Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:02

Қўқон ҳокимлиги театр артистларидан президент қурдирган уйни бўшатишни талаб қилмоқда


Президент топшириғи билан Қўқон давлат мусиқали драма театри артистлари учун қурилган уй
Президент топшириғи билан Қўқон давлат мусиқали драма театри артистлари учун қурилган уй

Қўқон давлат мусиқали драма театрининг актёрлари президент топшириғи билан уларга қуриб берилган арзон уйнинг ойлик тўлови уларнинг маошидан 2,5 баравар кўп эканлигидан Озодликка шикоят қилди. Яшаб турган уйини сотиб, бошланғич бадалга тўлаган санъаткорларнинг айтишларича, Қўқон шаҳар ҳокимлиги уларга ўта қиммат ипотека шартномасига имзолаш ёки уйларни бўшатиб қўйишни талаб қилмоқда. Бу иш учун масъул ҳокимлик мулозими Озодлик саволларига жавоб беришдан қочди.

Қўқон давлат мусиқали драма театри биноси
Қўқон давлат мусиқали драма театри биноси

Актёр чўнтагига тўғри келмаган уй

Ўзбекистон президенти 2017 йилнинг июнь ойида театр жамоаси билан бўлган учрашувда, Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевга санъаткорларнинг самарали ижод қилиши учун театр биноси яқинидан етти қаватли турар жой қуриб бериш топшириғини берган эди.

2017 йилнинг охирида қурилиш битказилди ва президент келиб кўриш эҳтимоли бўлган янги бинога шошилинч тарзда театр актёрларининг 4 оиласи кўчириб ўтказилди.

Айни ўша пайтда янги уйга кўчиб кирган, театрда қарийб 40 йилдан буён ишлаб келаётган актёр, 63 яшар Зокиржон Мамажоновнинг Озодликка айтишича, у шошилинч тарзда эски уйини арзонга сотиб, янги уйнинг бошланғич бадалини тўлаган:

- Илгари театрнинг яқинида ҳовлим бор эди. Каримов пайтида йўлни кенгайтирамиз деб бузишди ва вокзал яқинидаги бир ётоқхонани беришди. Бошқа иложимиз йўқ, уй қилиб олдик. Мана энди бу президентимизнинг совғасидан қувониб, ўтган йили эски уйни дарҳол арзон нархга бўлса ҳам сотиб, 43 миллион сўм биринчи тўловни қилдим. Кейин декабрь ойида телефон қилишиб, тезда кўчиб келинг, президент келиб кўриши мумкин, дейишди, - дейди Зокиржон Мамажонов.

"Ҳамма санъаткор янги уйли бўлди деб, президентни алдашди"

Зокиржон Мамажоновнинг айтишича, ўша пайтда бор-йўғи тўрт санъаткор оиласи кўчиб ўтган, лекин 36 нафар санъаткор президент топшириғи билан қурилган уйга кўчиб ўтди, деб ҳисобот берилган:

- Президент келмади, лекин телевидениеда 36та хонадон кўчиб ўтди, деб айтишди. Ваҳоланки, бошланғич тўлов қилган тўрт оила кўчиб ўтган эди, қолган уйлар ҳали битмаган ҳам эди. Ҳозир ўша биринчи тўлов қилган 4-5 оила яшаяпти, бошқа ҳеч ким олмаяпти, дейди театр артисти.

Зокиржон Мамажоновнинг айтишича, 3 хонали уйнинг нархи 170 миллион сўм қилиб белгилангани учун у бошланғич бадал тўлашдан аввал, бу қийматни тўлай олиш эҳтимоли бор-йўқлиги ҳақида банк вакилидан сўраган:

- Банк уйнинг нархи 170 миллион сўм, бошланғичи 43 миллион тўлайсиз, деди. Мен унга айтдим, укажон мен эски уйимни сотиб тўлов қиляпман, қийналиб қолмайманми, дедим. Йўқ, ака, тўлайверинг, бу “дом актёр”, президентимиз айтганку, сизларга арзон кредит қилиб беради, деди. Энди, театрда ишлаб топаётган ойлигимга қараб қилиб берса, мен қийналмайман, дедимда, дейди актёр.

Аммо, Зокиржон Мамажонов ўз амалидан кейинчалик пушаймон бўлганини айтади:

- Уч ойдан сўнг, банкдан ва ҳокимликдан келишиб, энди ойига 3 миллион сўмдан ойлик бадал тўлайсиз, деди. Банк аввал 18 фоиз ва ўн йилга ипотека берган эди. Ҳамма дод деворди, порталга ёздик, президентга ёздик. Ахийри 20 йилга ипотека ва фоизини 14га туширишди. Мен энди ҳар ой 2 миллион сўм тўлашим керак экан. Мен айтяпман, майли ўша 900 минг сўм маошимни ҳаммасини ол, биз хотинимнинг 350 минг сўм пенсиясига бир бало қилиб яшаймиз, десам йўқ, тўласанг тўла, тўламасанг уйни бўшат деб айтяпти, - дейди Зокиржон Мамажонов.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:12:53 0:00
Бевосита линк

"Ҳокимлик уйни бўшат, пулдорларга сотамиз, деяпти"

