Тошкент шаҳри яқинидаги қурилиш объектларидан бирида ишлаган водийлик бир неча ўн ишчига иш ҳақи берилмаётганини Озодлик ўрганишни бошлаганига бир ҳафта бўлди. Ишчилар вакилининг билдиришича, иш ҳақи ҳануз тўланмаган.
Ўзини ишчилар ва қурилиш эгаси ўртасидаги воситачи деб таништирган шахс иш ҳақи берилмаётганини "ишчилар иш жойидан бесўроқ кетиб қолгани" билан изоҳлади.
Воситачи қурилиш эгаси хусусий шахс эканини билдириб, унинг кимлигини ошкор қилишдан бош тортди.
Озодликка 22 июлда келган хатда бундай дейилган:
"Ишчилар касал бўлиб, ўлар ҳолатда ётишди"
“Бизни Ўзбекистоннинг турли вилоятларидан бетон қуйиш учун олиб келишган. Келганимизга бир ойдан ошса ҳамки, бу ердаги ўртакаш иш бошқарувчилар келишилган иш ҳақларимизни бермасдан қийнаб келишмокда. Уйга касал ҳолатда қуруқ кўл билан қайтишга юзимиз чидамаяпти. Аммо бу ерда турли ёшдаги ишчилар касал бўлиб, ўлар ҳолатда ётишибди. Касаллик кундан-кунга авж оляпти. Бизга ёрдам беришларингни илтимос киламиз. Манзилимиз Роҳат круги атрофида, 9 қаватлик янги курилиш ёнида”.
Бу хатга илова қилинган суратларда қандайдир хонада рандаланмаган тахталардан камида икки қаватли ётоқжой қилингани, улардан бирида бир эркак ётгани, иккинчи суратда, афтидан ўша хонанинг бошқа томони акс этган бўлиб, унда бир эркак деразадан ташқарига қараб турганини кўриш мумкин. Учинчи суратда девор тагида бир эркак ётгани акс этган.
"Контейнернинг ичи қизиб, кўпчилик касал бўлиб қолди"
Озодлик 5 август куни хат муаллифларидан бири, Фарғона вилоят, Олтиариқ туман, Қизилтепа қишлоғилик 36 яшар Элмурод Ҳасанов билан гаплашди.
Элмуроднинг айтишича, суратларда ишчилар яшайдиган контейнерлар акс этган.
“Ҳаво жуда иссиқ бўлгани учун темир контейнернинг ичи қизиб, кўпчилик касал бўлиб қолди, кўпчиликнинг ичи ўтиб кетди, сўрасак ҳам дори олиб келиб беришмади. Ўзимиз сотиб олайлик десак, пулимиз йўқ эди. Ҳаммасига чидадик, лекин шунга қарамай иш ҳақимизни беришмаяпти”.
Элмуроднинг айтишича, бу объектга ишлаш учун 11 июлда келган:
“Объектга етиб келганимда, мен Тўлқинбой исмли одам билан договор қилдим. У кунингга 100 мингдан, бир ойда 3 миллион сўм иш ҳақи бераман, деди”.
"Иш ҳақимни сўраб ўн мартача телефон қилдим"
Элмурод Ҳасанов, айтишича, 11 июлдан бошлаб 15 кун, яъни 26 июлгача ишлаган. Унинг ҳисобича 15 кун учун 1 млн. 500 минг сўм иш ҳақи олиши керак эди. Бу пулдан 400 минг сўмини Зойир исмли бригадирнинг қўлидан олган.
Ведомостга қўл қўйиб олганмисиз, деган саволга Элмурод “Йўқ, ҳеч нарсага қўл қўйганим йўқ”, деди.
“Шу кунгача қолган пулимни сўраб 10 мартача Тўлқинбой бригадирга телефон қилдим. Телефонини 3 марта кўтарди, ҳар сафар эртага бераман, деган ваъда бераверди. Охирги марта 4 августда гаплашдим. Кимга борсанг, боравер, пул бермайман, деди”.
Элмурод Ҳасанов айтишича, у ишлаган бригадада 20 га яқин водийлик ишчи бўлган:
“Уларнинг бирортаси ҳам иш ҳақини тўлиқ олгани йўқ. Кўпчилиги менга ўхшаб, бир қисмини олган. Умуман ҳақ олмаганлар ҳам бор”.
Бир ҳафта олдинги гап
Элмурод Ҳасанов ва у билан ишлаган бошқа ишчилар муаммосини Озодлик мобил видеомухбири қурилиш объекти ёнида ўрганган эди. Ҳасановнинг ҳамқишлоғи, 34 яшар Воҳиджон Етмишов 29 июль куни иш ҳақини тўлаши керак бўлган Тўлқинбойга қўнғироқ қилаётгани видеотасвирга олинган. Тўлқинбой билан гаплашиб бўлгач, Воҳиджон бундай дейди:
“Бригадир Тўлқинбой билан гаплашдим. Подвалнинг тепаси битсин, кейин бераман пулни, деяпти”.
Ишлатувчининг бугунги гапи
Бу гап бўлиб ўтганидан 7 кун ўтиб – 5 августда Озодлик Тўлқинбой билан боғланди. Гап бошланиб-бошланмай телефон сўзлашувига ўзини кейинроқ Умид, деб таништирган, фамилиясини айтишни истамаган одам аралашди.
Умиднинг айтишича, у Тўлқинбой билан бирга иш юритади ва унинг раҳбаридир. Озодлик мухбири Умидни Элмурод Ҳасановнинг шикояти мазмуни билан таништирди.
Умиднинг иддао қилишича, "Элмурод Ҳасанов қурилиш объектидан бесўроқ кетиб қолган ва шу кунгача пул сўраб мурожаат қилмаган".
Ишчиларни ёллаб, уларни ишлатиш билан шуғулланишини билдирган Умиднинг айтишича, у Элмурод Ҳасанов билан оғзаки шартнома қилган. Умид водийлик қурувчилар ишлаётган объект қайси ташкилотга қарашли эканлигини айтишдан бош тортди. “Бу частний объект, бировнинг коттежи”, деди.
Умид ўзининг ҳақ эканлигини тушунтиришга жуда кўп вақт сарфлади ва охир-оқибат “Эртага соат 11 ёки 2 да келишсин, мен улар билан гаплашай, бундан буён ишламайдиган бўлишса, бир тийинигача тўлаб бераман”, деди.
Ҳимоясиз қолаётган ишчилар
Бу қурилишларда ишлаб, ҳақини ололмаётган ишчиларнинг Озодликка биринчи марта арз қилиши эмас.
Бундан бир ой муқаддам, 8 июлда Қашқадарё вилоят, Миришкор туманилик 6 кишидан иборат қурувчилар гуруҳи шу йил баҳорида Ички ишлар вазирлиги ҳудудида бажарган қурилиш ишлари учун иш ҳақининг бир қисмини ололмаётганидан шикоят қилган эди.
Озодлик шикоятни ўрганишни бошлаши биланоқ иш ҳақи тўлангани ҳақида хабар етиб келган.