Париж-Самарқанд-Нукус. Бу Ўзбекистон президентнинг тўнғич қизи ва ёрдамчиси Саида Мирзиёеванинг охирги бир ҳафталик сафарлари жўғрофияси.
Бу шаҳарларда Мирзиёева йирик анжуманларда иштирок этди, давлат раҳбарлари ва бошқа юқори мартабали меҳмонларга пешвоз чиқди, нутқлар ирод қилди.
Аммо чарчамади.
Унинг ўзи Кун.уз нашри эълон қилган ва “Саида Мирзиёева билан 6 кун” деб сарлавҳаланган 4 дақиқадан кўпроқ видеода таъкидлашича, бу кучни у отаси - Шавкат Мирзиёевдан олмоқда.
Саида Мирзиёева нафақат жисмоний куч-ғайрат, балки сиёсий таъсир ва қудратни ҳам отасидан олиши маълум.
Аммо у минтақада отасидан куч олаётган ягона қиз эмас.
Сўнгги ҳафталарда Туркманистоннинг ахборот майдонига кутилмаганда амалдаги президент Сардор Бердимуҳамедовнинг синглиси ва собиқ президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг қизи Ўғулжаҳон Атабаева кириб келди. ОАВ ва блогерлар Атабаеванинг расмий шахслар ва жамоат арбоблари билан учрашувлари, унинг иштирокидаги тадбирлар ҳақида ёзмоқда. Оддий фуқаролар эса уни муҳим давлат лавозимига ҳозирлашаётгани ҳақида тахминлар билдиришмоқда.
СОБИҚ ПРЕЗИДЕНТНИНГ ҚИЗИ ВА АМАЛДАГИ ПРЕЗИДЕНТНИНГ СИНГЛИСИ
Россия, Хитой, Эрон ва Қозоғистон каби давлатлардан келган ўнлаб меҳмонлар “Тинчлик ва ишонч йили: болалар учун халқаро фаолиятни ривожлантириш” анжумани логотипи фонида суратга тушмоқда. Кадрда болалар йўқ, аммо бошқа "болалар" - президентларнинг фарзандлари бор. Улардан бири — Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг қизи ва ёрдамчиси Саида Мирзиёева. Сурат марказида эса — Туркманистоннинг собиқ президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг қизи Ўғулжаҳон Атабаева. Унинг отаси амални ўғлига мерос қилиб топширган, аммо ўзининг кенг ваколатлари, юқори мақоми ва “Арқадағ” (туркманчадан “ҳомий”) титулини сақлаб қолган.
Мазкур халқаро анжуман Арқадағ шаҳрида — Гурбангули Бердимуҳамедов шарафига номланган шаҳарда — ўтказилди. У шунингдек, отасининг номи билан аталган Болаларга ёрдам хайрия жамғармасининг 4 йиллигига бағишланди. 2023 йил охиридан буён Ўғулжаҳон Атабаева ушбу жамғарманинг ижрочи директори ва вице-президенти лавозимини эгаллаб келади.
Туркманистонда собиқ президентнинг қизи ва амалдагининг синглиси ҳақида яқингача деярли маълумот йўқ эди. Доимо эътибор марказида Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ягона ўғли Сардор бўлган. Сардорнинг икки синглиси — Ўғулжаҳон ва Гулшан оммавий тадбирларда кўринмаган. Уларнинг ёши ва касбий фаолияти ҳақида расмий маълумот йўқ.
Маълум бўлишича, Ўғулжаҳон Британияда турмуш ўртоғи — Туркманистоннинг Лондондаги элчихонаси маслаҳатчиси Довлет Атабаев билан бирга яшаган. Улар Арқадағ шаҳри қурилиши бошланиши билан Туркманистонга қайтиб келган. ОАВда ёзилишича, Атабаев шаҳар қурилишида фаол иштирок этган.
Ўғулжаҳон эса бир муддат сояда эди, то отаси уни ўз номи билан аталган жамғарманинг даволаш ишлари бўйича вице-президенти этиб тайинлагунича. Орадан бир неча кун ўтиб, президент акаси унга “Арқадағ” медалини топширди. Аммо унинг фаоллашгани туркман жамияти томонидан март ойидан бери кузатила бошлади. 22 март куни у Арқадағда кўчат экиш маросимида иштирок этди. 25 март куни мамлакатнинг маданият соҳасига масъул вице-премьери билан учрашди. 28 март куни эса болалар саломатлиги ва фаровонлигига бағишланган анжуманни ўтказди. Бу тадбирлар давлат назоратидаги телеканал ва газеталарда кенг ёритилди (Туркманистон матбуот эркинлиги индексида кўп йиллардан бери энг охирги ўринларни эгаллаб келади).
