Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:40

Мирзиёевнинг янги "миграция ислоҳоти". Эскисига нима бўлди?


Россиядаги ўзбек мигрантлари.
Россиядаги ўзбек мигрантлари.

Ўтмишда мигрантларни “дангасалар” деб атаган Ислом Каримовдан фарқли 2016 йилда ҳокимиятга келган Шавкат Мирзиёев ўзбек мигрантларининг мамлакат иқтисодиётига қўшаётган ҳиссасини эътироф этди ва мигрантларни ўз ватанларида иш билан таъминлашга ваъда берди.

Аммо ўтган вақт мобайнида Россия ва бошқа давлатларга иш ишлаб кетаётган миллионлаб ўзбекистонликлар сони камаймади. Россия томони берган рақамлар мигрантлар сони қарийб икки баробарга ошганини кўрсатади. Аммо ўзбек расмийлари бу рақамларни савол остига олишган.

Ҳибсдаги муҳожирлар

Ўзбекистонлик 10 нафар муҳожир 9 ойдан бери Россиянинг Ростов вилоятидаги махсус изоляторда сақланмоқда.

Улар сохта патентлардан фойдаланганликда айбланиб ҳибсга олинган. Озодликка маълум бўлишича, сохта ҳужжатларни уларга иш берувчи тайёрлаган. Аммо шунга қарамай, улар салкам бир йилдан бери изоляторда ушлаб турилибди.

Тор хонадонлардаги каравотлар ва сим билан ўралган кичик ҳовли – Россияга ишлаш учун келган ўзбекистонликлар мана 9 ойдан бери шу ерда истиқомат қилишга маҳкум этилган. Бу Ростов-Дондаги Хорижликларни вақтинча сақлаш маркази.

- Қўпол қилиб айтганда, берган овқатини ит емайди. Ухлаш жойлари ва шароитларига қарасангиз, бу ерда умуман ҳеч ким яшай олмайди. Тўққиз ой давомида сабр-тоқат тугади. Ҳеч қандай ташкилот ёрдам бермаяпти, - дейди Жасурбек Аширов, Ростов-Дондаги хорижликларни сақлаш изоляторида қолаётган ўзбек муҳожири.

Муҳожирлар давлат идоралари ва элчиликдан ёрдам ололмаслигини англагач, журналистларга мурожаат қилишди.

Ишчилар иш берувчи уларни алдаб, сохта ҳужжатларни топширганидан шикоят қилади. Ҳозир маҳаллий тергов идораси унга нисбатан жиноят иши қўзғатиб, ҳибсга олгани маълум.

Жасурбек Аширов очилган жиноят ишига ўзбекларнинг гувоҳ сифатида жалб қилинган, шу сабабли суд уларни озодликка чиқармасликка қарор қилган, дейди:

- Бу ерга етиб келганимизда иш берувчи қоғозларни расмийлаштириб беришини айтди. У бизнинг патент ва рўйхатга олиш ҳужжатларимизни тайёрлаш унинг бўйнида экани, биз фақат ишлашимиз кераклигини айтди. Шу учун биз унга ишониб қолдик.

Муҳожирлар тўққиз ой давомида оғир шароитларда яшаётганидан арз қилишди.

Уларнинг кўпчилигида соғлиқ муаммолари мавжуд. Ҳибсхонада қолаётганларнинг аксари ўз оилаларининг ягона боқувчисидир - ҳозир уларнинг бола-чақаси нима ҳисобига кун кечираётганини ҳатто тасаввур қилиш қийин.

Ҳибсда ушлаб турилган Ўрол Бекмуродовнинг баданида қизил тошма пайдо бўлган.

- Деярли барчамизда аллергия бошланди. Теримизга қизил доғлар тошиб кетди. Изолятор ходимлари фақат бош оғриғи ёки буйрак оғриғи бўлсагина таблеткаларни беради. Ҳозир бироз яхшиландим – яраларим битди, - дейди Ўрол.

Муҳожирлар Ўзбекистон элчихонасига ёрдам сўраб мурожаат қилишган, бироқ консуллик ходимлари Россия расмийларининг сўзларини такрорлаш билан чекланган – ўзбекистонлик ишчилар иш берувчига нисбатан жиноят иши ёпилгач, қўйиб юборилади.

“Озодлик” радиоси ва “Мигрант медиа” журналистлари ўзбек дипломатлари билан бу масалада боғлана олишмади.

Уларнинг саволларига фақат Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот котиби Ортиқхўжа Норов жавоб берди.

-Сиз уларни суд қарорисиз олиб чиқа олмайсиз. Бу тартиб нафақат Ростовда, балки бошқа жойларда ҳам мавжуд. Хорижий фуқароларни вақтинча сақлаш ҳибсхонасидан чиққан ҳар бир фуқаро, маъмурий ёки жиноий ҳуқуқбузарлик бўлишидан қатъий назар, судга тортилади ва шундан кейингина мамлакатдан чиқариб юборилади. Жараён шундай. Биз суд олдида “улар бизнинг фуқароларимиз” деб айта олмаймиз. Биз уларни "беринг" деб ҳам айта олмаймиз. Уларда бундай тартиб йўқ, -деди Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги расмийси.