Озодлик суҳбатлашган театрнинг бошқа актёри, 60 яшар Раҳмонжон Пўлатов ҳам президентнинг актёрларга ғамхўрлик қилиб, улар учун қурдирган уйнинг нархини тўлаш имконсиз эканлигини айтади:

- Мен 900 минг сўм маош олсам, хотиним 200 минг сўм пенсия олса, қандай қилиб икки миллион сўмни тўлаймиз? Актёр энди далага чиқиб деҳқончилик қилсинми, қароқчилик қилсинми, нима қилсин? Президент ўтган йили келганида мен юзма-юз гаплашганман. Ўшанда атрофида саккизтаси қўлида қалам ушлаб ёзиб турибди.Президент “ҳоким, буларга мана шу театрнинг ёнидан 7 этаж уй қуриб бер, 17-20 йилга имтиёзли кредит қилиб бер. Токи булар фақат ижод қилсин, пиёда келиб-кетсин, автобусга ҳам пул сарф қилмасин”, деган эди, - дейди Раҳмонжон Пўлатов.

Аммо, унинг гапига илова қилишича, айни пайтда Қўқон шаҳар ҳокимлиги уларга босим ўтказмоқда.

- Лекин, энди бошимиз қотиб қолди. Қўқон шаҳар ҳокимининг Ҳаётхон деган бир вакили келиб, тўланглар, бўлмаса, бўшатинглар. Пули борга сотамиз, пулингиз бўлмаса нега олдингиз, деяпти. Унинг нима ҳаққи бор, театр артистлари учун қурилган уйни пулдорга сотаман, дейишга, - дейди қирқ йиллик тажрибага эга театр актёри.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:15 0:00
Бевосита линк

"Ёш актёрларнинг ҳам ҳафсаласи пир бўлди"

Театрнинг ёш актрисаларидан бири Мавлудахон Деҳқонованинг айтишича, ёшлар президентнинг гапларидан жуда ҳам хурсанд бўлган эди, лекин уй битгач унинг нархини кўриб ҳафсаласи пир бўлди:

- Президентимиз бизга энг кам фоиз билан деб, айтишганди. Менинг ойлигим 700 минг сўм. Икки хонали уй олмоқчиман, 140 миллион сўм экан, бошланғич тўлови 33 миллион сўм. Менга ойига бир ярим миллион сўмдан тушяпти. Мен икки баравар кўп ойлик олсам ҳам етмайдику бунга. Банкнинг фоизи баланд бўлганлиги учун бизга қимматга тушяпти. Мен агар бу уйни оладиган бўлсам, ижодни ўйламаслигимга, бошқа бир ердан даромад излашимга тўғри келади. Президентимиз эса, аксинча, ёшлар қийналмасин, ўзини ижодга бағишласин деяпти. Бизда туманлардан келадиган кўп ёш актёрлар бор. Улар ҳам шу уйдан олмоқчи эди, энди эса тарвузлари қўлтиғидан тушиб, ҳафсаласи пир бўлиб ўтирибди, - деди Мавлудахон Деҳқонова.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:33 0:00
Бевосита линк

Ўзбекистон Саноат-қурилиш Банкининг Қўқон бўлими мулозими Муҳаммадсолиҳ Ҳакимовнинг Озодликка айтишича, улар театр артислари учун қурилган уйнинг ипотекаси фоизини Марказий Банк ставкаси бўйича қўйишган:

- 14 фоиз Марказий банкнинг ставкаси бўйича паст фоиз ҳисобланади. 20 йил муддатга бўляпти, айтганимизда ўзлари рози бўлишган эди. Шартномаларни қилганмиз, энди уйни олди-сотди қиламиз. Масалан уч хонали уйнинг нархи 169 миллион сўм. Олти ой имтиёзли қилганмиз, 1 миллион 500 минг сўмдан тушяпти. Олти ойдан кейин 2 миллион 53 минг сўмдан бўлади. Биз ўзимизнинг тартиб-қоидалар билан ишлаяпмиз, - деди банк мулозими.

Театр артистларидан уйнинг пулини тўлашни ёки бўшатишини талаб қилаётган Қўқон шаҳар ҳокимлигининг мулозими Ҳаётхон Имомназарова Озодлик билан суҳбатда, артистларнинг иддаоларини эшитганидан сўнг, телефонини ўчириб қўйди ва у билан бошқа боғланишнинг иложи бўлмади.

Озодлик суҳбатлашган театр артистлари президентнинг топшириғи билан қурилган уйни сотиб олиш улар ишлаб топаётган маошга солиштирганда умуман имконсиз эканлигини айтмоқдалар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 31 май куни имзолаган “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор билан махсус Дастур қабул қилинган эди.

Мирзиёев Қўқон давлат мусиқа драма театри артистлари билан 2017 йилнинг июнь ойида бўлган учрашувида "халқ учун ишлаётган" актёрларга театр ёнидан кўп қаватли арзон уй қуриб беришни ваъда қилган эди.

Президентнинг ишонишича, актёрларнинг иш жойи "маънавият ўчоғига айланиши" учун уйига яқин жойда бўлиши керак.

XS
SM
MD
LG