Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:54

ИИВ мулозимлари: Қамоқ ва ҳибсхоналар учун масъул амалдорлар ишдан олинди


ИИВ мулозимлари¸ ишдан олинганлар орасида ИИВ Қоровул қўшинлари қўмондони, генерал-майор Дмитрий Пан ҳам борлигини айтмоқда.
ИИВ мулозимлари¸ ишдан олинганлар орасида ИИВ Қоровул қўшинлари қўмондони, генерал-майор Дмитрий Пан ҳам борлигини айтмоқда.

Президент Шавкат Мирзиëев қарори билан Ички ишлар вазири ўринбосари¸ ИИВ Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси бошлиғи ва Қоровул қўшинлари қўмондони – жами ўнга яқин юқори лавозимли амалдор ишдан олинди.

Ҳозирча жамоатчиликка расман очиқланмаган бу кадр ўзгаришлари ҳақида Озодликка бевосита ички ишлар тизимининг бир-биридан мустақил бир неча мулозими хабар берди.

Бу ҳақда матбуотга маълумот бериш ваколати йўқлиги боис лавозими очиқланишини истамаган мулозимлар бу ўзгаришларни "тозалаш" деб атади ва бу жараённинг Ўзбекистон қамоқхона ва ҳибсхоналарида давом этаëтган қийноқлар¸ одамларнинг ўлдирилиши ва айрим VIP маҳбусларнинг пора эвазига қамоқдан чиқиб-кириб юргани ҳақидаги маълумотлар ортидан бошланганини иддао қилди.

Ички ишлар вазирлигининг Озодлик расман мурожаат қилган мулозимлари¸ бу маълумотни на тасдиқлади ва на инкор қилди.

19 ноябрь кунги селектор йиғилишида ўқилган қарор

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг шахси очиқланмаслигини сўраган мулозимига кўра¸ 19 ноябрь куни Бош вазир Абдулла Арипов видеоселектор йиғилиши ўтказган.

Унда хусусан¸ ИИВ тизими мутасаддилари қатнашган.

19 ноябрь куни Бош вазир Арипов селектор ўтказиб, Ички ишлар вазирининг Жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари¸ полковник Муҳиддин Жўраевнинг ишдан олингани ҳақидаги президент қарорини ўқиб берди. Бу қарорнинг сабабларидан бири¸ республикадаги вақтинча ушлаш ҳибсхоналарида ИИБ ходимлари томонидан уриб ўлдираётганлар сонининг кўпайганидир. Бир кун олдин Озодлик Булунғур ИИБсида сўроққа олиб келинган шахснинг қийноқлардан ўлгани ҳақидаги оиласи шикоятини берган эди. Афтидан¸ шу маълумот ҳам Жўраевнинг бўшатилишига туртки бўлган”¸ деди Озодликка селектор йиғилиши тугаши билан хабар йўллаган ИИВ мулозимларидан бири.

Селектор йиғилишида юқори лавозимли бошлиғи қатнашганини айтган мулозим¸ ИИВ ҳузуридаги Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси бошлиғи ҳам ишдан олинганини билдирди.

ИИВ жорий йилнинг 2 январь куни бу лавозимга полковник Пормонов Бахтиёр Пулотович тайинлангани ҳақида расмий хабар берган эди.

Айни пайтда бу мулозим¸ калтаклар оқибатида Фарғона ва Самарқанд вилояти ИИБларига сўроққа чақиртирилган одамлар ўлганига қарамай¸ “бу вилоятлар ИИБ бошлиқларининг жазо олмагани ва ишдан бўшатилмаганидан таажжубда” эканини қўшимча қилди.

“Шунингдек¸ яқинда конвойдан одам қочгани учун Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғига чора кўрилмади¸ жазо ҳам олмади”¸ деди ИИВ мулозими.

“Собиқ амалдорлар қамоқхонадан чиқиб-кириб юрган”

Озодликка Ички ишлар вазири ўринбосари Муҳиддин Жўраевнинг ишдан олингани ҳақида хабар юборган вазирликнинг бошқа мулозими¸ вазирликдаги ўнга яқин амалдорнинг ишдан кетишига бошқа “жиноятлар” сабаб бўлганини билдирди.

ИИВ ҳибсхонасининг 9 нафар ходими ҳар куни тунда 2000 долларга маҳбусларга милиция кийимини кийдириб¸ уйларига олиб боришган экан. Кириб-чиқиб юрганлар орасида президент қаҳрига учраган собиқ катта амалдорлар ҳам бор. Бу тозалашга асосан шу маълумот асос бўлган”¸ деди “собиқ катта амалдорлар” номини ҳам очиқлаган бу мулозим.

Озодлик бу маълумотни мустақил ва расмий манбалардан тасдиқлатиш имконига эга бўлмагани боис¸ келтирилган номларни эълон қилмаëтир.

Қоровул қўшинлари қўмондони ва яна бошқа расмийлар ҳам ишдан олинди...

Ички ишлар тизими мулозимларининг Озодликка айтишича¸ вазир ўринбосарининг ишдан олиниши билан айни пайтда ИИВ Қоровул қўшинлари қўмондони, генерал-майор Дмитрий Пан¸ Ички ишлар вазирлигининг тергов ҳибсхоналари бошлиғи ва олтита ходими ҳам ишдан олинган.

Ҳозирда уларга нисбатан Жиноят Кодексининг 207-моддаси¸ (Мансабга совуққонлик билан қараш) бўйича иш очилган”¸ деди Озодлик билан ИИВдаги кадр ўзгаришлари ҳақида гаплашган мулозимлардан бири.

Озодликда жиноят ишининг айнан қайси ИИВ мулозимларига нисбатан очилганига оид маълумот йўқ.

ИИВ дан расмий жавоб олишнинг имкони йўқ

Ўзбекистон ИИВсининг жамоатчиликка тақдим этилган телефон рақамларидан бирига жавоб берган мулозим¸ вазир ўринбосари ва бошқа амалдорларнинг ишдан олингани ҳақидаги маълумотни на рад қилди ва на тасдиқлади.

Ўзининг бу ҳақда маълумот бериш ваколатига эга эмаслигини билдирган бу расмий жавоб учун Матбуот хизматига мурожаат қилишни тавсия этди.

ИИВ Матбуот хизматига қарашли деб берилган ягона телефон рақами (256 43 25) факсга улангани боис¸ бу рақам орқали боғланишнинг имкони йўқ.

ИИВга қарашли “Постда” газетаси ходимлари бундай маълумотга эга эмасликларини билдирди.

20-21 ноябрь кунлари ИИВ расмий сайтида раҳбарият ҳақида берилган маълумот рўйхатида Муҳиддин Жўраев ҳамон “вазир ўринбосари” сифатида кўрсатилганича қолди.

XS
SM
MD
LG