Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:29

Хоразмлик ота-оналар ихтисослашган мактаб раҳбариятини қаллобликда айблади


Мактаб ўқувчилари (иллюстратив сурат)
Мактаб ўқувчилари (иллюстратив сурат)

Хоразм вилояти Янгибозор туманида истиқомат қилувчи бир нечта ота-она Озодликка шикоят қилиб, тумандаги 10-ихтисослашган мактаб раҳбариятини қаллобликда айблади.

Ота-оналарнинг иддао қилишича, мактаб раҳбарияти дастлаб 4-синфни битирган болаларни 15 августда имтиҳонга тайёрлаш ваъдаси билан 127 нафар ота-онадан 60 минг сўмдан пул йиғиб олган, аммо ўқув курслари сўнгида, болалар имтиҳонларга киритилмаслигини билдирган.

Қаллоблик айбловларини рад этган 10-ихтисослашган мактаб директорига кўра, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қарорига киритилган янги ўзгартишлар асосида мактабга қабул қилиш 5-синфдан эмас, 7-синфдан бошланади.

Хоразм вилояти Халқ таълими бошқармасининг бошлиғи ушбу ҳолат юзасидан текширув ўтказилишини билдирди.

“Ўғирликми ёки қаллоблик?”

Ҳозирда Россияда ҳайдовчилик қилаётган янгибозорлик Ойбек Жуманиёзовнинг Озодликка айтишича, май ойи бошида 10-ихтисослашган мактаб раҳбарияти 4-синфни битирган юзлаб бола ота-оналари билан йиғилиш ўтказиб, фарзандларини 15 августда ўтказилажак ихтисослашган мактабга кириш имтиҳонларига тайёрлаб беришга ваъда қилган.

-Ўқитувчи бориб, сизларни ихтисослашган мактабга ўқишга қабул қиламиз, деб айтган. Шу билан менинг болам қизиқиб, мактабга борган. Борса, 60 минг сўм тўлайсизлар, бир ой подкурс бўлади, дейишган. Ота-эналар 60 мингдан пул тўлаб, фарзандларини ўқитди бир ой,3 июндан 3 июлгача. Кейин ўқитувчилар "15 августда экзамен бўлади, шунинг учун 1 августдан 14 августга келинглар яна подкурсга. 30 минг сўмдан тўлайсизлар", дейишган. Яхши. Ҳамма рози. Бугун телефон қилишса, (5-синфга ўтган болаларни ўқишга қабул қилиш) тўхтатилди, 7-синфдан олади энди, дейишипти. Ўзбекистон Таълим вазирлигининг қилиб ўтирган ишини нима деб тушуниш мумкин: ўғирликми ёки қаллоблик? - деди Ойбек Жуманиёзов.

Айни ўқув курсида 4-синфни битирган қизини ўқитган онанинг айтишича, қизини ихтисослашган мактабга ўқишга киритиш орзуси узоққа чўзилмаган.

Ҳар йили 4-синфни битирган болаларни ўқишга олишарди. Бизам бориб 60 минг сўм пулни Халқ банкига топширдик. Қизим хурсанд бўлиб, 1 ой подкурсга қатнади. Устозлар яхши дарс ўтар экан, деди. Кейин мактабга 7-синфдан оламизга дейишга ўтишди. Ўртада сарсон бўлганимиз қолди,” деди исми ошкор этилишини истамаган янгибозорлик она.

Ота-оналар илтимоси

Янгибозордаги 10-ихтисослашган мактаб директори Шоира Рамазанова 127 нафар 4-синфни битирган болаларга махсус курс ташкил этилганини тасдиқлади, аммо уларни имтиҳонга тайёрлаш ваъдаси бўлмаганини айтди.

-Ота-оналарнинг розилиги билан, ўзларининг илтимоси билан болаларни ўқитиб берганмиз. Вазирлар Маҳкамасининг 173-сонли қарорига асосан 5-синф қабули бўларди. Бу йил ҳам иккита синфга квота берилган. Шу бекор бўлди. Лекин ота-оналар рози фарзандларини ўқитганимизга, - деди Шоира Рамазонова.

Махсус мактабга болаларни 5-синфдан қабул қилиш бекор қилингани ҳақида мактаб раҳбарияти таълим курслари очилмасдан олдин ота-оналарни хабардор қилганми?

Айни савол билан Озодлик Хоразм вилояти Халқ таълими бошқармасининг бошлиғи Ҳамро Бектемировга боғланди.

-Унақа подкурсга олинглар, деган гап йўқ. Лекин ҳар бир мактаб юридик муассаса ҳисобланади. Бу мактаблар ўқитувчилари тайёрлаш курслари очиб, мактабга пул тушириши мумкин. Мана шу туширилган пулдан ўқитувчига ойлик маоши тайинланиши мумкин. 10-мактабдаги ҳолат юзасидан текширув ўтказамиз, - деди Ҳамро Бектемиров.

Мирзиёевнинг таълим соҳасидаги ислоҳоти

Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримов ўлимидан сўнг давлат тепасига келган Шавкат Мирзиёев бошқа соҳалар қаторида халқ таълими соҳасини ҳам ислоҳ қилишга уринмоқда.

Каримов даврида шакллантирилган 9 йиллик умумий таълим + 3 йиллик касб таълими тизимини Мирзиёев бекор қилди, мамлакат бўйлаб қурилган юзлаб коллеж бинолари бўшаб қолди.

9+3 схемаси бўйича 12 йиллик умумий мажбурий бепул таълим тизими 1997 йил 29 августда имзоланган "Таълим тўғрисида"ги қонун ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастури асосида жорий қилинган эди.

Ўтган йили Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 11 йиллик таълимни қайта тиклади. Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигига кўра, бу йил 279 минг нафар ўқувчи 11 йиллик таълим тизимининг илк битирувчилари бўлди.

XS
SM
MD
LG