Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:29

Кадрлар "рокировкаси": Мирзиёев ниҳоят ёшларни ҳокимиятга олиб келмоқдами?


Cардор Умурзоқов (чапда) президент Шавкат Мирзиёев ва Ислом тараққиёт банки раҳбари Муҳаммад Ал-Жассир билан - 2 сентябрь, 2021.
Cардор Умурзоқов (чапда) президент Шавкат Мирзиёев ва Ислом тараққиёт банки раҳбари Муҳаммад Ал-Жассир билан - 2 сентябрь, 2021.

Иккинчи муддатга қайта сайланган президент Шавкат Мирзиёев, тез орада ҳукумат таркибини янгилаши, ҳатто Бош вазирни алмаштириши кутилаётгани айтилмоқда.

Президент маъмуриятига яқин манбалар, амалдаги Бош вазир Абдулла Арипов ўрнига “президент командаси”дан ёш ва садоқатли номзод танланишини тахмин қилмоқда.

Бош вазирнинг алмашиши ҳақида тармоқларда тарқалган хабарларга расмий муносабат билдирилгани йўқ. Тошкент шаҳар ҳокимлиги олдинроқ ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг лавозимдан олингани ҳақидаги хабарларни рад этиб чиқди.

Ўзбекистонда янги президент сайланиши, президентнинг ўзи ўзгармаганидек, ҳукуматда ҳам муқаррар ўзгаришларни англатмайди. 2011 йилда, ҳали Каримов даврида конституциявий ислоҳот деб аталган ўзгаришлар ортидан парламентга бош вазир номзодини кўрсатиш ва тасдиқлашда кўпроқ ваколатлар берилган эди. Аммо амалда президент ҳокимият вертикали ўзгаришсиз қолган.

Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келган илк ойларда икки йилда ҳукуматни бутунлай ўзгартириш, ҳокимиятга ёшларни олиб келишга ваъда берган эди. Аммо бу амалга ошгани йўқ ва ҳукумат таркиби ўзгариши билан боғлиқ охирги кутилмалар, Мирзиёевнинг ҳанузгача амалга ошмаган ана шу ваъдаси билан ҳам боғлиқ.

17 январь куни Халқ таълими вазири, 44 яшар Шерзод Шерматов Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири лавозимига ўтказилди, унинг ўрнини Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчиси бўлган 40 яшар Бахтиёр Саидов эгаллади. Олдинроқ Бош вазир ўринбосари Бекзод Мусаев Соғлиқни сақлаш вазири этиб тайинланганди.

Устоз-шогирд

Ҳукуматдаги ўзгаришлар борасида номи энг кўп тилга олинаётганлардан яна бири Ташқи савдо ва инвестициялар вазири Сардор Умурзоқовдир.

Озодлик суҳбатлашган бир-биридан мустақил манбалар Сардор Умурзоқов бош вазирликка эҳтимолий номзодлардан бири эканини айтмоқда.

Умурзоқовни шахсан таниганларнинг айримлари, уни “муросасоз”, “муносабатларда балансни сақлашга” интиладиган, ғарб ҳукуматлари ва инвесторлар билан гаплаша оладиган замонавий раҳбар деб таърифласа, танқидчилари “ашаддий карьерист”, президент измидан чиқмайдиган “итоатгўй шогирд”, деб сифатламоқда.

1977 йилда Тошкентда туғилган Сардор Умурзоқов, Ўзбекистон ҳукуматининг ташқи иқтисодий алоқалардаги муҳим идораси - Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига тайинланган энг ёш кадрдир.

Унинг Шавкат Мирзиёев билан устоз-шогирдлик муносабатлари борлиги ва президентнинг одами экани айтиб келинади.

“Профессор, академикнинг ўғли, онаси ҳам домла. Отаси Ирригация университети ректори бўлган, Америкада дарс берган. Сардорнинг ўзи ҳам Англияда ўқиган, инглиз, рус ва ўзбек тилларида жуда яхши гапиради, грамотний бола. Мирзиëев ҳукуматидаги энг грамотний шу ўзи”, деб ёзди Озодликнинг ҳукумат ичидаги манбаларидан бири.

