Россиянинг Новосибирск шаҳридаги Хориж фуқароларини вақтинча сақлаш марказида (ХФВСМ-ЦВСИГ) қарийб юз нафар эркагу-аёл оғир шароитда яшамоқда. Улар Ўзбекистонга жўнатилишини ҳафталардан буён кутмоқда.
Бу ҳақда Озодликка Марказда сақланаётганлар вакиллари хабар қилди.
Ўзбекистон Республикасининг Новосибирск шаҳридаги Бош консули бу вазиятдан яхши хабардор эканлигини ва чартер рейс ташкил қилиниши билан улар Ўзбекистонга юборилишини айтди.
Новосибирск шаҳридаги хориж фуқароларини вақтинча сақлаш марказидан Озодликка видео юборган ўзбекистонликлар хоналардаги шароитни кўрсата туриб шундай дейди:
Шу туришимиз бўлса, ҳаммамиз касал бўлиб ўлиб кетамиз.
“Мана биздаги вазият, туалет ҳам шу ерда, душ ҳамма нарсаси шу ерда. Тўрт томонимиз бетон, икки ойдан бери мана шу ерда ётибмиз. Ҳамма томон қулф. 20-30тадан кўп аёллар ҳам ётибди бу ерда. Бирор киши бизнинг ҳолимиздан хабар олмайди. Бу ерда соғ бўлсанг ҳам, шу туришимиз бўлса, ҳаммамиз касал бўлиб ўлиб кетамиз. Новосибирскнинг депортация марказида ҳаммамизни ушлаб туришибди”.
Озодлик бу марказда қолаётган ўзбекистонликлар билан боғланди. Улар вазиятнинг оғирлиги ҳақида бу видеога қўшимча шундай деди:
Туалетининг бир тўсиғи ҳам йўқ. Ҳожатга чиқмоқчи бўлсанг, жуда ҳам ноқулай бўлади.
“Бизга 40-45 кун бўлди, бу ерда икки ойдан ошганлар ҳам бор. Аёлларга ҳам икки ойдан ошиб кетган, ҳаммаси йиғлаб ётибди. Ҳар хонада тўрт кишидан ётибмиз. Туалетининг бир тўсиғи ҳам йўқ. Ҳожатга чиқмоқчи бўлсанг, жуда ҳам ноқулай бўлади. Пол ҳам бетон. Кунига уч маҳал макарон беради, уни есанг югуртак бўлиб қоласан. Қамоқдан ҳам баттар бўлиб қолдик. Ўзбекистон консуллигига бир неча марта қўнғироқ қилдик, ҳеч қандай натижа йўқ. Ҳолимиздан ҳеч ким хабар олмайди”.
Ўзбекистон Республикасининг Новосибирск шаҳридаги Бош консули Юсуф Қобилжонов марказда қолаётган ўзбекистонликларнинг аҳволидан яхши хабардор эканлигини Озодликка айтди:
- Биринчидан, уларнинг икки ойдан буён қоляпмиз дегани нотўғри гап, чунки карантин кириб бўлганига энди бир ой бўлди. Иккинчидан, биз вақтинча сақлаш маркази билан ҳар доим мулоқотдамиз. Ўзбекистондаги коронавирус бўйича давлат комиссияси бу ёққа самолёт жўнатиши билан, буларни жўнатамиз, бу одамлар рўйхатда бор. Ваҳима қилишга асос йўқ.
Россиядан 19 мартда OzodMikrofonга шикоят қилган андижонлик ҳомиладор аёл ҳам бир ойдан буён Екатеринбургдаги хориж фуқароларини вақтинча сақлаш марказида қолаётгани ва бу жойнинг шароити ёмонлиги боис, ҳомиласига зарар етишидан хавотир билдирган эди.
29 март куни бир гуруҳ таниқли россиялик ҳуқуқ фаоллари Хориж гражданларини вақтинчалик сақлаш марказларида (ЦВСИГ) депортация қилинишини кутаëтган меҳнат муҳожирларини озод қилиш талаби билан чиққан эди.
Фаоллар Москва расмийлари диққатини ЦВСИГда қолаётган мигрантлар ҳаёти ва соғлиги хавф остида эканига қаратди.
Айни пайтда дунёнинг турли шаҳарларида ҳаво йўллари ёпилгани боис юзлаб ўзбекистонлик ватанига қайта олмаяпти.