Наманган вилоятининг Норин туманидаги Хўжақўрғонча қишлоғида 20 февраль куни ўтказилган семинар-кўрикда давлат телерадиокомпанияси - МТРКда кўрсатилган аҳоли хонадонларидаги сунъий ҳовузларга ташланган балиқлар ва ариқлардаги ўрдаклар орадан бир кун ўтиб ғойиб бўлди. Бу ҳақда Озодликка видео жўнатган хўжақўрғончаликларнинг айтишларича, балиқлар вақтинчалик фойдаланишга қўшни тумандаги тадбиркордан олиб келинган ва семинар тугагач эгалари уларни олиб кетиб қолган.
Хўжақўрғонча қишлоғидаги Нуриллохон Маҳмудов хонадонида кредит эвазига қуриб берилган сунъий ҳовузга ташланган балиқлар, кўргазмали семинар ўтгандан сўнг олиб кетилди. Бу балиқлар унинг қўшниси бўлган Абдуғани Жалоловнинг хонадони қурилган сунъий ҳовуздан ҳам олиб кетилган.
Исми сир қолишини сўраган маҳалла фаолларидан бирининг Озодликка айтишича, телевидениеда кўрсатиш учун балиқлар бошқа тумандаги балиқчилик хўжалигидан олиб келинган:
“Учқўрғон туманида Азизбек деган тадбиркорнинг балиқчилик хўжалиги бор экан. Тадбиркор ўша куни Умра зиёратига кетган экан. Балиқнинг эгасига пул тўланмаган, вақтинчага сўраб олиб келишган. Семинар тугаганидан сўнг, балиқларни олиб кетишди. Видео хонадон эгаси томонидан ўшанда олинган”.
Семинар 20 февраль куни Норин тумани ҳокимлиги томонидан қишлоқдаги хонадонларда балиқ етиштиришни ўргатиш учун ташкил қилинган эди.
Марказий телерадиокомпания тайёрлаган репортажда, бу семинар президент Мирзиёев томонидан белгилаб берилган янги тизим асосида аҳолининг томорқа ерларидан самарали фойдаланиш орқали даромадини оширишга эътибор қаратилгани айтилади.
Яъни оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолини камбағалликдан чиқариш.
Шу қишлоқдаги камбағал оилалардан иккитаси танлаб олинган ва уларнинг ҳовлисига балиқ етиштирадиган сунъий ҳовузлар ўрнатилган.
Семинар бўлиб ўтган кун республика бўйлаб таклиф қилинган ўнлаб тадбиркор, раҳбарлар ҳовузларда сузиб юрган форел, яъни гулбалиқларни, унинг ёнидаги ариқда “ға-ға”лаб юрган ўнлаб ўрдакни кўрдилар.
Аммо орадан бир кун ўтиб, балиқлар билан бирга ўрдаклар ва гўёки улар туққан тухумлар ҳам ғойиб бўлган.
“Жуда кулгили ишлар бўлди, ўрдакларни олиб келиб Нуриллахон аканинг уйига қўйворишди, қафасига тухумларини ҳам солиб қўйишди. МТРК операторлари ўрдакларни у ёқ, бу ёққа ҳайдаб видеоларга олишди. Семинар тугагандан сўнг ҳаммасини қувиб ушлаб, яна олиб кетишди, ҳатто тухумларини олиб кетишди. Ҳеч бўлмаса тухумлари қолсин эди, пулини берардик”, дейди хўжақўрғончаликлардан бири.
МТРК кўрсатувида раҳбар ва мутахассислар бу ҳовузлардаги балиқларни парваришлаб йилида 50-60 миллион сўмдан соф фойда олиш мумкинлиги ҳақида илҳомланиб гапирдилар.
Сувсиз ҳовуз ва ўрдакларсиз ариқ видеоси Хўжақўрғонча қишлоғининг Телеграм каналида тарқалганидан сўнг, қишлоқ одамларининг айтишича, туман ҳокими дарғазаб бўлиб, МФЙ раиси Фазлиддин Раҳмоновни лавозимидан бўшатган.
