Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:25

Мирзиëев “фахримиз” деб атаган буюк рассом Усто Мўминнинг Тошкентдаги қабри ташландиқ аҳволда


"Усто Мўмин" асарлари доимо кўргазмалар марказида, қабри эса қаровсиз. Коллаж
"Усто Мўмин" асарлари доимо кўргазмалар марказида, қабри эса қаровсиз. Коллаж

Ўзбек тасвирий санъатининг ташриф қоғози сифатида тақдим қилинадиган улуғ рассом Усто Мўминнинг Тошкентдаги қабри қаровсиз аҳволда.

2017 йили президентликка сайланганидан кейин Шавкат Мирзиëев Москвага ташрифи чоғида Россия президенти Путин билан бирга Пушкин музейига ташриф буюрганди. Музей пештоқида улуғ ўзбек рассоми Усто Мўмин асари акс этган панно осилганини кўриш мумкин.

Кўргазма марказидан ҳам Усто Мўмин асарлари ўрин олган эди. Янги Ўзбекистоннинг маданиятга ошиқлигини урғулаган Мирзиëев Усто Мўмин асарларини “миллат фахри” деб атаган.

Мирзиëев ва Путин Москва музейида Усто Мўмин асарларини томоша қилмоқда
Мирзиëев ва Путин Москва музейида Усто Мўмин асарларини томоша қилмоқда

1957 йили Тошкентда оламдан ўтган рассом Усто Мўмин асари Янги Ўзбекистоннинг ташриф қоғози бўлиб қолмоқда.

Усто Мўмин қабрини излаб

Бу дабдабалардан уч йил ўтиб, тошкентлик журналист Тамара Санаева буюк рассомнинг қабри қаровсиз қолгани акс этган суратларни тармоққа қўйди.

Усто Мўминнинг қаровсиз қабри
Усто Мўминнинг қаровсиз қабри

"Наҳотки, мамлакат тасвирий санъатини дунëга тамсил қилган улуғ рассом қабри шу қадар эътибордан мосуво?"

Ўзбекистон Маданият вазирлигининг Озодлик боғланган мутасаддилари рассом қабри ҳақида тасаввурга ҳам эга эмасликларини айтишди. Озодлик илтимосига кўра¸ тошкентлик фотосуратчи Умида Аҳмедова ва журналист Тамара Санаева рассом қабрини излаб, йўлга чиқишди. Ўзбекистон Маданий мерос бошқармаси вакили олдинига бирга боришга рози бўлди. Аммо сал ўтмай, “Озодлик радиоси тадбирида қатнашганлиги учун жазоланишдан қўрқишини” айтиб, рассом қабрига бора олмаслигини билдирди ва узр сўради. Ҳолбуки, ўзбек маданиятини тамсил қилган рассом қабридан хабар олиш бу мулозимнинг хизмат мажбурияти эди.

Сталин қатағонлари ижрочиси Усмон Юсупов қабри устидааги ҳайкал
Сталин қатағонлари ижрочиси Усмон Юсупов қабри устидааги ҳайкал

Тошкентнинг халқ орасида "Эски ТошМИ" деб аталадиган мавзесига яқин жойдаги Боткин қабристони. Темир панжаралар¸ қабр тошлари ва занглаган темир хочлар оралаб юрамиз. Насронийлар қабристонидаги хоч ўрнатилмаган қабр устида кичик оқ мармар лавҳа турибди. Лавҳага "Усто Мўмин" (Николаев Александр Васильевич) деб ëзилган. Бу қаровсизликка озроқ бўлса ҳам барҳам бериш учун ҳеч ким тарафидан вакил қилинмаган журналист Тамара Санаева ва фотосуратчи Умида Аҳмедова қабрни ëввойи ўтлардан тозалашди.

