Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:18

Криптовалюта - "ҳалол" ва "ҳаром". Диний идора нега фатво чиқардию нега уни қайтиб олди?


Ўзбекистон фуқароларига 2021 йил ноябридан расман рақамли валюта билан савдо қилишга рухсат берилган. 
Ўзбекистон фуқароларига 2021 йил ноябридан расман рақамли валюта билан савдо қилишга рухсат берилган. 

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси криптовалюта “ҳаром” деб эълон қилинган фатвони бекор қилиб, унинг интернетда пайдо бўлишини “бепарволик” деб атади, бу масалани ҳали ҳам ўрганаётганини билдирди.

3 июнь куни идоранинг Фатво маркази ноткоин ва криптовалюталар билан муомала "ножоиз" экани, криптовалюта маданиятида қимор аломатлари борлиги у билан муомала қилиш ҳаром эканига асос бўлиши ҳақида баёнот чиқарганди.

“Биткоин, ноткоин каби криптовалюталарни ўзаро айрибошлаш ва улар билан савдо-сотиқ қилиш шаръан жоиз эмас. Чунки ушбу криптовалюталарда Ислом дини томонидан пулга қўйилган талаблар топилмайди. Қолаверса, уларни бирор давлат ишлаб чиқармагани ёки расман тан олмагани, нархининг кескин ўзгарувчанлиги ҳамда унда қимор аломатлари борлиги у билан муомала қилиш ҳаром эканига асос бўлади”, дейилади фатвода.

3 июнь оқшомида Мусулмонлар идорасининг Фатво маркази криптовалюта савдосидан воз кечишни тавсия қилган хабарини ўчириб ташлади.

Кейинроқ идора фатво учун узр сўради ва унинг эълон қилинишини “эхтиётсизлик” ва “техник сабаблар” билан изоҳлади.

“Фатво маркази директори Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ва у кишининг ўринбосарлари муборак ҳаж сафарида экани, мазкур фатво лойиҳаси атрофидаги илмий-тадқиқот ишлари ҳали ниҳоясига етмагани ва шунингдек, замонавий масалаларни кенг қамровли ўрганиш ишлари олиб борилаётганини билдирамиз”, дея баёнот берди Ўзбекистон Мусулмонлари идораси.

Қариб 37 миллионлик Ўзбекистон аҳолисининг 90 фоизга яқини мусулмон.

Айни пайтда диний идорасининг фатвоси ҳеч қандай юридик кучга эга эмас.

Диний эркинликларни кузатувчи халқаро ташкилотларга кўра, мамлакатдаги расмий ислом ҳукуматнинг нуқтаи назарини акс эттиради ва диний идора давлат томонидан назорат қилинади.

Сўнгги йилларда ҳукумат қонуний криптовалюта бозорини ривожлантириш сари қадамлар қўйган.

“Ўзбекистонда расман криптовалюта фаолиятига рухсат берилган, президент қарори бор. Буни олқишлаш керак. Чунки, крипто бу ривожланаётган соҳа. Жаҳон Савдо ташкилотига яқин келажакда аъзо бўлишни мақсад қилган Мирзиёев ҳукумати халқаро инвесторларга мамлакатни жозибадор қилиб кўрсатиш учун крипта соҳасига эътибор қаратяпти. Диний идора чиқиб бу ҳаром дейиши у ерда ўтирганлар бунинг нималигини, рақамли молия тизимини тушунмаслиги белгиси”, - дейди Швейцарияда яшовчи ўзбекистонлик иқтисодчи Алишер Таксанов.

Ўзбекистонликларга 2021 йил ноябридан расман рақамли валюта билан савдо қилишга рухсат берилган.

"Криптобиржалар фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисида" ги низомга кўра, Ўзбекистонда яшовчилар лицензияланган биржаларда миллий валюта эвазига криптовалюталарни алмаштиришлари, сотиб олишлари ва сотишлари мумкин.

Paynet Crypti хизмати фойдаланувчилари HUMO ва UZCARD банк карталаридан фойдаланган ҳолда криптоактивларни дунёнинг исталган нуқтасида сақлашлари ва бошқа ҳамёнларга ўтказишлари ҳам мумкин.

“Капиталбанк” ва “UzNex” криптобиржаси мамлакатда биринчи криптовалюта картасини ҳам ишга туширди.

Криптокарта биткоинлар ва бошқа криптовалюталарни автоматик равишда тўлов валюталарига айлантириш ва Mastercard каби бутун дунё бўйлаб тўловларни амалга ошириш имконини беради.

Аммо, Ўзбекистонда хизматларга криптовалюта билан тўловни амалга ошириш ман этилган.

2021 йил ноябрида Ўзбекистон президентининг тўнғич куёви Ойбек Турсунов "Капиталбанк" низом жамғармасидаги улушини 50 фоизга етказгани хабар қилинган.

