Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:55

Нурсултон Назарбоев президентликдан кетди


Нурсултон Назарбоев
Нурсултон Назарбоев

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев 19 март куни халққа қилган жонли телемурожаатида президентлик ваколатларига истеъфо берганини эълон қилди.

Қозоғистонни 30 йил мобайнида бошқарганини таъкидлаган 79 яшар Назарбоев бу муддатда ўз мамлакатини вайронагарчилик ва уруш ëқасидан қайтариб дунëнинг тараққий қилган замонавий¸ демократик давлатига айлантирганини тилга олди.

Бу муддат ичида¸ Назарбоев таъкидича¸ мамлакат иқтисоди 15 мартага катталашган¸ аграр мамлакатдан дунëнинг тараққий қилган давлатлари сафига қўшилган¸ аҳоли даромади доллар ҳисобида 9 баробарга ошган.

Қозоғистоннинг ўзи етакчилик қилган йилларда¸ биринчи навбатда¸ СССРдан мустақил бўлган иқтисодий жиҳатдан қудратли миллий давлатга айлангани¸ қозоқ давлатчилигининг жаҳон харитасидан ўрин олгани¸ қозоғистонлик ëшларнинг ҳамма жиҳатдан¸ биринчи галда¸ таълим соҳасида халқаро майдонда беллашадиган миллатлар қаторига қўшилганини таъкидлади.

7 марта президентликка сайланганини буюк халққа хизмат қилиш бахти деб атаган Назарбоев¸ қозоқ халқига чуқур миннатдорчилик билдирди.

Назарбоев ўзининг Элбоши мақомида фаолиятини давом эттириши¸ бундан сўнг Нуротан партияси раиси¸ Конституциявий суд раҳбари ва Хавфсизлик кенгаши раиси сифатида қолажагини билдирди.

Қозоғистон конституциясига 2018 йили киритилган ўзгартишга кўра¸ Нурсултон Назарбоев умрининг охирига қадар Хавфсизлик кенгаши раиси бўлиб қолади ва мамлакат ҳаëтига оид муҳим хабарларни қабул қилиш ваколатини ўзида сақлаб қолади.

Назарбоев телемурожаати давомида миллатдошлари¸ хусусан¸ қозоқ ëшларини мамлакат мустақиллигини кўз қорачиғидек қўриқлашга чақирди.

Қозоқ ва рус тилларидаги мурожаати сўнггида Назарбоев¸ ўзининг 20 мартдан бошлаб президентлик ваколатларини топшириши ҳақидаги фармонни ўқиб¸ унга имзо чекди.

Назарбоев президент ваколатларининг¸ конституцияга мувофиқ¸ Сенат раиси Қосимжўмарт Тўқаевга ўтганини билдирди ва унинг ўтмишдаги сиëсий фаолиятига юқори баҳо берди¸ унинг президент сифатида масъулият билан ишлашига ишонч билдирди.

Назарбоев нима учун президент ваколатларига истеъфо бергани сабабларига изоҳ бермади.

Назарбоев 1989 йил – Қозоғистон ҳали СССР таркибида бўлган даврдан бери мамлакатни бошқариб келмоқда. 2015 йили Назарбоев бешинчи марта президентликка сайланди ва Марказий сайлов комиссияси Назарбоевга сайловчиларнинг 97,75 фоизи овоз берганини билдирган эди.

2010 йили мамлакат парламенти Нурсултон Назарбоевга Элбоши мақоми берган ва бу мақомга кўра¸ Биринчи президент дахлсизлиги у президентликдан кетганидан кейин ҳам сақланади. Бу ҳақдаги қонунга мувофиқ¸ Элбоши умрининг охиригача ҳибсга олинмайди, тинтув ва сўроқ қилинмайди¸ айни пайтда унинг оила аъзолари мол-мулки дахлсизлиги бир умр сақланади.

Қозоқ депутатлари қабул қилган қонунда, Элбоши - Нурсултон Назарбоев ҳаётига таҳдид солиш террорчилик хуружига тенглаштирилган¸ Назарбоев суратига беҳурматлик қилганлар ҳам жиноий жавобгарликка тортилади.

XS
SM
MD
LG