Линклар

Шошилинч хабар
22 феврал 2025, Тошкент вақти: 14:29

Орзу-ҳавас ва исрофгарчилик. Ўзбекистон ва минтақада тўй-ҳашамларни тартибга солишга уринишлар


Ўзбекистон, тўй. Иллюстарив сурат.
Ўзбекистон, тўй. Иллюстарив сурат.

Қирғизистонда исрофгарчиликни камайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокама қилинмоқда. Лойиҳа муаллифлари давлат оилавий маросимлар ва дафн қилиш билан боғлиқ айрим удумларни тартибга солишини хоҳлашмоқда. Тожикистон ва Ўзбекистонда бунақа нормалар бир неча йилдан бери амал қилади. Хўш, улар қандай ишлаяпти? Ишлаяптими ўзи?

Тўй ва таъзиягабир новвос ёки от

Қирғизистонда қонун лойиҳаси 27 январ куни парламент сайтида эълон қилинди. У тўй ва таъзия маросимларини ўтказиш меъёрларини тартибга солади ва ҳозирда муҳокама босқичида.

Лойиҳада тўйга 250 дан зиёд одамни таклиф қилмасликни қонунлаштириш назарда тутилган. Бунча меҳмонни зиёфат қилиш учун бир бош катта қорамол ёки битта от сўйиш етарли деб ҳисобланмоқда. Қиз узатиш маросими эса, лойиҳа муаллифларига кўра, янада камтарона бўлиши лозим – битта қорамол ёки от сўйилиб, кўпи билан 100 киши қатнашса, кифоя экан. Айни чоғда қиз узатиш маросими билан тўй зиёфати бир кунда бўлиши, гўшт миқдори ўшанча бўлгани ҳолда меҳмонларсони 350 кишидан ошмаслиги кераклиги белгиланмоқда.

Узун тўй кортежлари ҳам тақиқланиши мумкин. Қонун лойиҳасида келин-куёв ва меҳмонларни олиб юрадиган автомобиллар сони аниқ кўрсатилган: улар учтадан ортиқ бўлмаслиги керак.

Лойиҳа таъзияга келувчилар сонини чекламаса-да, майдаю катта қорамол ёки от сўйишни ман этади. Агар қонун шу ҳолича қабул қилинса, марҳум хотирасига таъзиянинг фақат учинчи кунида дастурхон ёзиш мумкин бўлади, лекин шунда ҳам биттадан ортиқ мол ёки от сўйиш тақиқланади. “Уч”, “етти”, “қирқ”, “йил” ва бошқа маросимларни ўтказишга йўл қўйилмайди.

Қонун лойиҳаси муаллифларига кўра, ҳужжат фуқароларнинг ижтимоий ва иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишга, шунингдек тўй-ҳашам ва бошқа маросимларни ўтказишда фуқароларнингиқтисодий аҳволига жиддий зарар келтираётган ортиқча исрофгарчиликни чеклашга қаратилган.

“Лойиҳа миллий маданиятимизнинг асл қадриятларидан чекинишни бартараф этишга хизмат қилади, зеро удум ва одатлар бойликни кўз-кўз қилиш кўзланган мантиқсиз рақобат ва манманлик воситасига айланиб қолмоқда”, дейилади ҳужжат асосламасида.

Бу чекловлар биринчиси эмас

Қирғизистонда тўй-ҳашамларни чеклашга бир неча марта уриниб кўрилган. 2022 йилда президент Садир Жапаров таъзия маросимларида мол сўйишни тақиқловчи фармон чиқарган эди. Янги қонун лойиҳаси, афтидан, фуқароларнинг сарф-харажатларини назорат қилиш сиёсатининг давомидир.

Собиқ давлат котиби ва жамоат арбоби Чолпонбек Абикеев фикрича, давлат “шунчаки қонун ёзиш билан” халқнинг урф-одатларини ўзгартира олмайди.

“Халқнинг урф-одатларини йўқ қилиш ёки ўзгартириш ҳатто Сталиннинг қўлидан келмаган, буларга йўл бўлсин”, дейди у.