“Агар Туркманистонда Бердимуҳамедовлар оиласидан бирор кишини телевидениеда кенг ёритиш бошланса, демак, барчага тушунарли: бу одам тез орада юқори давлат лавозимига тайинланади. Кўпчилик унинг яқин келажакда парламент спикери бўлишини кутаяпти”, — дейди Озодлик Туркман хизматига номини очиқламаслик шарти билан гапирган Лебап вилояти яшовчиси.
Ўғулжаҳон Атабаева энди фақат расмий ОАВда эмас, ижтимоий тармоқларда ҳам кўрина бошлади. TikTok ва Instagram’да, хусусан, ҳукуматга яқин блогерлар унинг иштирокидаги видеоларни жойлаштирмоқда.
“Ҳозир одамлар бу видеоларни фақат қўрқувдан изоҳламоқда. Ҳукмдор оила ҳақида салбий изоҳ қолдириш оқибатсиз қолмайди”, — дейди Мари шаҳрида яшовчи ва исмини очиқлашшни истамаган яна бир суҳбатдош.
Марказий Осиё бўйича эксперт Брюс Панниернинг фикрича, Атабаеванинг сиёсий саҳнага чиқиши Гурбангули Бердимуҳамедов ўз оиласи ва ўғлининг нуфузини мустаҳкамлашга ҳаракат қилаётганидан далолат беради.
“У (Гурбангули Бердимуҳамедов) оила ҳокимиятини мустаҳкамламоқчи. Лекин бу патриархал жамиятда қандай иш бериши номаълум. Кузатамиз”, — дейди Панниер.
САИДА, ГУЛНОРА, ДАРИҒА ВА ҚАРЛИҒА
Марказий Осиё давлатлари тажрибаси шуни кўрсатадики, президентлар оиласидаги аёллар ҳамиша лавозим пиллапояларидан тез кўтарилиш имконига эга.
Арқадағдаги анжуманда қатнашган Саида Мирзиёева сиёсатга бор-йўғи олти йил олдин кирган, аммо бугунги кунда у Ўзбекистонда президентдан кейинги энг муҳим шахс ҳисобланади. Саида расмий учрашувларда доим қатнашади, хорижий делегацияларни қабул қилади, вилоятларга бориб турибди, Ўзбекистонни халқаро миқёсда намоён этади. Жорий йил март ойида у Қозоғистонда ўзбек рассоми Ўрол Тансиқбоевнинг кўргазмасини очди. 40 ёшли Саидани баъзилар отасининг эҳтимолий вориси сифатида кўрмоқда.
Бир пайтлар Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнорани ҳам унинг эҳтимолий вориси деб билишган. Гулнора Европада дипломатик фаолият юритган, катта таъсирга эга бўлган. Шунингдек, у Googoosha тахаллуси билан қўшиқ айтган ва мода кўргазмалари уюштирган.
Бироқ Гулноранинг сиёсий карьераси отаси ҳаётлигидаёқ якун топди; у аввалига барча лавозимлари ва бизнесларидан айрилди, орқасидан қамоққа ташланди. 2020 йил март ойида Тошкент суди уни жиноий уюшма тузиш, товламачилик, маблағларни ўзлаштириш ва ювиш айблари билан 13 йил 4 ой муддатга қамоққа ҳукм қилди.
Жорий йил бошида Гулнора Каримова манзил-колонияга чиқарилгани хабар қилинди. Ўзбекистон ҳукумати Гулноранинг чет элларда музлатилган юзлаб миллион долларлик активларини қайтаришга уринмоқда.
Қозоғистонда ҳам биринчи президент Нурсултон Назарбоевнинг қизларидан бири — Дариға — унинг эҳтимолий вориси сифатида кўрилган. У вице-премьер, депутат, Сенат раиси бўлган. Назарбоев 2019 йилда президентликдан кетганида Дариға Сенат спикери бўлди — бу Қозоғистондаги иккинчи энг юқори давлат лавозими. Ушбу амалиёт 2019 йилда Назарбоев лавозимни Қасим-Жомарт Тоқаевга топширган пайтда синовдан ўтказилган эди.
Бироқ 2020 йилда Тоқаев унинг депутатлик мандатини бекор қилди. Шундан кейин Дариға парламентни тарк этди ва жамоатчиликка деярли кўринмай қолди.
Сўнгги марта у ўтган йили Каннда, келини ва набиралари билан бирга ўтказилган хайрия аукционида кўриниш берганди. У ҳам, синглиси Динара Қулибоева ҳам мамлакатнинг энг бой инсонлари рўйхатига киради. Forbes журналига кўра, Дариға Назарбоеванинг мол-мулки 590 миллион долларга, Қулибоеванинг бойлиги эса 5,4 миллиард долларга баҳоланган.