2022 йил январида Турсунов "Капиталбанк"нинг афилланган шахслар рўйхатидан чиқарилган.

Айни пайтда "Капиталбанк" криптовалюта билан ишлашни тўхтатган. Биз учун криптовалбта актуал эмас, дея маълум қилди банк вакиласи Озодликка.

Криптофирибгарлик

Қонуний криптовалюта бозорини ривожлантиришга киришган Ўзбекистон ҳукумати бир вақтнинг ўзида ноқонуний криптовалюта бизнесига қарши чораларни кучайтирди. Эндиликда крипто-активлар билан ноқонуний савдо қилган фуқаролар жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Аноним крипто-активлар билан операцияларни амалга оширган мансабдор шахсларга нисбатан ҳам жарималар қўлланади.

Айни пайтда Ўзбекистонда криптофирибгарлик ҳам авж олгани кузатилади. Тармоқда “бу тугмани боссангиз миллионлаб пул қозонасиз” қабилидаги скамлар кўпайган.

Ўзбекистон криптовалюта бозори учун маъсул Илғор лойиҳалар бўйича миллий агентлик бу каби скамларнинг крипто индустриясига мутлақо алоқаси йўқлигини билдирди.

“Криптофирибгарлик юзасидан Ички ишларга мурожаат қиласиз. Крипто индустрия амалдаги қонунчилик бўйича тартибга солинади ”, - деди Озодлик билан суҳбатда агентлик мутахассиси.

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ИЛМА) маълумотига кўра, мамлакатда криптовалюта айланмаси йилига 1 миллиард доллардан кўпроқни ташкил қилади.

Агентлик директори ўринбосари Вячеслав Пак ўтган ҳафта Spot.uz нашрига берган интервюсида Ўзбекистонда ИЛМА томонидан тартибга солинадиган 14 та бизнес ва биржалар мавжудлигини билдирган.

Аммо Пакнинг айтишича, Ўзбекистонда криптовалютани қазиб олиш бўйича лицензияланган операциялар ҳали мавжуд эмас, лекин улар учун норматив-ҳуқуқий база мавжуд.

Расмийнинг таъкидлашича, мамлакатда энергия танқислиги қазиб олиш ишларини қийинлаштирган.

Бутун постовет Марказий Осиёда қонуний ва ноқонуний крипто-кон саноати элиталар учун иқтисодий бойликнинг янги манбаи, ва айни пайтда етарлича таъминланмаган электр тармоқларига оғир юк сифатида ҳам кўрилади.

Мамлакатда криптомайнерлик фаолияти президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йилги Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори ҳамда Крипто биржалар фаолиятини лицензилаш ҳақидаги 2019 йилда тасдиқланган низом асосида тартибга солинади.

Ишлаб чиқариш қуввати соатига 100 кВт ортиқ энергия истеъмол қиладиган хусусий майнерлар махсус лицензия олишлари керак.

Лицензияни Ўзбекистон президенти ҳузуридаги лойиҳа бошқармаси беради.

2019 йилдан Ўзбекистонда криптовалюта ишлаб чиқарувчиларга электр нархи уч баравар қилиб белгиланган.

Ўзбекистонда сўнгги йилларда яширинча криптовалюта ишлаб чиқариб келган ўнлаб майнинг фермалари аниқланди.

Крипта кончилиги Ўзбекистоннинг шундоқ ҳам муаммолар билан ишлаб турган энерготизимини авария ҳолатига келтириши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар аввалдан мавжуд.

Криптовалюта ишлаб чиқариш учун кўп электр энергияси сарф қилинади.

Бу нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё энергия таъминотини хавф остига қўйиши ҳақида қозоғистонлик мутахассислар анчадан буён хавотир билдириб келишади.

Икки йил аввал жанубий Қозоғистон, Ўзбекистоннинг кўплаб вилоятлари ҳамда Қирғизистонни электрсиз қолдирган блэкаутга Қозоғистондаги рақамли майнинг билан шуғулланувчи истеъмолчилар фаолияти сабаб деган фаразлар илгари сурилганди.

Криптовалюта нима?

Криптовалюта ҳеч қайси ташкилот ёки шахс томонидан бошқарилмайдиган, марказлашмаган тўлов тизимидир.

Мазкур тизимда ахборотларни сақлаш учун ҳар бир амалиёт алоҳида бир-бирига боғланган блокларга жойлаштирилади. Бу блоклардан ўз навбатида узилмас занжир, яъни блокчейн ҳосил бўлади.

Криптовалюта платформаларининг фаолияти давомийлигини таъминлаш учун мазкур занжир (блокчейн)нинг янги блоклари яратиб борилади. Айнан шу блокларни яратиш жараёни майнинг деб аталади.

