Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев Россия етакчиси Владимир Путин билан учрашувда Москва “оғир воқеалар”ни бошидан кечираётганини айтди ва шу муносабат билан “коллектив Ғарбнинг Россияга қарши конфронтацияси”ни тилга олди.
“Сизлар учун бу йил Думага сайлов йили бўлди. Юз бераётган барча оғир воқеаларни, бир томондан, коллектив Ғарбнинг Россияга қарши курашини ҳисобга олганда, қанчалик кучли зўриқиш билан ишлаётганингизни тасаввур қиляпман”, дея Назарбоевдан иқтибос келтиради Кремль сайти.
Назарбоевнинг расмий сайти – Elbasy.kz Қозоғистон собиқ президентининг Путин билан учрашуви ҳақидаги хабарномасида “конфронтация” сўзини ишлатмаган. Унда Назарбоев ҳамда Путин “кун тартибидаги энг муҳим минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашган”лиги ҳақида сўз боради.
Тугаётган йилда Россия сиёсатчилари ва расмийлари Қозоғистон ҳудудлари ва мамлакатда рус тилининг мавқеи хусусида бир неа марта кескин баёнотлар билан чиққанига қарамай, Назарбоев икки қўшни давлатнинг ўзаро муносабатларини “намунали” деб атади.
Бир неча ой бурун интервьюсида СССР парчаланиши чоғида Россия улкан ҳудудларидан маҳрум бўлганидан ва бу ерлар “бетайин давлатлар”га “ҳотамтойлик билан инъом қилинган”идан нолиган Путин эса Назарбоевнинг ушбу мулозаматига “тўппа-тўғри”, деб жавоб берди.
Назарбоев Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари раҳбарларининг Петербургда ўтган норасмий саммитига Путиннинг таклифига кўра борди.
Хабар қилинишича, собиқ президент Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) органи бўлмиш Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши (ОЕОИК) фахрий раиси сифатида таклиф этилган. Назарбоев 2019 йилда, президентлик лавозимини Қосим-Жўмарт Тоқаевга бўшатиб берганидан сўнг икки ой ўтиб Кенгаш фахрий аъзоси мақомини олган.
МДҲ мамлакатлари раҳбарларининг норасмий самитида Тоқаев ҳам иштирок этди. У Санкт-Петербургга бошқа учоқда борди.
Икки йил муқаддам Тоқаевнинг матбуот котиби Берик Қурмангали “шаклланган амалиётга мувофиқ, давлат раҳбари ва элбоши чет элга бирга сафар қила олмаслиги” ҳақида ёзган эди. Қурмангали халқаро даражадаги бир неча учрашувда Қозоғистонни Назарбоев тамсил этганидан сўнг шундай изоҳ берган.
Назарбоев президент ваколатларини топширганидан сўнг Озарбайжон пойтахтида бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгаши саммитида, Япония императори Нарухитога тож кийдириш маросимида қатнашди. Унинг чет мамлакатлар раҳбарлари билан расмий учрашувларда иштирок этиши собиқ президент билан амалдаги президентнинг роли ва мақомига доир ҳақли саволларни туғдирди.
Қозоғистон Конституциясига кўра, президент давлат ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишларини белгилаб берувчи энг юқори мансабдор шахсдир. Аммо Назарбоев, сиёсатшунослар фикрича, истеъфога чиққанига қарамай давлат аппаратидаги таъсир-нуфузини сақлаб қолган ва ҳануз кенг ваколатлардан фойдаланмоқда.
Россия Қримни аннексия қилиб, 13 мингдан ортиқ кишининг ўлимига олиб келган Донбассдаги қуролли можарога аралашганидан сўнг Москванинг Ғарб билан муносабатлари сезиларли даражада ёмонлашди. Расмий Нур-Султон Қримни Россиянинг бир қисми ўлароқ тан олмаган. Қозоғистон Украина билан дипломатик, иқтисодий ва маданий алоқаларни дастаклайди, айни чоғда Россиянинг кўпйиллик ва энг яқин ҳамкорларидан бири саналади.
Сўнгги ҳафталарда Ғарб ОАВлари ҳамда ЕИ ва АҚШ расмий шахслари Россия Украина билан чегараси яқинида катта ҳарбий куч тўплагани ҳақида бонг уришмоқда. Ғарб мамлакатлари Россиянинг Киевга нисбатан куч ишлатишидан хавфсираб, Москвани бунинг оқибатларидан огоҳлантирмоқда.
Россияга қарши бир неча санкциялар туркуми жорий этилган – улар Қрим аннексияси ва Донбассдаги ҳарбий ҳаракатлар, Россия махсус хизматлари томонидан кимёвий қурол қўлланиши ҳолатлари, Кремль томонидан инсон ҳуқуқлари бузилиши, АҚШ сайловларига аралашувга жавоб сифатида қабул қилинган.