Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:26

Оддий ўқитувчининг қасоси ҳақида ўзбек киноси учун ғайриоддий фильм олинди


"Сабот"фильмидан кадр
"Сабот"фильмидан кадр

Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги кино саройида 59 яшар ўзбек киночиси Рашид Маликов суратга олган “Сабот” фильми намойиш қилинмоқда. Киномунаққид Акмал Ризаевнинг таъбири билан айтганда “инсоний фожиа” жанрини ўзбек киносига қайтарган бу фильм 12 декабрь куни жамоатчилик вакиллари ҳамда журналистлар учун намойиш қилинган эди.

Тақдимотда қатнашган киномунаққид Акмал Ризаевнинг 20 декабрь куни Озодликка айтишича¸ “кўнгилочар бўлмаган¸ ҳукумат тарғиботини қилмаган инсоний драма жанридаги бу фильм кичкина одамнинг матонати” ҳақида ҳикоя қилади:

- Тақдимотда қатнашдим¸ кеча ҳам қизиқиб кундузги сеансга бориб¸ томошабинлар қандай қабул қилаëтгани билан қизиқдим. Қандайдир бой ота эмас балки қишлоқдаги оддий ўқитувчининг яхшиларни сийлаб¸ ëмонларни жазолагани ҳақидаги бу асарни ўрта ëшдаги ўйланувчан томошабин кўраëтганига гувоҳ бўлдим. Одамлар кинога кириб, ҳиринглаб кулиб эмас, балки жиддий қиëфада чиқишмоқда. Ўйлашга ундайдиган илк фильмлардан бири бу, дейди мунаққид.

Бугунги ишни эртага қўймаслик муждаси

"Ўзбекфильм" студиясида¸ давлат гранти асосида суратга олинган “Сабот” фильми режиссери Рашид Mаликов 20 декабрь куни Озодлик билан суҳбатда ушбу асарда илгари сурилган асосий муждага тўхталди:

- Қилинадиган ишни эртага қолдирманг деган гап фильм асосида ëтади. Бош қахрамон Ўзбекистоннинг Устюрт ҳудудида яшовчи оддий ўқитувчи. Кунлардан бир кун докторлар унга “саратон” касали ташҳисини қўйиб бир ойча умринг қолди¸ дейишади. Ўқитувчи шу қисқа давр ичида умр бўйи пайсалга солиб келган ишларини қилади. Энг муҳими, у ўзини бир вақтлар сотган зобитни ўлдириш учун йўлга чиқади¸ дейди суҳбатдош.

Рашид Маликовга кўра¸ бу оддий қасоскор тўғрисидаги ҳикоя эмас:

- Агар фильм охирида ўқитувчи ўз душманини ўлдирса, жўнгина қасоскорлик ҳикояси бўлар эди. Фильм якунида ўқитувчи ўз айбига пушаймон бўлган душманини отиш учун тўппонча тепкисини боса олмайди. Руҳий зўриқиш боис, ўз ҳушдан кетиб ўлади. Лекин у касал бўлганини билган кундан бошлаб жуда кўп яхшиликларни ҳам қилиб улгурган эди. Уйидаги телевизорини сотиб эвазига мактабга сув келтиради¸ дейди киночи.

Озодлик билан суҳбатда Рашид Маликов “Бу фильм ўзбек кино саноатида шаклланган қайнона-келин мавзуидаги шаблонларга зид тарзда суратга олинганлигини” таъкидлайди:

- Бу кинони олиш таклифи билан 2015 йилда “Ўзбеккино” ДАК раҳбариятига мурожаат қилдим. Кино тайёр бўлган 2017 йил декабрига қадар, уч марта кино раҳбарияти ўзгарди. 2015 йилги раҳбар Ғофур Эшмуродов бу фильм олинишига тиш-тирноғи билан қарши бўлди. Кейин у кишининг ўрнига “Ўзбеккино” миллий агентлигига раҳбар бўлган Отабек Мусаев коно ғоясини қўллаб қувватлади. Мусаевнинг ўрнига келган Фурқат Зокиров ва муҳаррир Шуҳрат Ризаев бу фильм рўëбга чиқиши учун ëрдам берди¸ дейди киночи.

Оддий ўқитувчининг қасоси ҳақида ўзбек киноси учун ғайриоддий фильм олинди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:25:30 0:00
Бевосита линк

Камгап фильм

Фильмни томоша қилган мунаққид Акмал Ризаевга кўра¸ кино кўпроқ тасвир воситасида томошабин шуурига асосий ғояни етказади:

- Одатда ўзбек киноларидаги актёрлар тинимсиз бир-бири билан гтаплашади. Бу диалогларнинг сунъийлиги ҳисобга олинса¸ томошабин асабини арралайдиган ҳолат. "Сабот" фильмида эса, диалоглар минимумга туширилган. Бош ролни ўйнаган киноактер Карим Мирходиев кўп ҳолларда ўз ҳиссиëтини кўз қараши билан ифодалайди. Кинода унга қарама-қарши бўлган роль ижрочиси Сейдулло Молдаханов ҳам камгап қаҳрамон. Бу камгап қаҳрамонлар Устюрт даштларининг деталлардан ҳоли¸ рангсиз фонида ҳаракат қилади. Исои Масиҳ даврига ўхшаш текстура. Платоновнинг "Жан" қабиласи ҳақидаги китобини эслатади воқеалар содир бўлаëтган макон¸ дейди мунаққид.

"Гўзалликдан қочиш"

Киночининг ўзи атайлаб “чиройли манзаралардан қочганлигини” айтади:

- Одатда кинолар Чорвоқ¸ Суқоқ¸ Сижжак каби чиройли жойларда ва Тошкентда олинади. Ҳинд киносига монанд кино учун бу манзаралар мувофиқ бўлиши мумкин. Лекин инсоний драма учун кескин кентинентал иқлим зарурлигини ҳис қилдим. Қишда минус 40, ëзда плюс 40 бўладиган иқлимда яшайдиган одамлар зарур эди бу драма учун. Биз кино олаëтган пайтда соя жойда ҳаво ҳарорати 50 даражага чиқди. Актерларнинг зўриққани кадрда кўринди ва кино янада ишонарли чиқди дейди¸ суҳбатдош.

Жиддий фильм учун давлат буюртмаси

Ўзбекистондаги “бачкана фильмлар танқиди” билан узоқ йиллар шуғулланиб келган адабиëтшунос Шуҳрат Ризаевнинг жорий йилда “Ўзбеккино” Бош мухаррири бўлиб тайинланиши “кўп нарсани ўзгартирди” дейди мунаққид Акмал Ризаев:

- Кейинги пайтларда “хонтахта” киноларни савалаш билан ҳамма шуғулланди, лекин киночилар парво қилмасдан Мурод Ражабов қатнашган сийқа фильмларни олаверишди. Агар Мурод Ражабов иштирокидаги кинолар танқид қилинган мақолаларни бир қараб қўйсангиз, уларнинг аксариятини Шуҳрат Ризаев ëзганлигини кўрамиз. Ризаев “Жаҳон адабиëти” журналида Бош муҳаррирлигида кинога таъсир қила олмади. Аммо у кино раҳбариятига келгач, кинони ўзгартириш учун реал ричагларга эга бўлди. Москвада яшайдиган драматург Одилша Агишевнинг Тошкентга таклиф қилиниши ва ўз ижодини Россияга кўчирган Рашид Маликовга Ўзбекистонда ижодий имконият яратилиши Ризаев шаҳсияти билан боғлиқ. Ризаев жиддий фильм керак деди ва бу истак рўëби ўлароқ “Сабот” фильми намойиш қилинди. Позилжонов (хонанда ва кинорежиссер Жаҳонгир Позилжонов -таҳр.) фильмларида лиқ тўладиган зал "Сабот" фильмида ярмига тўлгани янги кино раҳбарияти учун муҳим бўлмай қолди, дейди мунаққид.

Президент истагидаги фильмми?

“Сабот” фильми рўëбга чиқишида ўз ҳиссасии қўшган “Ўзбекфильм” киностудияси собиқ раҳбари Ҳилол Насимов Озодлик билан ўтган ҳафтада қилган суҳбатида “Президент Мирзиёев томошабинни ўйлантирувчи фильмлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш тўғрисида кўрсатма” берганига эътибор қаратиб “Сабот” фильми президент танқидидан кейин экранга чиққан жиддий фильм эканлигини урғулади.

2017 йил август ойидаги видеоселекторда кино соҳасидаги айрим камчиликлар президент томонидан танқид қилинган эди.

XS
SM
MD
LG