Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:57

"Умра" лойиҳаси билан Тошкентга келган саудияликларни ярим миллион долларга туширишди


Қидирувга берилган Бекзод Ибраев. Расм жиноят ишига оид делога тиркалган.
Қидирувга берилган Бекзод Ибраев. Расм жиноят ишига оид делога тиркалган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Олмазор туман судининг 13 март куни Мирзиëд Обидов раислигида ўтган маҳкамасида саудиялик тўрт нафар инвесторни алдаб пулини ўмаришда айбланган уч нафар ўзбекистонлик устидан ҳукм ўқилди.

Ҳукмнинг Озодликка юборилган нусхасида ëзилишича¸ ”уюшган жиноий гуруҳ аъзолари” дея малакаланган Муродбек Шамсиев 12 йил¸ Шавкат Саидвалиев 9 йил¸ Ботир Холмуҳаммедов эса 7 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Саудиянинг Royal Bird for the management Operation and Maintenance ширкати вакилидан ярим миллион АҚШ доллар миқдоридаги нақд пулни алдаб олиб ғойиб бўлган Зокир Салманов ва Шерзод Ибраевлар Ички ишлар вазирлиги томонидан халқаро қидирувга берилди.

Судланувчиларнинг ҳаммаси Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 165-моддаси (Товламачилик)¸ 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 238-моддаси (Ёлғон гувоҳлик бериш) моддаларида кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди.

Суд ҳукми
Суд ҳукми

Ярим миллион нақд долларни фирибгарларга олдирган 60 яшар Абдул Раҳмон Муҳаммад Анаснинг Мардон исмли вакили Озодлик билан суҳбатда ҳукм устидан шикоят қилишини билдирди.

- Норозимиз ҳукмдан. Бизни гувоҳ сифатида расмийлаштириб¸ пулимизни давлат ҳисобига ўзлаштиришмоқчи. Биз Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари тарафидан қабул қилиниб¸ инвестиция киритаëтган пайтда фирибгарлар қурбони бўлдик. Суд айбдорларни қисман қамаган бўлса ҳам¸ бизнинг зараримизни қоплаш йўлини топиб бера олмади¸ дейди жабрланувчи вакили.

Фирибгар ва унинг қурбони. Инвестор Муҳаммад Анас (ўнгда) суд томонидан фирибгарликда айбланиб қидирувга берилган Бекзод Ибраев (чапда) билан.
Фирибгар ва унинг қурбони. Инвестор Муҳаммад Анас (ўнгда) суд томонидан фирибгарликда айбланиб қидирувга берилган Бекзод Ибраев (чапда) билан.

Суҳбатдошнинг айтишича¸ айни фирибгарлик схемаси оқибатида “Ўзбекистонга инвестиция киритмоқчи бўлган Саудия ватандошлари Банун Туркий Салаҳ¸ Ал Маймани Босим Муҳаммад¸ Аллеëни Барра Саудлар ҳам зарар кўрган”.

Бу тадбиркорлар Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасидан 2018 йилнинг 29 октябрида олинган Т-0075-01 рақамли лицензия асосида фаолият юритишган.

Инновацион ривожланиш вазирлигининг Озодлик 4 апрель куни суҳбатлашган вакили бу тадбиркорлар 2018 йил апрель ойида вазир ўринбосари Шерзод Шерматов қабулида бўлгани ва зиëрат бизнеси учун инвестиция киритиш мавзусида суҳбатлашганини айтди.

Вазирлик мулозими инвесторларнинг пули ўмарилгани борасидаги суддан бехабар эканлигини ҳам билдирди.

Ярим миллион долларлик жиноят тарихи

Озодлик саудиялик тадбиркорлар ва улар адвокатлари билан суҳбатлар¸ қолаверса 1-1008-1903/22-сонли жиноят иши тафсилотлари асосида воқеага ойдинлик киритишга уринди.

Жиноят ишидаги ҳужжат ва кўрсатмаларда акс этишича “саудиялик инвесторларни Тошкентга чақириб пулини шилиш ғояси” ҳозирда фирибгарликда айбланиб 12 йилга кесилган Мурод Шамсиев ва халқаро қидирувга берилган 38 яшар Бекзод Ибраевдан чиққан.

Ҳужжатларга кўра¸ айнан Бекзод Ибраев ҳаж қилиш учун 2018 йили Саудияга борганида¸ “инвесторларни илинтирган".

