни телефон қилиб "Чиқим" қилишган” деди навбатчилик қисми ходими Озодлик билан суҳбатда.

Миришкор ИИБ ходимларига кўра, Юсуф Султонов ўлими бўйича Қарши шаҳар прокуратураси терговолди суриштирувларини олиб бормоқда.

Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддиновга Юсуф Султонов ўлими бўйича қўшимча маълумот беришни сўраб, мурожаат қилдик. Ҳозирча бирор изоҳ берилмади.

Қашқадарё милицияси билан боғлиқ ўлимлар

Қашқадарёда ИИБ ходимлари фуқаролар ўлимида айбланган ҳолатлар аввал ҳам кузатилган.

Ўтган йилнинг 25 июль куни Қашқадарё вилояти Нишон тумани ИИБнинг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлимига олиб келинган фуқаро Нурсоат Муҳаммадиевнинг жасади яқинларига топширилди. ИИБ органи унинг вилоят наркологик диспансерида вафот этгани, марҳумнинг яқинлари эса унинг уриб ўлдирилганини иддао қилди, қийноқ излари борасидаги важлар текширилмади.

"Худо урган". ИИВ фуқарони уриб ўлдиргани иддао қилинган ходимларни ҳимоя қилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:15 0:00

2020 йилнинг сентябрида жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди Чироқчи туманида мол ўғирлаганликда гумон қилиниб, ИИБ биносига олиб кетилган ва ўша ерда калтакланишдан вафот этган 32 ёшли Юсуф Абдураҳмонов ўлимида айбланган беш нафар милиция ходимига 4 йилдан 9 йилгача қамоқ жазоси тайинлаган.

ИИБ ҳибсхонасида қийнаб ўлдирилган эркакнинг оиласи қаровсиз қолди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:09 0:00

2013 йилда Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ тумани Чордара қишлоғида яшовчи 32 ёшли Ҳусниддин Оққўзиев Чироқчи тумани Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан қийноққа солингани оқибатида вафот этгани хабар қилинган.

2012 йилда Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани Ўмакай МФЙда яшовчи 31 яшар Алимардон Бердиқулов Чироқчи тумани милициясида қийноқдан нобуд бўлган ва милиция ходимлари жавобгарликка тортилган.

Ўзбекистон “Қийноқларга қарши конвенция”га қўшилган ва ўз аҳолисини қийноқ жиноятларидан ҳимоя қилиш мажбуриятига эга.

Ўтган йилнинг 26 июнь куни президент Мирзиёев "Қийноқ қурбонларини қўллаш халқаро куни”да қийноқларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги янги қарорни ҳам имзолади.

Шунга қарамасдан мамлакатда қийноқ ҳолатлари тўхтамаяпти.

ИИБ ходимлари "ўлдириб қўйган" солиқчининг онаси адолат изламоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:01 0:00

Президент қароридан сўнг Денов, Нишон ва Тахиатошда фуқароларни қийнаш билан боғлиқ жиноятлар содир этилди. Ҳар учала ҳодиса одам ўлими билан якун топди.

Мазкур ўлимлар юзасидан изоҳ берган Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Шоҳруҳ Ғиёсов қийноқ қурбонларининг ўзларини айблаб чиқди.

Мирзиёевнинг янги қарорига кўра, Омбудсман ҳузурида қийноқларни аниқлаш бўйича гуруҳ ташкил этилди. Эндиликда жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ва етказилган зарарни компенсация қилиш тизими йўлга қўйилади.

Ҳозирга қадар ўлим билан якун топган қийноқ ҳолатлари юзасидан бир неча ИИБ ходими ишдан четлатилган, аммо биронта ҳам юқори мартабали мулозим шахсий жавобгарликни зиммасига олмаган. Ўтган йили Андижон ва Қашқадарё вилоятларида гумондорларнинг қийнаб ўлдирилиши ҳодисалари ортидан ижтимоий тармоқларда Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг истеъфосига чақириқлар янграганди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG