Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:33

“Кўп ароқ ичишади, ёқилғи ўғирлаб сотишади” – беларусликлар машқ ўтказгани келган рус ҳарбийлари ҳақида


2022 йилнинг февраль ойи бошларида Россия 10–20 февраль кунлари ўтказиладиган “Иттифоқ қатъияти – 2022” қўшма ҳарбий машқлари доирасида Беларусга бир неча минг аскар йўллади.

РФ Мудофаа вазирлигига кўра, машқлар Беларуснинг асосан ғарбий ва жануби-ғарбий ҳудудларида жойлашган Доманов, Гожа, Обуз-Леснов, Брест ва Очипович полигонларида бўлиб ўтади. Шунингдек, машқларда Барановичи, Лунинец, Лида ва Мачулишчидаги тўрт аэродромдан ҳам фойдаланилади. Санаб ўтилган ҳудудларнинг барчаси Украина чегараларига яқин.

Россиядан Беларусга етиб келган ҳарбийларнинг аниқ сони расман очиқланмади. Шарҳловчи Артём Шрайбман Москвадаги Карнеги маркази учун ёзган мақоласида “Беларуснинг бутун постсовет тарихида унинг ҳудудида бу қадар кўп рус аскари бўлмаган эди”, дея қайд этди.

Аммо февраль бошларида Минскка келган Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу қўшинлар сони “2011 йилги Вена ҳужжатларида белгиланган параметрлардан ортиқ эмас”лигини, бинобарин, Москвага ўтказилаётган ҳарбий тадбирлар ҳақида бошқа мамлакатларни хабардор қилиш мажбуриятини юкламаслигини айтган эди.

Россия Беларусдан ташқари, Украина билан чегараларига яқин бўлмиш бошқа ҳудудлар – Ростов, Брянск, Воронеж вилоятлари ҳамда аннексия қилинган Қримда ҳам 2021 йил охиридан бери ҳарбий техникаларни жамламоқда.

Кузатувчилар маълумотига кўра, Украина чегараларига 120 минг нафар аскар ташланган, уларнинг салмоқли қисми Сибирь ва Узоқ Шарқдан келтирилган.

Беларусга рус аскарлари келаётгани ҳақидаги илк хабарлар ижтимоий тармоқларнинг Беларусь сегментида 18 январь куни пайдо бўлди. Маҳаллий аҳоли ҳарбийлар ўзларининг зил-замбил машиналарини тушириб-ортишда темир йўл бекатларидаги қурилмалардан фойдаланиб, уларни синдиришаётгани, ортларидан кўп чиқинди қолдиришаётганидан шикоят қилишди.

Россиянинг ЗРК S-400 Беларусдаги машғулотларда.
Россиянинг ЗРК S-400 Беларусдаги машғулотларда.

Озодликнинг беларус хизмати машқлар ўтказилаётган туманларда яшовчи бир неча киши билан суҳбатлашганида улар рус ҳарбийлари чодирлардан лагер қуриб яшаган пайтларида “кўп ичкиликбозлик қилишган”и ва “дизель ёқилғисини пуллашган”и ҳақида сўзлаб берди.

Шунингдек, гувоҳлар Россия ҳарбий техникаси ва аскарларини нафақат расман белгиланган машғулотлар ўтказиш жойларида, балки бошқа ҳудудларда ҳам кўришганини айтишди.

“Шахсан мен шаҳримиз кўчаларида гусеницали ҳарбий машиналарни учратдим. Аскарлар шаҳар теварагидаги ўрмонларга жойлашишган. Улар кўп ичкиликбозлик қилишади, ҳарбий техникалардан дизель ёқилғисини ўғирлаб сотишади. Ҳаммалари чодирларда тунайди”, дейди Гомель вилоятининг Хойники шаҳри турғунларидан бири.

Дарвоқе, бу шаҳардан Украина чегарасигача масофа 50 чақирим ҳам эмас.

Хойники расман машқлар ҳудудига кирмайди: ҳарбий машғулотлар ўтказиш ҳудудларида рўйхатига у атроф-музофотдан Украина чегарасига туташ бўлмиш қўшни Брагино туманигина киритилган эди.

Хойники турғунларининг сўзларини Беларусь темир йўллари мавзусида ёзадиган @bel_zhd телеграм-канали тасдиқлади. Канал маълумотига кўра, 14-15 февраль кунлари Хойники темир йўл вокзалида Россия ҳарбий техникалари платформадан туширилган. Ҳарбий техника ва рус аскарлари у ерга Речица тарафдан, Василевичи тармоқ станцияси орқали поездларда ташилмоқда.

“Техникалар туширилаётган пайтда бу бодилар темир йўлда, рельсларнинг устида туриб олишади ва поезд чамаси 200 метрча масофага яқинлашган пайтдагина ўзларини четга олишади. Машинистлар уларни уриб кетмаслик учун баъзан фавқулодда тормозланишга мажбур бўлишмоқда”, деб ёзди @bel_zhd.

Станцияларда поездлар асосий йўллардан юради, поездларни қабул қилиш, вагонлардаги юкни тушириш ва уларга юк ортишда, шунингдек поезд ва вагонларни сақлаб туришда алоҳида – тўхтаб туриш, саралаш, бириктириш йўлларидан фойдаланилади. Шунга кўра, @bel_zhd телеграм-канали қайд этган бу каби ҳолатлар темир йўлда хавфсизлик қоидаларини жуда қўпол тарзда бузишдир.

Яна гувоҳларнинг айтишича, Беларуснинг кичикроқ станциялардаги юк ортиш-тушириш қурилмалари Россияга тегишли ҳарбий техника ва машиналар залворига дош бера олмай, ишдан чиқяпти.

“Ҳарбий техникаларни тушириш чоғида рампалар тиклаб бўлмайдиган даражада букилиб кетяпти. Кўп ҳолларда техника платформадан ағдарилиб кетади. Юкларни тушириб бўлганимизда атрофда турли аслаҳалар (зирҳли нимчалар, каскалар, индивидуал имоя воситалари) сочилиб қолади”, дея ҳикоя қилишган улар.

Россиянинг Ту-22M3 стратегик бомбардимон самолëти Беларусдаги аэродромлардан бирида, 9 феврал 2022 йил
Россиянинг Ту-22M3 стратегик бомбардимон самолëти Беларусдаги аэродромлардан бирида, 9 феврал 2022 йил

Гувоҳлар Россия аскарларидан сўнг темир йўл изларида кўп чиқинди қолаётганидан шикоят қилишган. Айниқса, Украина чегарасидан атиги 20 чақирим наридаги Ель шаҳарчаси (Гомель вилояти) яқинидан ўтган темир йўлда кўп чиқинди уюмлари қолгани айтилмоқда.

“Уч чақирим йўл узунлигида ҳар 20 қадамда чиқиндига тўла елимхалталар ётибди. Ароқдан бўшаган шишалар, бўш пластик ва тунука идишлар, қутиларнинг сон-саноғи йўқ”, дейди яна бир гувоҳ.

Беларусь Мудофаа вазирлиги расмий хабарномасига кўра, Гомель вилоятининг Брагино туманидаги машқларда ракета қисмлари ҳам иштирок этади. 15 февраль куни ҳарбийлар “Точка” тактик ракета мажмуасидан 60 чақирим масофадаги нишонни ракетадан уришди – Брагинодан Украинанинг Чернигов шаҳригача масофа тахминан шунчага тенг.

Шунингдек, россиялик ҳарбийлар Беларусга иккита С-400 “Триумф” зенит-ракета тизимлари дивизиони, бир нечта “Панцирь” ракета-тўп мажмуаси, Су-35С қирувчи учоқлари, “Искандер-М” оператив-тактик мажмуалари ва бошқа оғир техника келтирилганини маълум қилишган.

Расмий маълумотга қараганда, “Иттифоқ қатъияти – 2022” қўшма машқлари 20 февраль, якшанба куни якунланади. Бироқ 15 февраль куни эрталаб Россия Мудофаа вазирлиги Беларусдан ўз ҳарбийларини босқичма-босқич олиб чиқа бошлаганини эълон қилди. Мазкур хабар Ғарб разведка хизматлари Россия Украинага бостириб кириши эҳтимоли энг юқори бўлган сана деб атаган 16 февралдан таминан бир сутка олдин ёйинланди.

РФ ва Беларусь қўшма машғулотлари сценарийсига кўра, “Ғарб” мамлакатлари коалицияси (Нярис, Помория, Клопия ва уларнинг итоатидаги террорчилик ташкилотлари) Полесье Республикаси (тахмин қилинишича, бу Беларуснинг шартли номи) ҳудудида вазиятни беқарорлаштириб, уни қўшни Днепровия Республикаси (тахминан – Украина) билан уруш қилишга ундайди.

“Ғарбликлар” тинчликпарвар кучлар ниқоби остида у ерга қўшин киритиб, агрессияни бошлашади, аммо Шимолий Федерация (чамаси, Россия) Полесье Республикасининг ёнини олади ва улар бирга жангарилар ҳужумини даф қилишади.

XS
SM
MD
LG