Судланувчи Шавкат Саидвалиевнинг тергов давомида берган кўрсатмасида воқеа тафсилотлари ҳикоя қилинган.

“2018 йил март ойида Ибраев уйимга келди. Ҳаж ибодатини адо этдим ва сизга ўша муқаддас юртдан совға келтирдим¸ деб ҳадялар берди. Саудияда Ўзбекистондан “Ҳаж” ва “Умра” зиëратини ташкил қилишга инвестиция қилишга тайëр шахслар билан танишиб келдим деди. Уларни Ўзбекистонга чақириб олиш ишида қатнашишимни сўради. Эвазига беш нафар менинг одамимни “Ҳаж” сафарига текин юборишга ваъда берди.”

Жиноят ишидаги ҳужжатларга кўра¸ ана шундан кейин Ибраев ўз атрофига ҳозир қидирувга берилган 55 яшар Зокир Салмоновни ҳам тортган. Бу учлик Саудиянинг Риëд шаҳрида яшайдиган тўртта тадбиркорга “Ўзбекистондан “Умра” ва “Ҳаж” зиëратини амалга ошириш учун лицензия-шартнома ва мехмонхона қуриш учун ер участкаси олиб бериш ва энг муҳими раҳбарият “акахонлигини” ваъда қилишган.

Шундан сўнг¸ Саудияда истиқомат қиладиган Афғонистон ватандоши Абдул Раҳмон Мухаммад Анас (M. Abdul Rahman Mohammad Anas) номига Ташқи меҳнат миграциясси агентлиги тарафидан меҳнат фаолиятини тасдиқловчи 1022 рақамли ҳужжат расмийлаштирилади.

Саудия ватандошлари Банун Турки Салаҳ¸( Banoun Turki Saleh S) Ал Маймани Босим Муҳаммад¸ (Al Maimani Basim Mohammad A) Аллехëни Барра Саудларга (Allehyani Barra Saud N) Риëддаги Ўзбекистон элчихонаси тезлаштирилган тартибда виза беради.

Озодликда Инновацион ривожланиш вазирлиги халқаро ҳамкорлик бошқармаси бошлиғининг саудиялик тадбиркорлар билан ëзишмалари нусхаси бор.

Бу ëзувларда Саудия ватандошлари Банун Турки Салаҳ¸Ал Маймани Босим Муҳаммад¸ Аллехëни Барра Саудлар учун “Ўзбекистонда яшил чироқ “ ваъда қилинади.

2018 йилнинг 18 апрелида Риëддан учиб келган тўрт нафар “саудиялик инвестор” Тошкент халқаро аэропорти VIP залида кутиб олинади.

Жиноят иши ҳужжатларида акс этишича¸ “саудиялик инвесторларнинг” Инновацион ривожланиш вазирлигида қабул қилиниши “ҳам вазирлик¸ ҳам кўча болаларига тааллуқли” Нилуфар Юнусова ўз зиммасига олади.

Излар вазирликка бориб тақалди

Озодликда нусхаси бўлган 1-1008-1903/22-сонли жиноят ишида таъкидланишича¸ ҳозирда маҳкум¸ суд тарафидан тўда бошлиғи сифатида малакаланган Муродбек Шамсиев Саудия тадбиркорларидан олган 500 минг АҚШ долларидан 300 минг АҚШ долларини Инновацион ривожланиш вазирлиги Таълим бошқармасида ишлайдиган Нилуфар Юнусовага берган. Юнусова кейинроқ 150 минг АҚШ долларини “иш пишмади”¸ дея Шамсиевга қайтиб берган.

Жиноят ишида вазирлик мулозимаси Нилуфар Юнусова изми зикр қилинган
Жиноят ишида вазирлик мулозимаси Нилуфар Юнусова изми зикр қилинган

Жиноят иши фигуранти Юнусовага нисбатан “тилхат” эҳтиëт чораси қўлланилган.

Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судининг 13 март куни бўлиб ўтган мажлисида Юнусовага нисбатан ажрим ëки ҳукм чиқарилмади.

Суд котибининг Озодликка 4 апрель куни айтишича¸ Юнусова ва бошқа фигурантларнинг айбдор ëки айбдор эмаслиги масаласи суднинг навбатдаги мажлисида кўрилади.

Нилуфар Юнусова айни кунларда Инновацион ривожланиш вазирлигида ишлашда давом этмоқда.

