Тошкентда ўн кун аввал мушт зарбасидан ҳушидан кетган Борис Авакяннинг турмуш ўртоғи адолат излаяпти. Ҳодиса тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди ва жамиятдаги асабийлик ҳамда зўравонликнинг яна бир кўриниши ўлароқ баҳоланди.
Нега муаммоларни мулоқот орқали эмас, мушт ва жанжал орқали ҳал қилиш тенденцияси кучаймоқда? Бу саволлар нафақат Борис ва унинг оиласи, балки бутун жамият учун долзарб.
Клубдаги жанжал, муштумзўрлик
Тошкентлик 34 ёшли Камилла Авакян комада ётган турмуш ўртоғи, 35 яшар Борис Авакяннинг ҳаёти учун курашяпти. Борис 16 мартга ўтар кечаси Яккасарой туманидаги Twelve тунги клуби фойесида калтакланган.
«Ҳозир эрим қандай аҳволда эканини фақат Худо билади. Яшаб кетадими, йўқми, ноъмалум», - деди у Озодлик билан суҳбатда.
Воқеа жойидаги кузатув камераларида акс этган видеотасвирларга кўра, жанжаллашаётган иккита эркакни ажратишга уринаётган Борис ўзи мушт еган ва ҳушидан кетган.
«Жуда оғриғи кўп, томирлари тортишяпти. Чунки, мияси икки тарафлама жароҳатланган. Мияга тақалиб турган суягини олиб ташлашди. Кейинчалик, яхши бўлиб кетса, пластина қўйилади дейишди. Адолат бўлиши керак. Бундай одамлар бошқаларга зиён етказиб, ногирон қилиб қўймаслиги керак», - деб сўзини давом эттирди Камилла.
Ички ишлар маълумотига кўра, Борис бош мия жароҳати, юзидан оғир шикаст олиши ва спиртдан заҳарланиш ташхиси билан касалхонага ётқизилган. Унга ҳужум қилганликда гумонланаётган шахс – Акмал Шукуров Қозоғистонда қўлга олинган ва ҳозир Тошкентда қамоқда. Дастлаб унга нисбатан Жиноят кодексининг «Безорилик» моддаси бўйича иш қўзғатилган, кейин эса «Қасддан оғир шикаст етказиш» моддаси бўйича айблов қўйилди. Бу модда билан айбдор деб топилган шахс 5 йилдан 8 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.
Аммо жабрланувчининг яқинлари гумондор шахс пул билан жазодан қутилиб кетиши мумкин деб ҳавотирда. Расмий маълумотларга кўра, Шукуров бошқа жиноятлар учун аввал қидирувда бўлган.
«Асосий муаммо, бу одам аввал бошқаларга ҳам зиён етказган экан. Лекин кечирилиб юборилган. Кўп жойда таниши бўлгани учун уни қамамаслиги мумкин дейишяпти»,- деди Камилла.
Зўравонлик хроникаси
"Қорақалпоғистонда маст аскар 5 кишини пичоқлади, улардан бири вафот этди"
"Қаршилик қиз ўзига уйланишни истамаган йигитни пичоқлади"
"Жиззахда эр ўз аёлини пичоқлади"
"Қўқонда коллеж ўқувчиси мактаб ўқувчисини пичоқлади"
"Фарғонада маст эркак ИИБ ходимини пичоқлади"
"Фарғонада 27 ёшли йигит бош шифокорни пичоқлади".
Юқоридагилар - Ўзбекистон матбуотида сўнггги ойларда чоп этилган хабарлардан айримларининг сарлавҳалари.
Жамоатчилик эътиборига тушган Авакян ҳодисаси жамиятдаги охирги йилларда кўпайган асабийлик ва агрессиянинг яна бир кўриниши ўлароқ муҳокама қилинмоқда.
Озодлик гумонланувчи шахснинг адвокати ёки яқинларидан ҳозирча бирон шарҳ ололмади. Ҳодиса сабаб тармоқ фойдаланувчилари охирги пайтларда жамиятда зўравонлик кучайганига эътибор қаратишмоқда. Мутахассилар буни тизимли муаммо дейишади. Нейропсихолог Зарифбой Ибодуллаев фикрича, адолатсизлик ҳисси, иқтисодий босим, коррупция ва таълимдаги муаммолар одамларни тобора кўпроқ зўравонлик ёки агрессияга етакламоқда.
