Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:00

Коронавирусни тўхтатиш уринишлари - Италия ëппасига карантинда¸ Чехияда мактаблар ëпилди


Ҳукуматнинг оммавий карантин чораси ортидан Италиядаги каттаю кичик шаҳарлар кўчалари бўшаб қолди.
Ҳукуматнинг оммавий карантин чораси ортидан Италиядаги каттаю кичик шаҳарлар кўчалари бўшаб қолди.

9 март куни дунёнинг қатор мамлакатларида коронавирус тарқалишини тўхтатиш йўлидаги кураш кучайтирилиб, янги кескин чекловлар жорий этилди.

Хусусан¸ Италия ҳукумати мамлакатга кириб-чиқишни ëппасига тақиқлади; Исроил келаси ой нишонланадиган насронийлар Пасхаси арафасида мамлакатга кирувчиларнинг ҳаммасини ëппасига икки ҳафталик карантинга солишга буйруқ берди; Испания пойтахт ва унинг атрофидаги, Чехия ҳукумати эса¸ бутун мамлакатдаги барча мактабларни ёпишни буюрди.

Пекинда ишчилар иш жойларига қайтаётган ва Хитойда янги ҳолатлар сони камаяётган бўлса¸ Италия ва бошқа давлатларда бунинг акси кузатилмоқда.

Италияда 9172 одамнинг коронавирус юқтиргани қайд этилди¸ улардан 463 нафари вафот этди.

Хитойда эса сешанба куни 19 кишига коронавирус юқтиргани қайд этилди, бу эса 20 январда мамлакатга оид кўрсаткичлар эълон қилина бошлагандан бери энг паст кўрсаткичдир. Сешанбага қадар мамлакатда жами 80 754 марта вирус юқтирганлик ва 3135 та ўлим ҳолати қайд этилди.

Мутахассислар таъкидича¸ Хитойда вирус тарқалишининг кескин камайишига ҳукуматнинг оммавий карантин жорий қилгани сабаб бўлди. Бу карантин ҳали ҳам амалда қолмоқда. Вирус кенг тарқалаётган бошқа мамлакатлар унчалик кескин бўлмаган, аммо шу билан бирга шошилинч чоралар кўрмоқда.

Исроилда чет элдан келганларнинг ҳаммаси 14 кунлик мажбурий карантинга олинадиган бўлди.

Ирландияда Авлиё Патрик кунида ўтказиладиган парадлар бекор қилинди.

Мадрид ва унинг атрофидаги мактаблар икки ҳафтага ёпилади. Мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Салвадор Илла “вазият ёмон томонга ўзгариши” мумкинлигидан хавотир изҳор қилди.

Чехия Бош вазири 10 март куни мамлакатдаги барча мактабларни "эҳтиëт чораси" сифатида номаълум муддатга ëпиш ҳақида буйруқ берди.

Шу пайтгача Германияда 1100 дан ошиқ вирус юқтирганлик ҳолати қад этилди ва душанба куни икки киши ундан ўлгани хабар қилинди.

Эронда давлат телевидениеси хабарига кўра, яна 43 киши коронавирусдан ўлган ва жами ўлганлар сони 237 тага етган, вирус юқтирганлар сони 7161 кишидир. Лекин кўплаб экспертлар Эрондаги касалликка чалинганлар сони хабар қилинганидан анча кўп эканини айтмоқда.

Жанубий Кореяда 7513 киши вирус юқтиргани ва яна 35 киши ўлгани очиқланди. Қўшма Штатларда бу кўрсаткич мос равишда 600 ва 26 кишини ташкил қилмоқда.

Дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам карантин жорий этилиши баробарида оммавий тадбирлар бекор қилинаётгани, мактаб ва университетлардаги ўқиш тўхтатилаётгани ва қўшни мамлакатлар билан чегаралар ёпилаётгани хабар қилинмоқда.

Хитой ва бошқа мамлакатларда жорий этилаëтган кескин карантин чоралари глобал иқтисодиётга салбий таъсир кўрсатишда давом этмоқда.

Вирус тарқалиши сабаб юзага келган ваҳима оқибатида Уолл-Стрит акциялари 2008 йилдан бери энг кўп қадрсизланди: Доу Жонснинг саноат индекси 7,8 фоиз тушиб кетди. Жаҳон бозоридаги нефть нархи 1991 йили Форс кўрфазидан бери мисли кўрилмаган даражада арзонлади.

XS
SM
MD
LG