Инновацион ривожланиш вазирлигининг 4 апрель куни Озодлик суҳбатлашган вакили “вазирлик ходимасининг жиноятда гумонланаëтгани борасида” изоҳ бермади.

Вазирлик “приманка” сифатида қўлланилди

Тадбиркор Абдул Раҳмон Мухаммад Анаснинг Мардон исмли вакили айтишича¸ Муродбек Шамсиев бошчилигидаги гуруҳ саудиялик инвесторлардан нақд пул кўрсатишни сўрашган.

- "Бизнинг вазирликдаги одамларимиз ишониши учун пулни нақд шаклида кўришимиз керак. Кейин пулни бир тақволи одамга вақтинча омонат қилиб бериб қўямиз. Банкга қўйсак рибо бўлади"¸ дейилди. Шу шартдан кейингина вазир ўринбосари Шерзод Шерматов билан учрашув аниқ бўлади¸ деб ваъда берди. Оқ-қора елим халтада ярим миллион АҚШ долларини Бекзод Ибраевга бердик. Буни расмга ҳам олиб қўйдик. Ана шундан кейин вазирлик ходимаси Нилуфар Юнусова телефон қилиб вазир ўринбосари сизларни кутаяпти¸ деди.(иқтибос тугади)

Жиноят иши ҳужжатларида “инвестор”ларни Инновацион ривожланиш вазирлиги эшиги олдида Нилуфар Юнусова кутиб олгани ва вазир ўринбосари Шерзод Шерматов хонасига унинг ëрдамчиси Рустам олиб киргани айтилади.

Озодликк тасарруфидаги ҳужжатларда бу учрашув пайтида Инновацион ривожланиш вазирлиги халқаро бошқармаси бошлиғи Искандар Абдураҳимовнинг ҳам иштирок қилгани акс этган.

Абдул Раҳмон Мухаммад Анас вакилига кўра¸ “инвесторлар зиëрат туризми” борасида йилига миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш таклифини илгари суришган.

Озодлик 4 апрель куни суҳбатлашган Инновацион ривожланиш вазирлиги вакилига кўра¸ “бу учрашув хушмуомала ташриф форматидан нарига ўтмаган".

Улар ўзбекларни “Ҳаж” ва “Умра” зиëратига жўнатадиган турфирма очиш ва Имом Бухорий зиëратггоҳига Саудиядан турист олиб келишни ваъда қилишди. Умумий масалалар ва умумий гаплар айтилиб¸ асосий гап кейинги учрашувга қолдирилди”.

Бу учрашувдан сал олдин Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Жасур Акрамов Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Бахтиëр Умаровга расмий мактуб йўллаган эди

Бу ҳужжатда “Умра” ва “Ҳаж” сафарининг хусусий ширкатлар тарафидан ташкил қилиниши мақсадга мувофиқ эмаслиги таъкидланади.

Абдул Раҳмон Мухаммад Анас вакили Озодлик билан суҳбатда “хусусий ширкатларга зиëрат бизнеси тақиқланганини билиб туриб¸ бизни Инновацион ривожланиш вазирлигида алдашди” дея ташвиш билдирди.

Бу учрашувдан кейин¸ суд тергов ҳужжатларига кўра¸ нақд 500 минг АҚШ долларини олган Муродбек Шамсиев бошлиқ гуруҳ “телефонларини ўчириб қўйиб¸ инвесторлар билан алоқани узади”.

Суҳбатдошнинг Озодликка айтишича¸ “бу пайтга келиб бу пулни олган гуруҳ кўздан ғойиб бўлган ва Инновацион ривожланиш вазирлиги мулозимаси Нилуфар Юнусова мен сизларни танимайман” деб туриб олган.

- Шу пайтда бизни чув туширишганини тушуниб етдик¸ дейди суҳбатош.

Озодлик билан 4 апрель куни гаплашган Инновацион ривожланиш вазирлиги вакилига кўра¸ фирибгарлар вазирликдаги учрашувдан “приманка” (қармоққа илдириладиган хўрак) сифатида фойдаланишган.

Пулидан айрилган тадбиркорлар аризаси ортидан жиноят иши очилиб¸ 2018 йилнинг сентябрь-октябрь ойларида фирибгарлар тўдасининг уч нафари қўлга олинади ва икки нафарига қидирув эълон қилинади.

XS
SM
MD
LG