Жаноза, қирқ, йил оши, ўғил уйлаш, қиз узатиш – булар бари кўп асрлардан бери давом этаётган урф-одатлар, дейди Абикеев. У халқ қурби етганича тўй-ҳашам қилаётганига ишончи комиллигини айтади.

“Урф-одатлар замонга қараб ўзгариб туради. Одамлар тўқ бўлса, “түштөндүрүү” (қудаларнинг келин ёки куёв қариндошлари томонидан меҳмон қилиниши) каби янги одатлар чиқади. Қурби етмаганида одамлар таъзия маросимларини битта эчки сўйиб, бир қозон овқат билан ўтказган бўлишарди. Хуллас, одатлар замонга қараб пайдо бўлади ёки йўқолади. Уларни тақиқлаш ва тугатиш учун халқнинг ўз хоҳиш-иродаси керак. Қишлоқларда йиғилишлар ўтказиб, маҳаллий даражада муҳокама қилиш ва одамларнинг фикрини эшитиш зарур”, дейди Абикеев.

“Тўй қилиш”. Марказий осиёлик мигрантлар нималарни орзу қилишади?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:23 0:00

Қонунни бузганга 3000 доллар жарима

Тўй ва таъзия маросимлари сарф-харажатларини чеклаш тўғрисидаги қонун Маъмурий кодексга тузатишлар билан бирга муҳокама қилинмоқда. Тузатишларда қонунни бузганлар учун жарималар кўзда тутилган. Хусусан, исрофгарчиликни чеклаш тўғрисидаги қонунни бузиш ташкилотчиларига 300 000 сом (салкам 3400 доллар), қонунга зид тўй ёки таъзия маросими бўлиб ўтган ресторан эгасига эса 100 000 сом (1100 доллар) жарима қўлланиши мумкин. Қонун қабул қилинган тақдирда, унинг ижроси устидан назорат маҳаллий мулозимлар ва уламолардан тузилажак махсус комиссиялар зиммасига юкланади.

Дарвоқе, қонун лойиҳасини икки депутат – Замирбек Мамасидиқов ва Шаирбек Ташиев ишлаб чиқишган. Шаирбек Ташиев Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиевнинг кенжа укаси бўлади. Фуқароларни тўй-ҳашам маросимларини камтарроқ ўтказишга мажбур қилиш масаласида ака-уканинг фикри бир хил. 2025 йилнинг иккинчи кунида махсус хизмат раҳбари Янги йил олдидан бўлган корпоратив зиёфатлар учун давлат органлари раҳбарларини қаттиқ танқид қилиб, “бу ярамас анъана”га барҳам беришга чақирганди.

Айрим жойларда аҳоли ўзи ташаббус қилиб маросимларни ихчамлаштирмоқда. Масалан, Чуй вилояти қишлоқларидан бирида 10 йил олдин аҳоли таъзия маросимларида мол сўймасликка келишиб олган.

“Айбек қишлоғидан кўчиб кетганимизга анча бўлди, лекин у ерда қолган қариндошлар билан борди-келди қиламиз. Яқинда онам қазо қилди. Видолашгани келганлар жанозадан сўнг марҳума кўмилгач, дуо қилиб, тарқалишди. Мол сўйиш тугул, бир пиёла чой берилмади. Четдан келган баъзи кишилар ажабланиб қарашди. Лекин биз келишиб олганмиз: жаноза куни ҳеч қандай чиқим бўлмайди. Фақат 40-кунда дастурхон ёзамиз. Мол ҳам сўйилади. Қирқ қилганимизда атиги 100 тача одам келди – асосан қишлоқдошлар ва қўшнилар”, дейди Айбек қишлоғининг собиқ турғуни.

Бунақа келишувлар бошқа жойларда ҳам бор. Шунга қарамай, шов-шувли қонун лойиҳаси муаллифларига кўра, тўй-ҳашамларни дабдабали қилиб ўтказиш кенг тарқалган деб ҳисоблашмоқда.

“Ихчамгина” оилавий тадбир

Шунга ўхшаш меъёрлар Тожикистон ва Ўзбекистонда аллақачон жорий этилган. Хусусан, Ўзбекистон тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисидаги Низомни 2019 йилда, Тожикистон эса анча олдин – 2007 йилда қабул қилган.

