Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:31

Риштондаги қурилишга насияга ғишт берган корхоналарнинг аксари пулини тўлиқ ололмаяпти


Риштон туманида уйи бузилганларга берилаётган ғишт
Риштон туманида уйи бузилганларга берилаётган ғишт

Фарғона вилояти Риштон туманидаги қурилишлар учун насияга ғишт беришга мажбурланган Бувайда туманидаги 12та ғишт ишлаб чиқариш корхонасининг аксари маҳсулот пулини тўлиқ ололмагани сабабли ғишт беришни тўхтатди.

Озодлик суҳбатлашган тадбиркорларнинг айтишларича, вилоят ҳокимининг буйруғи билан улар насияга ғишт берган, лекин берилган маҳсулотнинг ярим пулини ҳам ололмаган.

Айни пайтда, вилоятдаги тижорат банкларига корхоналардан ғишт сотиб олиб, Риштонга юбориш вазифаси юклангани айтилади.

Вилоят ҳокимининг матбуот хизмати раҳбари Озодлик саволларига жавоб беришдан бош тортиб, алоқани узиб қўйди.

Бувайда туманидаги ғишт ишлаб чиқариш корхоналаридан бирининг исми сир қолишини сўраган раҳбари Озодликка Риштон туманига бериб юборган ғиштининг ярим пулини ололмаётганини айтди:

“Бошида менинг корхонамдан 15 минг дона ғишт берасан, пулини ҳисобингизга ташлаб берамиз, дейишди. Кейин ҳали буни пулини бермасдан яна 10 мингта олиб кетишди. Ҳар дона ғиштнинг нархи 450 сўм. 25 минг дона ғишт 11 миллион сўмдан кўп пул бўлади. Шундан 6 миллион сўм беришди. Қолганига индамай туришибди. Шунинг учун тўловни тўлиқ қилмасаларинг, бошқа ғишт бермайман, дедим”.

Бувайда туманидаги 12та ғишт ишлаб чиқарувчи корхоналардан яна бирининг раҳбари ҳам аксарият корхоналар насияга ғишт беришни тўхтатиб қўйишганини айтади:

“Яқинда ҳокимликда йиғилиш бўлди, ғишт беринглар, бу ободончилик учун, дейишди. Тадбиркорлар пулини бермаяпсизларку, дейишса, сизлар давлатнинг тупроғини олиб ишлатяпсизлар, биз ҳеч нарса демаяпмизку, дейишди. Кейин аксарият тадбиркорлар ноль-ноль қилиб қўймасаларинг бошқа ғишт бермаймиз, бизнинг ҳам ҳисоб-китобимиз бор, дейишди. Ғишт бермай қўйдик. Лекин, баъзи корхоналар насияга бериб турибди”

Тадбиркорнинг айтишича, ҳокимият томонидан улар ишлаб чиқарган маҳсулотнинг насияга олиниши, бошқа харидор ташкилотлар билан тузган шартномаларини хавф остига қўймоқда.

Тадбиркор айни пайтда, ғишт сотиб олиб, Риштон туманидаги қурилишларга етказиш вилоятдаги банклар зиммасига юклатилганини иддао қилди:

“Биздан насияга олиб, пулини чала-чулпа қилиб бериб, бошқа мажбурлай олмай қолишди. Лекин, бу вазифа ҳозир банклар зиммасига юклатилган. Улар биздан донасини 450 сўмдан сотиб олишяпти. Мен гаплашган банк ходимининг айтишича, уларга 300 сўмдан пул тўлаб беришади экан, 150 сўми банкнинг зиммасида экан. Президентимиз қурилишларга миллиардлаб пул ажратилганини айтмоқда, лекин қаерга кетяпти у пуллар. Ҳашар, хайрия, ёрдам шиори остида тадбиркорларни соғиш бўляпти”.

Озодлик тадбиркорларнинг бу иддаоларига муносабат олиш мақсадида Фарғона вилояти ҳокими матбуот котиби Гулбаҳор Ғаниева билан боғланди.

Гулбаҳор Ғаниева қўнғироқ Озодликдан бўлаётганини эшитгач, индамай алоқани узиб қўйди ва бошқа қўнғироқларга жавоб бермади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2 август куни ўтказилган селектор йиғилишида Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевни ҳам танқид қилиб, бундай деган эди:

- Мана, интернет фойдаланувчиларининг Риштон туманидаги кўчмас мулк бузилишларига нисбатан изоҳлари. Мен сизларга тайёр пул бераяпман, пулни "Обод қишлоқ" қилинглар, деб бераяпман. Мана, сенинг менга "дўстлигинг", Ғаниев деган валломат!

Президент Фарғона вилояти ҳокимининг амаллари ортидан халқнинг президентга бўлган ишончига путур етаётганига ишора қилган:

"Эй ноинсоф, Риштон бўйича ҳам сенга пул бериб айтдимки, Риштонни янгилаш керак, бироқ одамларни рози қилиб қилиш керак, деб. Жаноб Ғаниев, тажрибали ҳоким! Майли, Эрманов кеча келган ҳоким, Рўзиев иккаланг хиёнатчисан! Сизлар билан катта-катта ишларни амалга ошира оламизми? Ҳеч қачон ошира олмаймиз! Чунки сизларга бир топшириқ беришга одам қўрқади! Нега десангиз, савиянг йўқ, билиминг йўқ, китоб ҳам ўқимайсан, президентнинг қарорини ҳам, - деган эди президент Шавкат Мирзиёев.

XS
SM
MD
LG