Озодлик, Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигидан бундай эҳтимол ҳақида бирор изоҳ ололгани йўқ. Аммо вазирликнинг исмини сир сақлаш шарти билан гаплашган мулозимига кўра, Умурзоқов “барчадан тенг масофаланиш” ёки ҳокимият доираларидаги турли гуруҳлар ўртасида мувозанатни ушлаш тарафдори:

“Жуда илғор фикрловчи, теран дунёқарашли ва демократик келажакка интилган инсон. Барча кучлардан тенг узрқлашишда туриш ва улар таъсири ўртасида баланс тутиш тарафдори. Афсуски, на капитали ва на куч ишлатувчи органлар орасида қўлловчиси йўқ”, - деди ҳукуматдаги манба.

Яқинда Умурзоқовдан интервью олган “Америка овози” мухбири Навбаҳор Имомовага кўра, Умурзоқов мамлакат ташқи инвестицион сиёсатида муҳим рол ўйнаётган раҳбар.


“Талабчан, ўзига ишонган, президентга яқин кадрлардан бири. Унга ташқи сиёсатда мувоназатни таъминлашга ҳаракат қилаётган, Ғарб билан гаплашса ғарбпарастдай, Россия билан гаплашса россияпарастдай туюладиган, Форс кўрфази ва араб давлатлари билан ҳам яқин, ташқи иқтисодий-молиявий сиёсатда балансни таъминлашга ҳаракат қилаётган инсон сифатида қарашади”.

“Мирзиёевнинг ўзи тайёрлаган”

Сардор Умурзоқовнинг отаси - Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг собиқ ректори, шу йил ёзида оламдан ўтган профессор Ўктам Пардаевич Умурзоқовдир.

Совет даврида бу профессорнинг отаси - Парда Умурзоқов, президент Шавкат Мирзиёев туғилиб ўсган Зомин туманида биринчи котиб бўлган.

Ўктам Умурзоқов билан ўқиган курсдошларидан бирининг хотирлашича, Умурзоқов ва Мирзиёевлар ўртасида оилавий борди-келди ҳар доим бўлган ва “Сардор Мирзиёевнинг кўз ўнгида улғайган”:

“Ўктам Пардаевич, Шавкат Миромоновичлар билан бир пайтда Ирригация институтида ўқиганмиз. Булар аввалдан дўст эди. Кейинчалик Мирзиёев катта раҳбар бўлиб кетди. Ўктам Пардаевич бир умр илмда қолди, амал йўлидан кетмади. Сардор бу иккала дўстнинг орасида катта бўлган, Мирзиёевнинг ўзи ёшлигидан қўллаб ўстирган, ишончли бола. Шунинг учун президент бўлиши билан, орқасида каттакон танишлари бўлмаса ҳам, бу болани дарров ёнига олиб, вазир қилиб қўйди”.

Аввалроқ маҳаллий матбуот Сардор Умурзоқовга топширилган вазифа ҳамда ваколатлар кўламининг катталигига эътибор қаратган ва вазирлик бунга расмий изоҳ берган эди.

Умурзоқов ҳозирнинг ўзида:

  • Бош вазирнинг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари;
  • Инвестициялар ва ташқи савдо вазири;
  • Ташқи савдони тариф ва нотариф тартибга солиш бўйича кенгаш раиси;
  • Жаҳон Савдо ташкилотига (ЖСТ) кириш бўйича идоралараро комиссия раиси;
  • Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ)нинг Ўзбекистон томонидан бошқарувчиси;
  • Ислом тараққиёт банки (ИТБ) Гуруҳи Бошқарувчилари Кенгаши – Банк олий бошқарув органи Раиси, Ўзбекистон томонидан Бошқарувчи;
  • Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси раиси;
  • Ўзбекистоннинг тўғридан-тўғри инвестиция жамғармаси раиси;
  • O'zagroeksportbank" ATB кенгаши раиси;
  • "O'zbekinvest" NKEIS директорлар кенгаши раиси;
  • "O'zbekinvest" халқаро суғурта компанияси директорлар кенгаши раисидир.