Ўзбекистонда низом нафақат меҳмонлар сонини, балки маросим вақтини ҳам тартибга солади: барча оилавий тантаналар 23:00 гача тугаши лозим. Оилавий тантаналарга келадиган меҳмонлар сони 200 кишидан, ош тортиладиган маросимларга ташриф буюрувчилар эса 250 кишидан ошмаслиги кераклиги назарда тутилган.

Таъзия билан боғлиқ тадбирлар узоғи уч кун давом этиши мумкин, аммо низом иштирокчилар сонини чекланмайди.

Кафе ва ресторанлар маъмурияти режаланаётган тантаналар ҳақида маросимдан энг камида икки кун олдин ички ишлар идораларини ёзма равишда хабардор қилиши шарт.

Ҳужжатда тантаналарни ўтказиш чоғида ортиқча сарф-харажат ва исрофгарчилик қилиш тақиқланиши аниқ-тиниқ ёзиб қўйилган, таъзия маросимларида эса “ортиқча” урф-одатлар бўлмаслиги лозим.

Шунингдек, оилавий маросимлар чоғида “миллий анъаналар ва ахлоқ қоидаларига зид, қўшимча вақт ва сарф-харажат талаб қиладиган” удумларга йўл қўйилмайди. Туман кенгашлари раислари оилавий маросимлар “ихчам ва исрофгарчиликсиз” ўтишини назорат қилишлари керак. Низом ижроси бўйича уларга шахсий жавобгарлик белгиланган.

Ҳужжатда айтилишича, сўнгги йилларда Ўзбекистонда турли оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказишда “шуҳратпарастлик, ўзини кўз-кўз қилиш, бошқаларнинг ижтимоий аҳволини инобатга олмаслик, исрофгарчилик, халқнинг урф-одатлари ва анъаналарини менсимаслик каби иллатлар кўзга ташланмоқда”.

Ҳофиз муҳожир: "Машина олиш, тўй қилиш орзусида Ўзбекистондан кетяпмиз..."
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:12 0:00

Тожикистонда “танзим” қандай ишлайди?

Қирғизистондаги қонун лойиҳаси билан Ўзбекистоннинг амалда низоми Душанбе 2007 йилда қабул қилган ҳужжатга жуда ўхшаш. Тожикистонда у “Урф-одатлар, тантаналар ва маросимларни тартибга солиш тўғрисида”ги қонун деб аталади. Халқ эса уни “тартибга солиш, назорат қилиш” маъноларини берувчи “танзим” номи билан атайди.

Қонун президент Эмомали Раҳмон ҳашаматли тўйлар мамлакатда кўплаб оилаларга оғир юк бўлаётганини танқид қилиши ортидан тезда қабул қилинган эди.

Ҳужжат маросимлар давомийлиги, меҳмонлар ва ҳатто таомлар сонини ҳам белгилаб беради. Хусусан, тўйга 150 данзиёд меҳмон чақириш мумкин эмас. Тўй кортежига нисбатан ҳам чеклов бор: автомашиналар сони, келин-куёв ўтирган автомобил билан бирга тўрттадан ошмаслиги керак. Келин тушириш иккита маросимни – наҳорги ош ва узоғи билан уч соат давом этадиган кечки базмни ўз ичига олади.

Қонун келин-куёвнинг қариндошлари бир-бирига совғалар бериши, мол сўйиб худойи қилиш ва дабдабали дастурхон тузаш каби ўнлаб одатларни тақиқлади. Тўйдан кейинги айрим маросимлар сақлаб қолинган бўлса-да, уларни тор оила даврасида, кўпи билан 15 киши иштирокида ўтказишга рухсат этилган.

Кўплаб тожикистонликлар ўшанда “танзим”ни давлатнинг одамлар шахсий ишига аралашуви деб ҳисоблаган бўлса, аксар аҳолига турли оилавий маросимлар, аввало тўй харажатларини камайтиришга имкон берувчи ушбу қонун маъқул бўлди.