Россияда яна "муҳожир ови" авжида

Россия Ички ишлар вазирлигининг расмий маълумотларига кўра, мамлакат расмийлари ўтган йили Марказий Осиёдан келган меҳнат муҳожирлари ишлаётган 300 минг объектни текширган. Натижада, депортация қилинган ва мамлакатдан чиқариб юборилган хорижлик ишчилар сони ўтган йилга нисбатан 2,5 баробар ошди.

Украинага қарши уруш бошлаганидан кейин ишчи кучига бўлган улкан эҳтиёж сезаётган Россия ҳукумати, шунга қарамасдан, муҳожирларни жалб этиш билан бирга миграция тартибларини кучайтирмоқда.

Охирги бир неча ҳафта давомида Россиянинг барча минтақаларида “Нелегал-2023” амалиёти олиб борилмоқда.

Россия кўчаларида мигрантлар оммавий равишда ҳибсга олинмоқда, полиция Марказий Осиёдан келган муҳожирлар ишлайдиган компанияларда рейдларни уюштирмоқда.

Мигрантлар ҳужжатлари қўполлик билан текшириляпти, муаммоси бўлганлар ушланиб, жаримага тортилаётир. Полиция ходимлари ҳатто эрта тонгда мигрантлар ижарага олган хонадонларга ҳужжат текшириш важи билан бостириб кирмоқда.

Уруш ҳолатида қолаётган ва инсон ҳуқуқлари масаласида жиддий муаммоларга учраётган рус давлатида мигрантларга ҳақ бермаслик, уларни қулдек ишлатиш ҳолатлари ҳам урчиди.

Жумладан, ўзбекистонлик бир неча ўнлаб меҳнат муҳожирлари Волгоград вилоятидаги деҳқон хўжаликларидан бирида қул меҳнати шароитида ишлатилаётганидан шикоят қилди.

Улар ишлари билан шуғулланаётган Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ходимларига кўра, 62 нафар ўзбек муҳожири Россия миграция қонунчилигини бузмаган.

Шунга қарамасдан, маҳаллий назорат идораси ойлаб маош олмаган ва ҳужжатлари иш берувчи томонидан олиб қўйилган ўзбек ишчиларини маъмурий жавобгарликка тортган.

Миграция экспертлари Марказий Осиёдан Россияга келаётган муҳожирлар сони ёзда минтақадаги сув муаммоси туфайли ортиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.“Известия” нашрига бу ҳақда гапирган МДҲ давлатлари институти бўлим бошлиғи Андрей Грозин шундай фикрда.

“Сув йил сайин камайиб боради. Иқтисодиёт, ижтимоий соҳа, қишлоқ хўжалигидаги муаммолар янада оғирлашади. Давлатлар ривожланишгамас, балки ижтимоий муаммоларни бартараф этишга, портлашнинг олдини олиш учун кўпроқ пул сарфлашлари керак бўлади. Минтақа аста-секин фалокат зонасига айланиши мумкин. Бундай шароитда янги муҳожирлар пайдо бўлиши аниқ, уларнинг кўплари Россияга интилади" , - деди Андрей Грозин.

"Миграция масаласида машварат йўқ"

Ўтмишда мигрантларни “дангасалар” деб атаган Ислом Каримовдан фарқли 2016 йилда ҳокимиятга келган Шавкат Мирзиёев ўзбек мигрантларининг мамлакат иқтисодиётига қўшаётган ҳиссасини эътироф этди ва мигрантларни ўз ватанларида иш билан таъминлашга ваъда берди.

Аммо ўтган вақт мобайнида Россия ва бошқа давлатларга иш ишлаб кетаётган ўзбекистонликлар сони камаймади. Россия томони берган рақамлар мигрантлар сони қарийб икки баробарга ошганини кўрсатади. Аммо ўзбек расмийлари бу рақамларни савол остига олишган. Уларга кўра, ҳозирда Россияда меҳнат муҳожирлигида бўлиб турган ўзбекистонликлар сони 1 миллион 800 минг кишини ташкил этади.

Якшанба куни ўтадиган навбатдан ташқари президент сайловларида амалда учинчи муддат президентликка сайланиши кутилаётган Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди учрашувларида меҳнат муҳожирларини яна бир марта эътироф этди ва меҳнат миграцияси тизимини тўлиқ ислоҳ қилишга ваъда берди.

Аммо Мирзиёев бу сафар мигрантларни ўз ватанларида муносиб иш ва маош билан таъминлашга ваъда бермади.

