Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:28

Москванинг Донецк ва Луганскни тан олиш истаги “босим тактикаси” сифатида кўрилмоқда


15 февраль куни қонун лойиҳаси Россия парламенти қуйи палатаси томонидан қабул қилинганидан кейин Дума спикери Вячеслав Володин (чапда) қарорни зудлик билан имзолашини ва уни президент Владимир Путинга кўриб чиқиш учун юборишини айтди.
15 февраль куни қонун лойиҳаси Россия парламенти қуйи палатаси томонидан қабул қилинганидан кейин Дума спикери Вячеслав Володин (чапда) қарорни зудлик билан имзолашини ва уни президент Владимир Путинга кўриб чиқиш учун юборишини айтди.

15 февраль куни драматик томошада Россия Давлат Думаси президент Владимир Путинни Украина шарқидаги айирмачилар даъво қилаётган ҳудудларни мустақил давлатлар сифатида тан олишга чақирувчи мажбурий бўлмаган резолюцияни қабул қилди. Россия ва Украина чегарасидаги шундоғам кескин вазиятда бу ҳаракат оловни янада алангалатди.

Дума депутатлари Украинанинг Донбас ҳудудидаги Донецк ва Луганск вилоятларининг айрим қисмларини назорат қилаётган ва ўзларини ДНР ва ЛНР деб атайдиган Россия қўллаб-қувватлайдиган айирмачи гуруҳларни тан олишга чақириб, бу ўша минтақада яшовчи юз минглаб Россия фуқаролигини олган аҳолини ҳимоя қилишини таъкидлади.

Бу чақириқлар 2008 йилда Россия ва Грузия ўртасидаги беш кунлик урушдан сўнг Россиянинг Грузиядаги Абхазия ва Жанубий Осетия бўлгинчи ҳудудларини тан олганини ёдга солди.

Бироқ айни куни Москвада Германия канцлери Олаф Шольц билан ўтказилган қўшма матбуот анжуманида Путин бу чақириқларга дарҳол қулоқ солмаслигига ишора қилди.

Шольц Москва 2014-2015 йиллардаги Минск келишувларини амалга ошириш учун Ғарб давлатларидан “ҳозирги Киев ҳукуматига тегишли таъсир ўтказиш”ни талаб қилганини таъкидлади.

Дмитрий Песков Москва Минск битимига содиқлигини яна бир бор тасдиқлади ва “бутун Минск ҳаракат режасини имкон қадар тезроқ амалга оширишга” чақирди.

Таъсир қилиш воситаси

“Хулоса қилиб айтганда, Путин Киевни Минск келишувларига тортишдан ҳали ҳам умидини узмаган”, деди украиналик музокарачи Сергей Гармаш. "Шундай экан, ўйлашимча, Путин тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолаб, умидларидан воз кечмайди. Чунки бу Минск келишувлари ва Минск жараёни тугашини англатади.

Москва талқинига кўра, Минск келишувлари Киевдан Кремль томонидан қўллаб-қувватланган айирмачилар билан тўғридан-тўғри музокара олиб боришни талаб қилади. Киев бундан бош тортган ва икки давлат ҳам келишувларда белгиланган ҳаракатлар кетма-кетлиги борасида келиша олмаяпти. АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен “Украинадан кўра кўпроқ” Россия ўз мажбуриятларини бажармаётганини айтган эди.

Гармашнинг таъкидлашича, Думанинг мазкур резолюцияси Россиянинг ҳарбий жойлаштиришлар, НАТО ва Вашингтонга ультиматумлар, киберҳужумлар каби “босим тактикаси”нинг яна бир кўриниши.

“Буларнинг барчаси Киевни Минск келишувларини Россия истаган тарзда амалга ошириш учун мажбурлашга қаратилган”, деди у.

Чиройли саҳналаштирилган томоша

Москвадаги Карнеги маркази таҳлилчиси Константин Скоркиннинг айтишича, Россия айирмачилар даъво қилган ҳудудларни қисқа муддатда тан олмайди. Бироқ Дума қарори парламент қуйи палатаси устидан кучли назоратга эга Кремль томонидан пухта режалаштирилган.

“Энди Россия Минск келишувлари муҳокамасини янада кучайтиради, чунки келишув Москвага фойда келтирадиган тарзда ёзилган”, дея қўшимча қилди у. “Кремль халқаро миқёсда тан олинган бундай дипломатик воситадан воз кечиш ниятида эмас ва асосий мақсад Киевни келишувни амалга оширишга мажбурлашга қаратилган”.

Москвалик сиёсий таҳлилчи Дмитрий Орешкиннинг фикрича, сепаратистлар даъво қилган ҳудудларнинг тан олиниши Минск келишувига амалда “чек қўяди”. Бу эса Кремль учун йўқотиш. Унга кўра, тан олиш бошқа томондан, мазкур ҳудудларни аннексия қилиниши эҳтимолини ҳам англатади. Бу Украина президенти Владимир Зеленскийга босимни кучайтириш ва унинг электоратини парчалаш орқали Путиннинг мақсадларига хизмат қилиши мумкин.

Гармашнинг “Current Time”га билдиришича, Путин Минск жараёнини ўзи хоҳлаганча бошқара олишига умид қилар экан, тан олиш масаласи мавҳумлигича қолади.

Гармаш Дума резолюциясини “Ғарб ва Украинага Минск келишувларини бажармаслик қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини кўрсатиш” учун мўлжалланган “сиёсий тактика” дея таърифлади.

“Ҳозирча бу босим тактикаси сифатида Путиннинг иш столида туради”, дея хулоса қилди у.

XS
SM
MD
LG