“Қонун қабул қилингунча Тожикистонда тўйлар ниҳоятда серчиқим маросим эди. 2005 йилда тўнғич ўғлимни уйлантиришга қарийб 10 минг доллар сарфлаганман. Бунинг учун бир неча йил Россияда ишладим, бутун оила эгнимиздан, томоғимиздан уриб пул жамғардик. Хонандаларга, совға-саломга бир дунё пул кетди, роса 300 кишини меҳмон қилдик. Бунақа харажат одамни қаттиқ ҳолдан тойдиради, аммо на чора?! Эл-юрт олдида уялиб қолмайлик дедик-да. Ўлсанг ҳам, қарзга ботсанг ҳам катта тўй қилишинг керак эди. Мана шунақа замон бўлган”, дейди душанбелик Фаррух Саломов.

Унинг айтишича, “танзим” чиққанидан сўнг у кичик ўғлини уйлантирганида анча кам харажат қилибди. “Қарз ёки кредит олишга ҳожат қолмади. Бир оз пул жамғариб, тезда ўтказиб олдик. Кўп чиқим бўлмади. Ҳеч ким маломат қилгани ҳам йўқ. “Танзим”дан кейин кўпчилик енгил тин олди”, дейди суҳбатдошимиз.

18 йил давомида қонунга бир неча марта қўшимча ва ўзгартишлар киритилди. Аммо ҳар гал тақиқлар рўйхати узайиб, жарималар катталашди.

КАРАНТИНДАГИ ТЎЙ: Бир магнитофон, 5 кило ош, тўрт қўшни ва қариялар фотиҳаси
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:42 0:00

Гўяндаларсиз ва камтарона таъзия

Тожикистон ҳукумати бола туғилиши билан боғлиқ маросимларга ҳам қатъий чекловлар киритди. Хусусан, “ақиқа” қилиш ман этилди: илгари ўғил бола туғилса – иккита, қиз фарзанд туғилганида эса битта қўй сўйилиб, гўшти қўни-қўшниларга, муҳтожларга тарқатиларди.

Бошқа маросимлар, жумладан, “гаҳворабандон” (бешикка ётқизиш), “чиллагурезон” (чақалоқнинг 40 кунлик бўлганини нишонлаш) ва “мўйсаргирон” (чақалоқнинг сочини олиш)ни эса оила даврасида, мол сўймасдан ва артистлар хизматисиз ўтказиш мумкин. Ҳукумат бунинг ўрнига ота-оналарга ўз фарзандлари номига банкда ҳисоб очиб қўйишни тавсия қилади.

Қонун дафн маросимлари, эҳсон ва маъракаларга ҳам қаттиқ чекловлар солиб, ўлимнинг еттинчи, йигирманчи кунида ва олти ой тўлганда таъзия маросимлари ўтказишни тақиқлади. “Уч”, “қирқ” ва “йил оши” каби маросимларга рухсат бор, аммо мол сўйиш ва тўкин дастурхон тузаш ман этилган.

Қолаверса, таъзияларда дод солиб, бошидан тупроқ сочиб, кийимни йиртиб ва сочларни юлиб, юзларни тирнаб йиғлаш ёки махсус йиғлаб берувчи аёллар – гўяндаларни чақириш тақиқланган. Марҳумнинг қариндошлари йиғлашлари мумкин, лекин пастроқ товушда.

Қонун ижросини махсус комиссиялар ҳамда Тожикистон дин ишлари ва урф-одатларни тартибга солиш қўмитаси назорат қилади. Қўмита аниқланган қонунбузарлар ва солинган жарималар суммаси ҳақида ҳар ҳафта ижтимоий тармоқларда ҳисобот бериб туради. Мулозимларга кўп ҳолларда маросимларда қатнашган “хабарчилар” ёрдамлашади.