Гап шундаки, майнинг жараёнида ишлатиладиган техникалар катта қувватдаги электр энергиясини талаб қилади.

Майнинг жараёни бутун дунё операцияларини текширадиган ва кўп электр энергиясини сарфлайдиган компютерларнинг узлуксиз ишини ўз ичига олади.

“Bitcoin” тизимида битта транзакцияни бажариш учун ўртача 163 киловатт соат энергия сарфланади.

Бундай энергия бир қаватли кичик уйда яшовчи уч кишилик оила эҳтиёжларини бир ҳафта тўлиқ қондиришга етади.

Ўзбекистон расмий статистикасига кўра, мамлакатнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжи 69 миллиард киловатт соатни ташкил қилади.

Ҳар йили куз-қиш мавсумида мамлакатда электр тақчиллиги кузатилади.

Мутахассисларга кўра, шунга қарамай энергияни кўп ейдиган дата- марказлар электр станцияларига оғирлик қилмоқда.

“Криптачиларга электрни уч баравар қиммат қилиб қўйган. Лекин, яшринча фермалар электрни еб ётибди. Чунки уч баравар тўласа фойда йўқ”, - дейди Ўзбекистонда криптовалюта соҳаси билан бевосита таниш бўлган тадбиркор.

Криптовалюта “ҳаром”ми?

Криптовалюталарнинг пайдо бўлиши билан бошланган рақамли молиянинг юксалиши мусулмон жамиятида муҳим баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.

Криптовалюта аслида блокчейн технологиясидан фойдаланадиган рақамли валюта алмашинуви ва рақамли тўловлар платформасидир.

Миср, Саудия Арабистони каби мусулмон ўлкаларда криптовалюта ҳаром деб эълон қилинган.

Миср бош муфтийси - Шайх Шавки Аллам - биткоинни ҳаром деб билишини айтган.

Муфтий юқори даражадаги ноаниқлик, таваккалчилик, фирибгарлик мавжудлигини таъкидлаб, шунингдек, ушбу тангаларни чиқариш атрофида чуқур ёки тизимли назорат ёки қоида механизми йўқлигини ва бу валюта ҳеч қандай ўрнатилган бозор ёки иқтисодиёт билан боғлиқ эмаслигини уни ҳаром дейишга асос қилиб келтирган.

Бироқ, крипта тақиқланмаган мусулмон давлатлари ҳам бор, жумладан Бирлашган Араб Амирликларида мусулмонларга криптога сармоя киритишга рухсат берилган.

Муфтий Муҳаммад Абу-Бакар биткоинни жоиздир, чунки у қимматли ва валюта биржаларида мавжуд в ҳамда бугунги кунда бир қатор дўконлар ва платформалар томонидан қабул қилинган тўлов воситасидир, деган.

Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси ўтган йили мусулмонларга криптовалютадан фойдаланишни тақиқлаганди.

Кембриж университети маълумотларига кўра, Қозоғистон биткоин қазиб олиш ҳажми бўйича дунёда иккинчи ўринни эгаллайди, мамлакатнинг жаҳон бозоридаги улуши 18, 1% ни ташкил этади.

Ўтган йили Россия ва Хитой электр тизимидаги давомли блэкаутлар рўй бериши ортидан криптовалюта кончилигини тақиқлади.

Шундан сўнг, Қозоғистонда саноат тез суръатларда кенгайди. Қозоғистон бир йилда криптовалюта кончилиги бўйича дунёда АҚШдан кейин иккинчи ўринга чиқди.

Бир неча ой ичида Хитойдан Қозоғистонга 90 000 га яқин кечаю кундуз ишлайдиган қурилмалар кўчирилди.

Кэмбридж университети тадқиқотига кўра, ҳозирда дунёда ишлаб чиқариладиган криптовалютанинг қарийб тўртдан бири Қозоғистон ва Эрон ҳиссасига тўғри келмоқда.

Таҳлилчилар энергия таъминотидаги қийинчиликларига қарамай Ўзбекистон майнинг-фермалар учун жозибали бўлиб қолаётганини айтишади.

Ислом дини қоидаларига кўра, тилла ва кумуш асл пулдир. Қолган кўринишдаги пуллар уларнинг ўринбосарлари. Улар турли кўринишда, жумладан, электрон бўлиши ҳам мумкин. Лекин улар пул деб ҳисобланиши учун бир қанча шартларга жавоб бериши керак.

Мутахассисларга кўра, криптовалюта катта таваккал қилишга тайёр бўлган одамлар учун яхши сармоя бўлиши мумкин. Айни дамда улар бор пулларини йўқотишга тайёр туришлари керак.

Форум

XS
SM
MD
LG