Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:59

Ҳисобот: Марказий Осиёнинг ҳукмрон элиталари Лондонда пул ювмоқда


Лондон. Иллюстратив сурат.
Лондон. Иллюстратив сурат.

Буюк Британия парламентининг ташқи ишлар қўмитаси 14 ноябрь куни “Чорраҳадаги мамлакатлар: Буюк Британиянинг Марказий Осиёдаги иштироки” номли ҳисоботини эълон қилди.

Ҳисоботда ҳукумат Буюк Британия молиявий хизматлари Марказий Осиёдан маблағларни ноқонуний олиб чиқишда канал ўлароқ қўлланмаслигига кафолат берган ҳолда минтақа мамлакатлари билан юқори даражада изчил дипломатик ҳамкорлик қилишга чақирилган.

Ҳисоботда, шунингдек, Буюк Британия вазирларининг Марказий Осиё мамлакатлари – Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон ҳукуматлари билан юқори даражадаги алоқалари самарасизлиги ҳақида сўз боради.

“Ушбу ҳамкорликни ҳам икки томонлама асосда, ҳам минтақавий гуруҳ доирасида чуқурлаштириш геосиёсий императив бўлиб, қўмита бош вазирни ва давлат котибларини кейинги уч йил мобайнида беш мамлакатнинг барчаси билан биргаликда ишлашга чақиради”, дейилади ҳисоботда.

Ҳужжатда айтилишича, Буюк Британия молия тизими коррупциялашган Марказий Осиё элиталарининг минтақадан маблағларни ноқонуний олиб чиқиб кетишида муҳим воситага айланиб қолган. Қўмита фикрича, Буюк Британияда молиявий жиноятларни таъқиб қилишнинг етарлича кучли бўлмаган тизимини сақлаб қолиш клептократик автократияларга билвосита кўмакчи бўлиш, деганидир.

Ресурслари чекланган Британия агентликлари ўзлари текшираётган бадавлат одамлар олдида қўли калталик қилмоқда, шу боис ҳисоботда қўмита Британия ҳукуматини Жиноятчиликка қарши кураш миллий агентлиги ва Жиддий фирибгарликка қарши кураш бошқармаси дохил ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларини қўшимча ресурслар билан таъминлашга чақирган.

Ҳужжатда Жиноятчиликка қарши кураш миллий агентлиги келиб чиқиши мавҳум бойликларга доир кўрсатмалар ҳамда ўғирланган давлат активларини Буюк Британиядан қайтариш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш масалаларида Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматлари билан алоқа қилишлари учун минтақага ўз агентларини йўллашга чақирилган.

Ҳисоботда урғуланишича, Марказий Осиёда гиёҳванд моддалар савдоси, ҳукмрон элита ва уюшган жиноятчилик чамбарчас боғлиқ бўлиб, наркотик тижоратидан олинган даромад Лондон орқали жўнатилади. Қўмита Буюк Британия жавобгарликни ўзидан соқит қила олмаслигини таъкидлайди: у нафақат гиёҳванд моддаларга талаб манбаи, балки ушбу тижоратдан келган ноқонуний даромадларни ювиш иштирокчиси ҳамдир.

Бундан ташқари, ҳисоботда Россиянинг Марказий Осиё давлатлари орқали санкцияларни четлаб ўтаётгани ҳам тилга олинган. Шу муносабат билан ҳукумат Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиётининг ўрта ва узоқ муддатли истиқболда Россияга қарамлигини камайтириш мақсадида улар билан яқиндан ҳамкорлик қилишга, шунингдек санкцияларга чап беришда Россияга кўмаклашаётган субъектларнинг Лондон Ситиси ва Буюк Британия хизматларидан баҳраманд бўлишига чек қўйишга чақирилади.

Озодлик Суриштируви: Гулноранинг пулини олишга борган чопар Ҳонг Конгда қамоққа олинди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:18:53 0:00

Қўмита Марказий Осиёда Россиянинг дезинформацияси хавфига тўхталар экан, Россия давлати томонидан тарқатилаётган маккорона муждалар Марказий Осиё давлатлари суверенитетига қаттиқ таъсир этаётганини таъкидлайди.

Ҳисоботда Хитой Марказий Осиёда Россия таъсири сусайганидан фойдаланиб қолаётгани ҳам қайд этилган.

Ташқи ишлар қўмитаси Британия вазирларини Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги минтақавий ҳамкорликни Марказий Осиё жамияти ва бизнесини бойитувчи лойиҳа сифатида қўллаб-қувватлашга чорлаган.

Қўмита экспертлари клептократик автократияларнинг молиявий жиноятларига қарши кураш чора-тадбирлари сустлигини Буюк Британиянинг Марказий Осиё билан ҳамкорлигидаги асосий муаммолардан бири, деб атаганлар. Парламент қўмитаси ҳукуматнинг ҳаракатсизлиги Британияни ушбу жиноятлар иштирокчисига айлантиради, деб ҳисоблайди.

“Марказий Осиё элиталари гиёҳванд моддалар савдосидан топган пулларини Лондон Ситиси офисларида ювишмоқда. Ниҳоятда бадавлат элита қўл остидаги бойликлар қўшимча ресурсларга муҳтож Британия ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг имкониятларидан устунлик қилмоқда”, дейилади ҳисоботда.

Қўмита, шунингдек, “минтақадаги жиддий тўсиқларни, хусусан ҳукуматлар тарафидан инсон ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ тўсиқларни аниқ-равшан кўриш”га чорламоқда. Ҳисобот муаллифларига кўра, асосий эътибор – минтақа аҳолисининг турмушини яхшилаш ва демократияни ҳимоя қилишга қаратилмоғи лозим.

Форум

XS
SM
MD
LG