Қонунни бузганлар учун катта жарималар белгиланган. Масалан, фарзанд туғилиши ва дафн қилиш билан боғлиқ маросимларни ўтказишда қонунбузарлик қилган фуқаро камида 8640 сомоний (қарийб 800 доллар), мансабдор шахс эса 25 200 сомоний (2,2 минг доллар)гача жарима тўлайди. Тўй маросимларини ўтказиш тартибини бузганлардан кўпроқ ундирилади: фуқаролардан – камида 15 840 сомоний (1400 доллар), мансабдор шахслардан – 39 600 сомоний (3600 доллар)гача. Артистлар ва тўйхона-ресторан эгалари учун эса 108 000 сомоний (9800 доллар)гача жарима кўзда тутилган.

“Одамлар нима дейди?”

Социолог Нодира Исломова фикрича, тожикистонликлар “тўйми ёки қатнами, нималигидан қатъи назар барча маросимларни ҳашамат билан ва тўкин-сочин ўтказиш керак” деган сохта ақидага берилиб ўзларига кўп жабр қилишган.

“Киши маросимга қанча кўп пул сарфласа, шунча обрўйи ошади деб ҳисобланган. Шу сохта обрўни деб одамлар йиллаб қарз ёки кредит тўлаганлар, қарз юкидан халос бўлгунча оилалари билан чалақурсоқ яшаганлар. Бутун жабр-жафо жамиятнинг “Фалончи зўр тўй қилди!” деб мақташи учун қилинган”, дейди олима.

Исломова “оммадан олқиш олишга интилиб, ҳашаматли тўй қилиш учун ҳаётий муҳим нарсалар, масалан, овқатдан, тиббий сарф-харажатлардан ўзини сиқиши жиддий оқибатларга олиб келган”ини айтади.

Давлат идорасида хизмат қилувчи душанбелик Замира Худоёрова олиманинг фикрига қўшилади. “Тожикистонда кўпчилик одамларнинг гап-сўзига қараб иш тутади, шу боис ҳеч қачон тожик жамиятида бўлмаган тўқима одатларга риоя қилинади”, дейди у.

“Одамлар нима дейди?” – бирон-бир маросимни қандай ўтказиш устидаги баҳслар одатда шу сўзлар билан бошланади ва тўй тартиби, келин ёки куёвга қандай совға олиш тўғрисидаги қарорларда қўшнилар ва қариндошларнинг фикри ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Шу боис ҳам “танзим” ҳақидаги қонуннинг қабул қилиниши кераксиз чиқимларнинг олдини олиш ва одамларнинг ўз турмушини яхшилаб олишига имкон беришда жуда зарур қадам бўлди”, давом этади суҳбатдошимиз.

Бироқ айримлар қонун мулозимлар ва пулдор одамлар учун ёзилмаган, деб ҳисоблашади. “Тўй-тантаналарини асъасаю дабдаба билан ўтказаётганлар ҳозир ҳам бор. Масалан, 150 кишидан меҳмон чақириб икки кун тўй қилишяпти. Ёки туғилган кунини ресторанларни тўлдириб нишонлаётган бойваччалар ҳам кўп”, дейди исмини очиқлашни истамаган душанбелик эркак.

Айни чоғда ОАВлар вақти-вақти билан “танзим”ни бузганлар ҳақида хабар бериб турибди. 2017 йилда Кўлобда бир оила тўйда ҳаддан ортиқ тўкин дастурхон тузаб исрофгарчилик қилгани учун жаримага тортилган, ҳукумат одамлари нонлар, ширинликлар ва бошқа ноз-неъматларни мусодара қилиб, шифохонага топширишган эди.

2024 йилда Душанбеда бир киши қизининг унашув маросимини катта тантана билан ўтказгани учун жарима тўлади. Маросимда жуда кўп меҳмон қатнашган, барчага совғалар улашилган. Тўй соҳиби меҳмонлар маросимда олган сон-саноқсиз фото ва видеоларда ижтимоий тармоқларда тарқатганидан сўнг “қўлга тушди”.

Озодлик радиосининг Дин ишлари ва урф-одатларни тартибга солиш қўмитасидаги манбасига кўра, “танзим” қонуни қабул қилинганидан сўнг ўтган 18 йил ичида мамлакат аҳолиси 30 млрд сомонийдан кўпроқ пулни тежаб қолган – бу долларда камида 3 млрд бўлади.

Форум

XS
SM
MD
LG