Rost24.uz нашри Умурзоқовнинг вазифалари рўйхатини эълон қилган ва эҳтимолий манфаатлар тўқнашувига доир саволларни қўйган эди.

“Умид”чи ёш вазирлар

Ўзбекистонда жами 24 та вазирлик, 10 та давлат қўмитаси, 6 та давлат инспекцияси ва яна бир неча давлат агентлиги бор. Буларнинг аксаридаги 1-раҳбар ва ўринбосарларининг ўртача ёши 65-70 ёшлар оралиғида.

Катта ёшдаги вазирларнинг аксар қисми совет даврида таълим олган, совет номенклатурасидан чиққан раҳбарлардир.

Шавкат Мирзиёев президентликка келиши билан, давлат структурасини ислоҳ қилиш, ходимлар сонини қисқартириш ҳамда ёшартиришни ваъда қилганди.

Кейинги йилларда бир неча муҳим вазирликларга нисбатан ёш кадрларни тайинлади ҳам:

  • 44 яшар Сардор Умурзоқов Ташқи инвестициялар ва савдо вазири,
  • 44 яшар Шерзод Шерматов собиқ Халқ таълими, эндиликда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири,
  • 41 яшар Русланбек Давлетов Адлия вазири,
  • 42 яшар Темур Ишметов Молия вазир,
  • 48 яшар Беҳзод Мусаев Соғлиқни сақлаш вазири,
  • 40 яшар Бахтиёр Саидов Халқ таълими вазири шулар жумласидандир.
OzodNazar: Мирзиёев Иноятовга амал беришга мажбур эди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:24:26 0:00

Озодликнинг Ўзбекистон ҳукуматига яқин манбаларига кўра, бир-бири билан тенгқур бу кадларнинг ҳаммаси Шавкат Мирзиёев шахсан танлаган кадрлардан иборат “президент командаси”га мансуб.

Уларнинг аксари ўз вақтида марҳум президент Ислом Каримов ташаббуси билан очилган “Умид” жамғармаси воситада Европадаги нуфузли олий ўқув юртларида таҳсил олиб қайтган.

Аксарига “хорижда ўқиган, чет тилларни биладиган, замонавий илғор технология ва сиёсий тенденциялардан хабардор” деган таърифлар берилади.

"Садоқат"

Озодлик гаплашган ҳукуматга яқин мулозимлардан бири уларнинг яна бир муштарак жиҳати “президентга садоқати ва итоати” эканини айтди.

“Сардор Умурзоқов, Шерзод Шерматов, Темур Ишметов, Русланбек Давлетов - буларнинг ҳаммаси вазир қилиниши билан дарров кўзга кўринди. Ўзига ишонади, гапирадиган гапини билади, сиёсатни тушунади. Лекин буларнинг ҳаммаси президентга итоат қиладиган, сиёсий иродасини кўрсатиб, ортиқча гапириб бошласа, амалдаги система кўтармаслигини жуда яхши тушунадиган болалар”, дейди исмини сир сақлаб гаплашган ҳукуматга яқин манба.

Мирзиёев ўз чиқишларида мулозимларнинг садоқати ҳақида кўп гапиради ва таҳлилчилар ҳам Каримов давридан буён кадларга қўйиладиган асосий талаблардан бири президентга шахсий садоқат бўлиб қолаётганини таъкидлайдилар.

Собиқ мулозимлардан бирининг айтишича, худди шу нарса амалдорларнинг коррупция ва манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ кўпгина ҳаракатларига кўз юмилишига сабаб бўлади.

Аммо унинг сўзларига кўра, жорий президентга садоқат ҳукуматдаги нисбатан ёш кадрларни Каримов даврида ҳокимиятда мустаҳкам илдиз отган эски ва қудратли мулозимлар, маҳаллий клан ва молия-саноат гуруҳларининг босимидан ҳам ҳимоялаши мумкин.

Аммо булар фақат тахмин ва фараз, холос - ҳукумат таркибидаги жузъий ўзгаришлар ҳамда очиқлик ҳақидаги гап-сўзларга қарамасдан, Ўзбекистондаги ҳокимиятнинг табиати ўзгармас - ёпиқлигича қолмоқда.

XS
SM
MD
LG