Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:29

Андижонда масжид учун қурилган иморатда 25 оила яшаяпти. Ҳожатхона битта


Андижон шаҳридаги Тахтакўприк мачити биноси
Андижон шаҳридаги Тахтакўприк мачити биноси

Андижон шаҳрининг Тахтакўприк маҳалласи турғуни Шукрилло Ëдгоров бошлиқ фаоллар "собиқ масжиднинг 100 киши битта ҳожатхонага навбатда турадиган сассиқ харобага" айланганидан Озодликка шикоят қилишди.

Уларнинг айтишича, 1991 йилда Саудия Арабистони молиявий кўмаги ва халқ ҳашари билан қурилган ва фаолиятига изн берилмаган масжид ва мадрасадан иборат бинога 2018 йили кам таъминланган 25 оила жойлаштирилган эди.

Ўзбекистон Мусулмонлар идораси мулозимига кўра, бино 1998 йилга қадар масжид ва мадрасадан иборат мажмуа сифатида фаолият кўрсатган.

- 1998 йилда бу каби муассасалар қайта рўйхатдан ўтказилаётганда мазкур маскан рўйхатдан ўтмасдан қолди. Бино давлат тасарруфига ўтди¸ - деди Мусулмонлар идораси мулозими.

Собиқ масжид биносига яқин жойда яшайдиган Шукрилло Ëдгоровнинг Озодликка айтишича¸ бинонинг одам яшаши учун мўлжалланмагани боис антисанитария ҳолати юзага келган.

Ëдгоров бу юзадан апрель ойида президент қабулхонасига мурожаат қилгани ва олган жавобидан қониқмаганини айтди.

Расмий жавоб

Андижон шаҳар Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси мулозимининг Озодликка 10 май куни айтишича¸ собиқ Тахтакўприк масжиди давлат мулки сифатида 2018 йилда рўйхатга олинган ва кам таъминланган турар-жойга муҳтож 25 та оила жойлаштирилган:

- Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид “қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон президенти қарорига асосан бу 25 оила ҳокимлик тасарруфидаги бинога вақтинча жойлаштирилди. Олдин масжид сифатида қурилган бу бинонинг биринчи қаватидаги зал (номоз ўқиладиган жой - таҳр.) Маданият бошқармасига кийим-кечак омбори сифатида бериб қўйилган.

Озодлик мухбирининг¸ “Масжид учун қурилган бинонинг яшаш учун мўлжалланмагани боис у ерга кўчирилган аҳоли нима учун антисанитария холатида яшаяпти?” деган саволига мулозимнинг жавоби мана бундай бўлди:

- Давлат мулки бўлган бино ташландиқ ҳолатда эди. У ерда муҳтож оилаларнинг бир амаллаб яшаб тургани - шу шароитда маъқул ечим. Ит-мушук ва наркоманлар яшганидан кўра, ўша муҳтожлар яшагани яхши. Бу 25 оила у ерда абадий қолмайди. Бинонинг келажакда маданият соҳасига оид маскан бўлиши режаланган.

Камбаҳаллар ëтоқхонасига айланган масжидга ëндош Андижон шаҳар Дўстлик кўчасида яшайдиган ва исми эфирда айтилмаслигини истамаган маҳалла посбони Озодлик билан суҳбатда баъзи тафсилотларни ҳикоя қилди:

- Масжид ичига жойлашганларнинг кўпи муқаддам судланган ва муаммоли оилалар. Ўзаро жанжал кўп. Туалет талашиб ҳам уришиб кетишди тунов куни. Эри йўқ хотинлар жазман талашиб жанжал қилади.

Мустақил журналистнинг кўрганлари

“Тахтакўприк” маҳалласи фаоллари маҳаллий мулозим ва журналистлар бефарқлигидан чарчаб мустақил журналист Каримберди Тўрамуродни “харобага айланган собиқ масжид” муаммосини ëритиш учун таклиф қилишди.

Журналист Каримберди Тўрамурод собиқ масжид ҳужраларида яшаëтган 100 га яқин кишининг ўта ëмон шароитларда яшаëтганини видеотасвирга олиб тармоқда тарқатди.

Эркагу аëл учун умумий битта туалетга навбатда турган ўнлаб кишилар¸ тор ҳужрада ота-она ва келин-куëвнинг тиқилиб яшаëтгани ва ҳар соатда портлаши мумкин бўлган газ баллонлар тасвири ижтимоий тармоқнинг ўзбек сегментида ташвиш билан қаршиланди.

Озодлик билан суҳбатда журналист Каримберди Тўрамурод вазият видеотасвирдагидан ҳам ëмонроқ эканини айтди:

- Видеода ҳид акс этмайди, афсус. Мен шу ҳужраларда беш минутдан кўп тура олмадим. Зах ва сассиқдан кўнглим айнади. Ўша хужранинг ўртасига тўртта ëстиқ қўйиб¸ устига клеёнка ëзиб, қўлбола ванна қилиб чўмилишар экан. Канализация йўқ.

Ўзбекистонда ишлатилмай турган масжидлардан омбор ва ëтоқхона сифатида фойдаланиш практикаси мавжуд.

Жорий йил бошида Хоразм вилоят, Хазорасп туманида уйлари бузилиб, вақтинча собиқ ҳарбий комиссарлик биносида яшаëтганлар фойдаланилмай ëтган иккита масжид биносига кўчирилган эди.

XS
SM
MD
LG