Усто Мўмин асари
Усто Мўмин асари

Озодлик билан суҳбатда Умида Аҳмедова улуғ рассом қабри деярли йўқолиб кетиш арафасида экани ва мутасаддилар бефарқлигидан ташвиш билдирди.

Туркистон авангарди деган йўналиш асосчиларидан бири бўлган Усто Мўмин асарлари кимошди савдоларида қимматга сотилади. Етакчи музейлар асарларини ўз жамламаларида кўришни истайдиган бу рассом башарият тамаддунига хизмат қилган санъаткор ўлароқ билинади.

Мутахассисларга кўра, санъатда бу мавқега эришган рассомлар ватанида уларнинг хотирасига ошиғич эҳтиром кўрсатилади. Буюк рассом ва киночи Сергей Паражанов ва рассом Мартирос Саряннинг Арманистондаги қабри бунга мисол.

Улуғ Озарбайжон рассоми Саттор Баҳлулзодага қўйилган ҳайкал тагида эса доимо гуллар туради.

Озари рассоми Саттор Баҳлулзодага қўйилган ҳайкал
Озари рассоми Саттор Баҳлулзодага қўйилган ҳайкал

Гуржи рассоми Нико Пиросмани обидаси.¸улуғ раққос Рудолф Нуриевнинг Париждаги қабри¸ Душанбеда улуғ рассом Камолиддин Беҳзодга қўйилган ҳайкаллар миннатдор авлодларнинг эҳтиром рамзи сифатида кўрилади.

Кўриб турганингиз эса шарқ ва ғарбни уйғунлаштириш учун исми ва динини ўзгартирган улуғ ўзбек рассоми Александр Николаевнинг ғариб қабри.

Усто Мўмин қабри
Усто Мўмин қабри

Қабр тошини латта билан артиб тозалаëтган Тамара Санаева фотосуратчи Умида Аҳмедовага қараб ” Қуръон тиловат қил” деди. Умида Аҳмедова рассом рухига қуръон тиловат қилди. Насроний қабристонида дафн қилинган Николаев Александр Васильевич исмли рассом руҳига Қуръон тиловат қилинмоқда. Сизга ғалати туюлмадими?

Фотограф Умида Аҳмедова рассом қабри устида қуръон тиловат қилмоқда
Фотограф Умида Аҳмедова рассом қабри устида қуръон тиловат қилмоқда

Мусулмон рассом

Санъатшунос Акмал Ризаев бунга тушунтириш берди:

“Александр Васильевич расман Исломни қабул қилган илк рус рассоми. Николаев 1920 йили ТуркЦИК (Москвадаги Туркистон Марказий Ижроия қўмитаси) мандати билан Самарқандга келди. Унга Туркистон халқлари музейини ташкил қилиш вазифаси топширилган эди. Бу вазифани у киши мукаммал адо қилди. Бугун фаолиият кўрсатаëтган Ўзбекистон Давлат санъат музейини у киши ташкил қилган эди. Николаев дунëга машҳур рассом Малевичнинг шогирди бўлади. Ўша қора квадратни чизган буюк рассомнинг шогирди. 1921 йилга келиб Николаев Туркистон рассоми бўлиш ва бу ўлкани тараннум қилиш учун туркистонликлардан бири бўлиши зарурлигини тушуниб етди. "Шердор" мадрасасида яшаган чоғида шу ердаги қорилардан Қуръон тиловат қилишни ўрганди. Калимайи шаҳодат келтириб, мусулмон бўлди. Исмини Усто Мўмин деб ўзгартирди, суннат қилдирди. Ўзбек ва тожик тилларини ўрганди. Ўзи аъзоси бўлган коммунистик партия сафидан расман чиқди. “Мусулмон одам дахрийлик мафкураси бўлган партия аъзоси бўла олмайди”, дея партбилетини конвертга солиб, Москвага почтадан жўнатди. Усто Мўмин уйларга нақшу нигор чизадиган усталар маҳоратини ўрганди. Самарқанд шайхларининг базмларига бориб, баччалар ижросидаги рақсларни томоша қилди. Дутор чалаëтган баччанинг шайхлар қалбига ғулғула солган фарëдини ўз асарларига муҳрлади. Баччаларга чандон ошиқ бўлди. Бу рассомнинг қабрида нега хоч йўқлиги ва нега Санаева Қуръон тиловат қилинг, деганини тушунгандирсиз. Боткин қабристонида улуғ мусулмон рассоми ëтибди”.