Аксинча, ривожланган давлатларда иш топган ўзбекистонликларнинг йўл харажатларини давлат ҳисобидан қоплаб беришни таклиф қилди. Бу эса, экспертларга кўра, ҳукуматнинг ҳали ишсизлик муаммосини ҳал этиш бўйича маънили сиёсати йўқлигини англатади.

- Объектив қарайдиган бўлсак, нафақат ҳукуматда, балки миграция экспертларида ҳам бу муаммога аниқ ечим йўқ. Ҳаммада қандайдир таклифлари бор, албатта. Лекин бу соҳада туб бурилиш ясай оладиган, катта сондаги муҳожирларимиз аҳволини яхшилай оладиган конкрет ечим йўқ. Шу соҳа мутахассислари ҳукумат вакиллари билан бирлашиб бош қотирайлик, таклифларни ўрганиб чиқайлик деган нарса бўлган, лекин ҳалигача амалга ошгани йўқ, - дейди "Мигрант.моби" портали асосчиси, миграция мутахассиси Ботиржон Шермуҳаммад.

Суҳбатдош фикрича, ҳукуматнинг охирги йиллардаги таклифлари, президент фармонлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари четга кетаётганларга виза тўловларини компенсация қилиб бериш, транспорт ҳаражатларини тўлаб бериш ёки хорижга мигрантларни ишга юборишни йўлга қўйиш бўйича ташкилий масалаларни ҳал қилиш белин чекланиб қолмоқда.

-100 минг одамни иш билан таъминлашнинг ўзи осон иш эмас. Улар муаммоларини ечиш учун комплекс ҳаракатлар бўлиши, жамоатчилик кенгашлари ташкил этилиши зарур. Шу сабабли миграция муаммосини ҳал қиладиган, одамларнинг ҳаётида жиддий бурилиш ясай оладиган дастур пайдо бўлишига ҳозирча кўзим етмайди, чунки машварат, мутахассислар билан фикрлашув йўқ, танқидий фикрдаги экспертлар ва журналистларга эса ёв қараш бор, - дейди эксперт Ботиржон Шермуҳаммад.

Ўтган йилнинг май ойида Жаҳон банки Ўзбекистон қўшни давлатлардан айрим соҳаларда ортда қолгани эътироф этилган ҳисоботини эълон қилган эди.

Жаҳон банки ҳисоботида Ўзбекистонда ички миграция ва урбанизация жаҳондаги энг қуйи даражада экани айтилади. Ҳисоботда таъкидланишича, Ўзбекистонда янги иш ўринларини яратиш ҳайратланарли даражада оз бўлиб, 2010-2019 йилларда ялпи ички маҳсулот ўсишининг 6 фоизига тенг бўлган.

2018 йилда янги иш ўринларини яратиш ишчи кучи ўсишидан 200 мингтага кам бўлган. 2020 йилда эса COVID-19 пандемиясига қадар 9 фоиз бўлган ишсизлик даражаси расмий статистикага кўра, 10,5 фоизга етган. Мустақил иқтисодчилар ишсизлик ва камбағаллик борасидаги расмий рақамларни савол остига олишади.

Жаҳон банки ҳисоботида 2018 йилга келиб Ўзбекистонда қашшоқликнинг энг паст даражаси бартараф этилгани эътироф этилган. Бироқ Ўзбекистон аҳолисининг 9,5 фоизи ўртача қашшоқлик даражасида қолмоқда.

Айни пайтда аҳоли жон бошига даромад жиҳатидан Ўзбекистонга тенглаштириладиган давлатларда қашшоқликнинг паст даражаси 3,3 фоизни ташкил қилади.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, 2023 йилнинг дастлабки уч ойида Ўзбекистондан Россияга 630 минг муҳожир кириб келган. Улар оқими 2022 йилнинг биринчи чорагига нисбатан 72 фоизга ошди. Мутахассислар мавсумий ишга келиб кетаётган ўзбекистонликлар сони биргина Россияда 3 миллионга яқинлигини айтиб келишади.

Ўзбек ишчиларининг бошқа мамлакатларга миграцияси ҳам авж олмоқда.

Ўзбекистон Буюк Британиядаги мавсумий ишчиларнинг асосий манбаларидан бирига айланди. 2022 йилда Буюк Британияга мавсумий ишчиларнинг деярли чорак қисми Марказий Осиёдан келган.

Ўзбекистон Украинадан кейин иккинчи ўринни эгаллади.

2022 йилда Буюк Британия ҳукумати Ўзбекистон ва Қирғизистондан келган муҳожирларга 6000 дан ортиқ меҳнат визаси берган, бу уларнинг умумий сонининг деярли тўртдан бир қисмини ташкил этади. Бу йил Марказий Осиёдан кўпроқ муҳожир келиши кутилмоқда.

Ўтган йили 2 мингга яқин ўзбекистонлик мавсумий ишларга жалб қилинган.

Форум

XS
SM
MD
LG