Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:35

"Номақбуллар": Янги қонун чет элликларнинг Ўзбекистондаги ҳаётини ўзгартириши мумкин


Ўзбекистон парламенти депутатлари.
Ўзбекистон парламенти депутатлари.

Ўзбекистон президенти чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий мақомига доир қонунга ўзгартиш ва қўшимчаларни тасдиқлади.

Янги нормалар юқоридаги тоифаларга мансуб айрим кишиларни Ўзбекистон учун номақбул шахслар деб топишга имкон беради. Халқаро инсон ҳақлари ташкилотлари фикрича, мазкур ташаббус мамлакатнинг инсон ҳуқуқлари соҳасига оид мажбуриятларига зид. Бироқ ҳукумат ушбу чоралар миллий хавфсизликни таъминлаш учун зарурлигини уқтирмоқда.

Яқиндан бошлаб Ўзбекистонда чет элликларни мамлакатда бўлиши номақбул шахслар деб топиш механизми ишламоқда. 15 ноябр куни президент Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги қонунга имзо чеккан эди. Ушбу ўзгаришлар аллақачон кучга кирган.

“Номақбуллар” қонуни кимга қарши қаратилган?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:20:01 0:00

Янги нормаларга кўра, хатти-ҳаракатлари ёки оммавий чиқишлари давлат суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва хавфсизлигига зид бўлган чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар номақбул шахслар рўйхатига киритилиши мумкин. Шунингдек, давлатлараро, ижтимоий, ирқий, диний ва миллий адоватни келтириб чиқарган ёхуд Ўзбекистон халқининг шаъни ва қадр-қимматини камситганлар ҳам “қора рўйхат”дан жой олади.

Номақбул деб эълон қилинганларга мамлакатга кириш, бу ерда банк ҳисоб варақлари очиш, кўчмас мулк харид қилиш, молиявий шартномалар тузиш тақиқланади.

Рўйхатга тиркалган шахслар хабарнома олганларидан бошлаб 10 кун ичида Ўзбекистонни тарк этишлари лозим. Акс ҳолда улар депортация қилинади. Депортация сарф-харажатларини уларни таклиф қилган ва/ёки қабул қилаётган мамлакат кўтариши керак. Бунақа мамлакат бўлмаган тақдирда молиявий жавобгарлик ички ишлар идоралари зиммасига юклатилади.

Лондонда жойлашган Central Asia Due Diligence таҳлил маркази директори Алишер Илҳомовга кўра, мазкур қонунни баҳолашда унинг қабул қилинишига олиб келган воқеаларни эътиборга олиш жоиз.

“Бу қонунни режимнинг чет эллик танқидчи журналист ва экспертларга эмас, балки душманларча баёнотлар берадиган россиялик баъзи арбоблар, айниқса Ўзбекистонни суверенитетидан маҳрум этиб, Россияга қўшиб олишга чақирган ёзувчи Захар Прилепин каби кимсаларга жавоби деб биламан”, деди Илҳомов Озодлик радиосига берган изоҳида.

2023 йил декабрда Кремл пропагандисти Захар Прилепин Россияга “гастарбайтерларни жўнатаётган” ҳудудларни “бутунича қўшиб олиб”, шуернинг ўзида уларга рус тилини ўргатиш кераклигини айтган эди.

“Уларни Россияда эмас, Ўзбекистоннинг ўзида ўқитиш учун”, қўшимча қилганди Прилепин.

“Сўнгги пайтларда Ўзбекистонга Россия босими зўрайди. Афтидан, бу Ўзбекистон раҳбариятининг кўп векторли ташқи сиёсат юритишга ҳамда ўзбек меҳнат мигрантларининг Украинага қарши урушда иштирок этишдан қайтаришга уринаётгани билан боғлиқ. Ўзбек ҳукуматининг бу уринишлари Москванинг жаҳлини чиқарди, натижада Россияда аксилмигрант ва аксилўзбек жазаваларига олиб келди”, сўзида давом этади Илҳомов.

Экспертга кўра, айни контекстда қонун ўзини оқлайди, шу билан бирга, бунақа қоидалар бошқаларга нисбатан ҳам қўлланиши хавфи сақланиб қолади.

“Вақт ўтиши билан ҳукумат мамлакат хавфсизлиги ва суверенитетига доир қоидаларни ҳаддан ортиқ кенг интерпретация қилиб, улардан режимга ёқмай қолган кишиларнинг мамлакатга келишига тўсиқ қўйишда фойдаланиши эҳтимоли йўқ эмас. Умуман олганда, ҳукумат ушбу қонун бўлмаганида ҳам айрим Ғарб мамлакатларида яшайдиган бир қанча ўзбек ватандошларини бирон тушунарли ҳуқуқий асос кўрсатмасдан мамлакатга киритмади. Хусусан, улар ёзувчи Ҳамид Исмоилов, ҳужжатли филмлар устаси Шоҳида Тўлаганова каби таниқли арбобларга ўз қариндошларини зиёрат қилишга рухсат беришмади. Канадада яшовчи журналист ва юрист Бахтиёр Шоҳназаров ҳам, иқтидордаги режимни танқид қилишдан тийилганига қарамай, яқинда Ўзбекистонга киритилмаганди”, дейди Озодлик суҳбатдоши.

"Ўзбекистонни Россияга қўшиб олиш". Тошкент "чуқур ташвишда", аммо норозилик нотаси йўқ
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:42 0:00

Аввалроқ Норвегия Хельсинки Қўмитаси инсон ҳуқуқлари ташкилоти қонун лойиҳасини танқид қилиб чиққан эди. Ташкилотга кўра, ҳужжат Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларига терсдир.

“Агар ушбу қоидалар президент томонидан имзоланса, улар эркин ҳаракатланиш ва халқаро алмашишни жиддий чеклаши, Ўзбекистоннинг қайтадан халқаро даражада иҳоталанишига олиб келиши, президент Мирзиёевнинг сиёсий ислоҳотлари барқарорлигини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган халқаро ҳуқуқбонлар, журналистлар, олимлар ва бошқа шахслар билан конструктив мулоқотга путур етказиши мумкин. Бунақа чоралар Ўзбекистоннинг халқаро обрўсини тўкади”, дейилади Қўмита баёнотида.

Қонунга кўра, номақбул шахслар рўйхати Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати ҳамда ваколатли давлат органларининг тақдимномаларига асосан тузилади. Реестрни юритиш вазифаси Ички ишлар вазирлиги зиммасига юклатилган.

Рўйхатга беш йил муддатга киритилади, бироқ рўйхатга киритиш учун асослар бартараф этилмаган тақдирда муддат яна шунчага узайтирилиши мумкин. Асослар бартараф этилганида шахснинг реестрдан муддатидан олдин чиқарилишига йўл қўйилади.

Форум

XS
SM
MD
LG