Усто Мўмин асарларида ғилмон ва муғбачалар акс этади
Усто Мўмин асарларида ғилмон ва муғбачалар акс этади

1920 йилдан то умрининг охиригача Ўзбекистонда ижод қилган Усто Мўмин асарлари Нукусдаги Савицкий номли давлат музейи ва Тошкентдаги давлат санъат музейида сақланади.

Шарққа юзланиш

Усто Мўмин асарларининг қийматини англаш ва рассом улуғлигини тушуниш учун рассом яшаган ўша давр муҳитини тафтиш қилишга тўғри келади.

20-аср бошларида асосан, черков буюртмасига кўра Инжил ҳикояларига сурат солган Ғарб рассомлик оқими эврилишга юз тутди.

Магдаленанинг изтироби ëки авлиë Луканинг ғамгин ҳикоясидан кўра олис Таитидаги кўкси бўлиқ аëлларнинг тарвуз еб ўтирган тасвири Париж рассомларининг илҳом манбаига дўнди.

Гоген¸ Матисс ва Пикассо каби рассомларнинг Париждаги устахоналари шарқона гиламлар¸ дўппи ва чилимкадилар билан тўлди.

Қуëш шарқдан чиқиб, ғарбга қараб энган бир давр эди бу.

Шарқона маҳобат Париж¸ Вена ва Берлиндаги иморатларнинг ичи ва ташида ҳам акс эта бошлаган¸ Опера ва балетлар мавзуси ҳам "Минг бир кеча эртаклари"га кўчаëтган бир давр эди.

Большевиклар Россияси деб номланган маҳдудликда сиқилган рассомлар учун шарққа интилиш алоҳида эҳтиëжга айланди.

20-асрнинг 20-йиллари... Ўша пайтда энди урушдан чиққан¸ большевиклар тўнтаришини бошдан кечирган Россия¸ бит босган¸ очликдан ўлаëтган қашшоқлар фонида ўта ғариб кўринар эди.

Рутубат¸ совуқ ва қашшоқликдан қочган бир гуруҳ рассомлар нур излаб, Туркистонга йўл олишди.

Бухоронинг эгри-бугри жин кўчалари¸ Тошкентнинг лой деворлари¸ Самарқанднинг ложувард кошинлари ва Хиванинг кўк гумбазлари бу рассомлар қалбини забт этди.

"Дуторчи бачча". Усто Мўмин асари (1923)
"Дуторчи бачча". Усто Мўмин асари (1923)

Футуризм ғоялари билан келган рассомларнинг ижодий изланишлари меваси ўлароқ, Туркистон авангарди сарчашмасида турган Усто Мўмин деган воқеълик тарихга муҳрланди.

"Даврон тўхтатган авангард" ҳам дейишади Туркистон авангард рассомлиги ҳақида гап кетганида.

Бугун бу авангард рассомлик йўналишида ижод қилган ва Ўзбекистон маданияти ташриф қоғозига айланган рассом Усто Мўмин асарлари кўргазмалар марказидан ўрин олган. Бу рассом асари Ўзбекистон санъат тарихидан ҳикоя қилувчи альбомлар муқовасидан ўрин олган бўлса, қабри қаровсиз қолмоқда.

Усто Мўмин Самарқанд ва Тошкентда ижод қилган
Усто Мўмин Самарқанд ва Тошкентда ижод қилган

XS
SM
MD
LG