Шу билан бирга, Назарбоевнинг қизлари ўтган йилги Forbes'нинг Қозоғистондаги энг нуфузли аёллар рўйхатига киритилмаган. Амалдаги президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг синглиси Қарлиға Избастина эса мазкур рўйхатга кирди.
Қарлиға Избастина дипломат Темиртай Избастиннинг хотини. У Қозоғистоннинг Болгариядаги элчиси бўлган. Уларнинг тўрт нафар фарзанди бор. Муҳаммад Избастин — тадбиркор, Қаниш — миллий компанияларда раҳбарлик қилган, Бекет — “Қазмунайгаз” таркибидаги PSA компаниясининг бош директори.
НЕПОТИЗМ АНЪАНАЛАРИ
Бундан 20 йил аввал - 2005 йил апрелида Қирғизистонда биринчи президент Асқар Акаев бошқарувидаги непотизм “Лола инқилоби” билан тугаганди.
Ўшанда минглаб одамлар кўчаларга чиқишган, Акаев эса оиласи билан Россияга қочиб кетган. Собиқ президент ҳануз Москвада истиқомат қилмоқда.
Норозиликлар парламент сайловларидан кейин бошланган — натижалар сохталаштирилган, деб ҳисоблаган мухолифат 90 фоиз ўринлар президент фарзандлари — Бермет ва Айдарга кетганини танқид қилган. Айдар 2020 йилда вафот этди, Бермет эса ҳозирда хорижда яшайди.
Тожикистонни 31 йилдан бери бошқараётган президент Эмомали Раҳмон президентлар орасида серфарзандлиги билан ажралиб туради. Унинг икки ўғли ва етти қизи бор. Улардан уч нафари жамоатчиликка тез-тез кўриниш беради. Биринчиси — пойтахт Душанбе шаҳар ҳокими ва парламент юқори палатаси раиси Рустам Эмомали. У отасининг эҳтимолий вориси сифатида кўрилади. 47 ёшли Озода Раҳмон эса Тожикистонда “тинчлик асосчиси ва миллат пешвоси” унвонига эга бўлган отасининг администрациясини бошқаради. У илгари Тожикистоннинг АҚШдаги элчихонаси ва Ташқи ишлар вазирлигида ишлаган.
Рухшона Раҳмонова эса 2021 йилда Буюк Британияга элчи этиб тайинланган. Қолган фарзандлари ҳозирча сояда.
Озодлик тожик хизматининг ёзишича, Парвина Раҳмонова мамлакатдаги етакчи фармацевтика компаниясини назорат қилади. Зарифа Раҳмон эса “Ориёнбанк” тижорат банки раҳбариятида ишлайди. Журналистлар маълумотига кўра, Тахмина Раҳмонова “Авиахабар агентлиги” компаниясини ташкил этган — бу компания мамлакатда авиачипталар бозорини назорат қилади.
"ГЕНДЕР ТЕНГЛИГИ" НОМИ ОСТИДА
Туркманистонда президент оиласига мансуб аёлларнинг сиёсий саҳнада пайдо бўлиши — янгилик. Мамлакатда президент синглиси Ўғулжаҳон Атабаеванинг оммавий майдонга чиқиши ҳукуматнинг “гендер тенглиги”ни намоён этиш кампаниясининг бир қисми сифатида баҳоланмоқда.
“Бу, албатта, сиёсий ўйин. Аслида, бизда дунёвий, демократияга асосланган ва ҳуқуқий давлат ғояси бутунлай барбод бўлган”, — дейди Ашхобод консерваторияси ходими Озодлик турман хизмати билан суҳбатда.
Туркманистонда президентнинг синглиси ва собиқ президентнинг қизи ҳақидаги кенг ахборот кампаниясига қарамасдан, аёлларнинг аҳволи ҳануз ачинарли. Давлат хизматчиларига косметикадан фойдаланиш, эътиборни тортадиган кийимлар кийиш ва сочни ёрқин рангларга бўяш тақиқланган. Косметик амалиётлар — лаб катталаштириш, қовоқ татуажи, тирноқ ёки киприк узайтиришга рухсат йўқ.
Ҳудди шундай гендер тенгсизлиги Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида ҳам сақланиб қолган. Швециядаги Марказий Осиё билан бирдамлик тармоғига кўра, беш давлатнинг барчасида аёллар эркаклар билан тенг ҳуқуқли эмас ва ҳаётнинг кўпгина жабҳаларида мустақил қарор қабул қилиш имконидан маҳрум қолишмоқда.
Форум