“Ҳоким ўзларининг кўзбўямачилиги ошкор бўлганидан жаҳли чиқиб раисимизни ишдан олиб ташлади. Бир ҳафтанинг ичида бошқа одамни раис қилиб қўйди. Ваҳоланки қонун бўйича, маҳалла раиси бўшаганидан сўнг бир ой жойи бўш туриши керак, сайлов бўлиши керак. Раисимизга ҳам осон эмас, унга маҳалладан камида 40та кредит оладиган хонадон топасан, деб мажбурлади. Ваҳоланки булар таклиф қилаётган тадбиркорликнинг ривожланиб кетишига, банкдан қарздор бўлиб қолишига ҳеч кимда ишонч йўқ” , дейди хўжақўрғонлик турғун.
Унинг айтишича, бу кўзбўямачиликлар ошкор бўлгач, туман ҳокимининг топшириғи билан балиқларнинг бир қисми қайтадан яна олиб келиниб ҳовузларга ташлаб қўйилган.
Исми сир қолишини сўраган, маҳалла фаолининг айтишича, Мирзиёев президент бўлганидан сўнг Хўжақўрғонча аҳолисига қўй, сигир олиш учун, иссиқхона қуриш учун баланд фоизли кўп кредитлар ажратилган эди, лекин бу тадбиркорликнинг бирортаси ҳам ўзини оқламади:
“Камбағалликдан чиқарамиз деб, бозордагидан икки баравар қиммат нархдаги қўй-молларни камбағалларга ўтказишди. Касал қўйлар ва ориқ моллар одамларни камбағалликдан чиқара олмади, аксинча кредитини тўлайман деб кўпининг бели синди. Арзон матоҳли иссиқхоналар қуриб беришди, битта шамолда учиб, синиб кетди. Энди эса балиқ, ўрдак боқасан деб мажбурлашяпти. Ахир, ҳаётида балиқ боқмаган оддий одам бу нозик ишни қандай эплайди. Ахир балиқ ҳам нозик жонивор, ўзининг қарови, махсус озуқаси бўлиши керак. Бир умр кетмон билан деҳқончилик қилиб юрган одамнинг қўлидан бу иш келмайди. Бу ура-урачилик, кўзбўямачилик қачон тугайди?”
Хўжақўрғонча қишлоғи аҳолиси ҳеч қачон балиқ боқмаган. Бу улар учун янгилик, бу касбнинг иссиқ-совуғини ҳали билмайди. Лекин бўйнига илиб қўйилган катта кредит бор.
Маҳаллий раҳбарлар эса, “мана бунча одамга тадбиркорлик қилишни ўргатдик, бунчасини ишлик қилдик”, деб юқорига ҳисобот берса бўлди. Унинг балиғи бўладими ёки ўладими, униси билан иши йўқ. Кредитни эса банк қандай қилиб бўлса ҳам ундириб олади.
Озодлик расмий изоҳ олиш мақсадида Норин тумани ҳокими Жўрабек Нурматов ва унинг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Ғайратжон Примқуловнинг мобил телефонларига бир неча бор қўнғироқ қилди, аммо ҳеч бири жавоб бермади.
Наманган вилоятида кўзбўямачилик ҳолатлари биринчи бор кузатилмаяпти.
Озодлик Поп туманида 2020-2021 йилларда қурилган юзлаб гектардаги иссиқхоналар ишлатилмай, вайрон бўлиб ётганини кўрсатган эди.
Ўтмишдаги Каримов бошқарувидан фарқли Мирзиёев мамлакатдаги қашшоқлик муаммосини тан олган ва уни камайтириш бўйича қатор чораларни амалга оширмоқда.
Аммо мутахассислар сиёсий тизим ислоҳ қилинмаган шароитда Мирзиёевнинг кўпгина иқтисодий ташаббуслари, жумладан, товуқ боқиш ва лимон етиштириш орқали аҳолини тадбиркорга айлантириш ҳаракатлари коррупциянинг янада кучайиши ва ташқи қарзининг катталашишига олиб келганини айтишади.
Жаҳон Банки шу ой бошида эълон қилган тадқиқот мигрантларнинг пул ўтказмаларисиз Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 9,6 фоиз эмас, балки 16,8 фоиз бўларди, деган хулосага келган.
Банк ҳисоботида айтилишича, мигрантларнинг Ўзбекистон яипи ички маҳсулоти ҳажмидаги улуши эса 14 фоизга етган.
Форум