Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:50

Эгаси алмашган “Малика” ярмаркасида дўконлар ёпиб қўйилди


"Малика" ярмаркасидаги қулфланган дўкон. Сурат 9 апрель туш пайти олинган. 2018 йил
"Малика" ярмаркасидаги қулфланган дўкон. Сурат 9 апрель туш пайти олинган. 2018 йил

Март ойи охирида 5 кун ёпиб қўйилган ва савдогарлар норозилигидан сўнг қайта очилган “Малика” ярмаркаси (“Флешка” савдо маркази) тўрт кундан бери яна ишламаяпти. Тадбиркорларга кўра, яқинда комплекс эгаси алмашган ва шундан бери савдогарлар сарсон бўлаяпти.

“Ярмарка жами 9 кун ишламади”

Озодликка мурожаат қилган “Флешка” (Халқ тилида "Малика") ярмаркаси савдогарларига кўра, тўрт кундан буён уларнинг дўконлари ёпиб қўйилган.

“Бугун дўконларимизни солиқчилар ёпганига 4-инчи кун бўлди. Ундан олдин ярмарка маъмурияти 5 кун ёпиб қўйганди. Маъмурият ёпиб, қайта очгач, фақат икки кун ишладик. Жами 9 кун ёпиқ турди. “Малика” А блок ва В блокка бўлинган. Бугун А блокда 100 фоиз дўкон ёпиқ. В блокда ҳам кўпчилиги ёпиқ”,- деди исмини ошкор қилмасликни сўраган тадбиркорлардан бири 9 апрель куни Тошкент вақти билан туш пайти.

"Малика" ярмаркасидаги қулфланган дўкон. Сурат 9 апрель туш пайти олинган.
"Малика" ярмаркасидаги қулфланган дўкон. Сурат 9 апрель туш пайти олинган.

Бошқа бир тадбиркор “дардимизни кимга айтайлик?” дея нолиди:

“Жума, шанба, якшанба- энг яхши савдо бўладиган кунлар ишламадик. Ким аренда пулимизни беради? 120та дўкон ёпиқ. Тадбиркорлар яна кўчада қолмоқда. Аренда тўланган, солиқ тўланган. Нега яна тадбиркор жабр чекиши керак?”, дейди исмини очиқламаётганимиз тадбиркор йигит.

"Малика" ярмаркасидаги қулфланган дўкон. Сурат 9 апрель туш пайти олинган.
"Малика" ярмаркасидаги қулфланган дўкон. Сурат 9 апрель туш пайти олинган.

“Малика” эгаси алмашди

Тадбиркорларнинг айтишича, уларнинг муаммоси “Малика” комплексининг эгаси алмашгач бошланган.

Озодлик билан суҳбатлашган савдогарлар маълумотига кўра, жорий йил февраль ойида “Малика” комплексини олти йилдан буён бошқариб келаётган Lesor фирмаси ўрнига Premium prime service фирмаси келган. Янги фирма март ойининг охиридан бошлаб, тадбиркорлар билан ижара шартномаларини янгилашни бошлаган.

“Янги договор беришдан аввал ҳамма дўконларни печатлаб қўйди. 5 кун ишламадик. Аренда пулини 22 миллиондан 45 миллион сўмга кўтаришмоқчи эди. Одамлар норозилик билдириб, бозорда 500 кишилик митинг ҳам қилишди. Шундан кейин ҳаммага янги договор беришди. Энди очиб ишлаётганимизнинг эртаси куни солиқчилар келиб яна дўконларимизни ёптирди. Сабабини айтишмаяпти”, деди Озодлик билан суҳбатлашган тадбиркор йигит.

500 кишилик норозилик митингидан олингани айтилаётган сурат
500 кишилик норозилик митингидан олингани айтилаётган сурат

Солиқчи: Ҳужжати йўқнинг, дўкони ёпилаяпти

"Флешка"нинг янги эгаси - Premium prime service фирмаси масъуллари Озодлик саволларини жавобсиз қолдирди.

Шайхонтоҳур туман Солиқ инспекциясининг “Малика” савдо комплекси бўйича масъулларидан бирининг Озодликка айтишича, ярмаркадаги дўконларнинг ёпилишига сабаб тадбиркорларнинг ҳужжатлари йўқлигидир.

“Ҳужжатсиз ишлаётгани ёпилмоқда. Ҳужжати бори, ишчиларининг ҳаммаси расмийлаштиргани бўлса, уларга тегилмаган, улар ишлаяпти. Булар текширувлар тўхтатилгандан кейин, битта дўконга кўпчилик бўлиб кириб олишган. Ўзи битта дўконда 3-4 та одам бўлади. Ўзи, ёрдамчиси, компьютерчиси бўлиши керак. Кейин кўпчилигининг янги договори йўқ”, деди солиқ инспекцияси масъули.

Озодликнинг мобил мухбири 9 апрель куни “Малика” ярмаркасига бориб, вазиятни ўрганганида аксар дўконлар қулфлаб қўйилганига гувоҳ бўлди:

“Айримлар яширинча очаяпти. Лекин бирор нарса олсангиз, қўлингизга ҳеч қандай қоғоз бера олишмайди” , деди мобил мухбир.

"Малика"да 9 апрель куни очиқ турган саноқли дўконлардан бири.
"Малика"да 9 апрель куни очиқ турган саноқли дўконлардан бири.

Пул айланмаси бир неча юз миллион АҚШ долларини ташкил этиши айтиладиган, маиший ускуналар савдосига ихтисослашган “Флешка” дўконлари кейинги 7 йил ичида бир неча бор кўчирилди.

Шаҳар марказида жойлашган Навоий кўчасидаги савдо расталарида сотувчилик қилган тадбиркорлар 2011 йилда кутилмаганда кўчиш ҳақидаги буйруқни олган ва уч кун ичида Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида жойлашган собиқ "Малика" тикув фабрикаси ўрнидаги янги савдо марказига кўчирилган эди.

Навоий кўчасидаги ярмаркалар бузилиб, уларнинг ўрнида кўп қаватли уйлар қурилди.

Норасмий манбаларга кўра¸ "Малика" савдо маркази Ўзбекистон ҳокимиятининг юқори қатламларига алоқадор шахсларга қарашли бўлиб келган.

XS
SM
MD
LG