“Диссоциацция методи деган тушунча бор, қайчи симптоми ҳам дейилади. Яъни, жамиятда бўлаётган воқеалар телевидениеда берилаётган воқеаларга зид келиши, телеэкранда ҳаммаси яхши, лекин кўчада унинг акси бўлиши... Умумлаштириб айтадиган бўлсам, ўзбек жамиятидаги агрессиянинг ошиб бораётганига сабаб – иқтисодий ночорлик. Қолаверса, коррупция ҳам шу қадар авж олиб кетган”.
Ўзбекистон иқтисодиёти гарчи охирги ўн йилликларда 5-6 фоизлик ўсишни кўрсатаётган эса-да, бу ўсиш ҳар доим ҳам аҳолининг реал даромадларида акс этавермайди. Нархларнинг ошиши, ишсизлик, маошнинг камлиги ва ижтимоий тенгсизлик одамларни босим остида ушлаб туради. Бу эса ўз навбатида асабийлик ва агрессияга сабаб бўлади.
“Агрессия тўқ оилаларда ҳам бўлади, тўқликка шўхлик деб қўямиз. Лекин бу 10 ёки 20% ошмаса керак. Кўчада юрганда пайқайман, одамлар жудаям тажанг. Охирги 10 йилликда мутахассилигимдан келиб чиқиб кузатиб келяпман. Олим бўлганим учун одамлар қабулимда ҳам бўлишади, асабийликнинг сабабларини сўрасам, юқорида мен мисол қилган омилларни айтишади. Пул етишмаслиги, коррупция... Ҳатто ишга жойлашиш учун пул бериш керак”, - дейди Ибодуллаев.
Лекин айни дамда 2025 йилги Халқаро бахтиёрлик индексида ўзбекистонликлар Евросиёдаги энг бахтли фуқаролар қаторидан ўрин олди. Индексга қараганда, Ўзбекистондаги сиёсий ва иқтисодий вазият билан боғлиқ муаммолар аҳолининг кайфиятига у қадар таъсир кўрсатмаяпти.
Антидепрессантлар ожиз
Жамиятдаги кузатилаётган агрессияни шартли равишда тўртга бўлиш мумкин:
- Жамоат жойларида – ҳайдовчиларнинг ўзаро ёки уларнинг ички ишлар ходимлари билан жанжаллари, навбатлардаги келишмовчиликлар, ресторан ёки шу каби жойлардаги муштлашлар.
- Маиший - оилавий муносабатларда – ўзаро тушунмовчиликлар, фарзандларга, рафиқаларга нисбатан тажовузкор муносабат.
- Ижтимоий соҳаларда - боғча тарбияланувчиларига, ўқувчиларга, ўқитувчиларга қўпол муносабат, шифокорларнинг калтакланиши.
- Интернетда – ҳақорат, камситиш ва негатив муносабат билдириш ҳолатларининг ортиши.
Мутахассисларга кўра, ўзбек жамиятида сабр-тоқат ва бошқаларга ҳурмат кўрсатиш қадрият сифатида тарғиб қилинса ҳам, баъзан ҳиссиётларни назорат қилиш етарлича ўргатилмайди. Натижада одамлар ўз ғазабини бошқаришда қийинчиликка дуч келади. Руҳий саломатлик бўйича мутахассисларнинг етишмовчилиги эса ушбу муаммони янада чуқурлаштиради.
“Каримов даврида олий таълим синдирилди, хароб бўлди. Унинг мевасини кўриб турибмиз. Илмсизлик кучайди. Бу - бир, иккинчидан, илмсиз одамлар лавозимларда ўтирибди. Ҳудди ана шу лавозимда ўтирган кишининг ўртоғи бир пайтлари зўр ўқиган одам, катта умидлар билан институтга кирган инсон ишсиз юрибди. Адолатсизлик... Президент ҳар доим адолат ҳақида гапиради, ҳалқ эса ана шу адолатни умидвор бўлиб кутади. Аҳвол эса бунақа. Кераксиз тадбирларга ортиқча пул кўп ишлатилади, ҳалқ кўриб турибди, лекин ҳеч нарса дея олмайди. Бу ҳолат одамга ёмон таъсир қилади. Социал муҳит орқали келиб чиққан агрессияни социал муҳит даволайди. Антидепрессант ёки бошқа витаминлар вақтинчалик холос”, - дейди Зарифбой Ибодуллаев.
Таҳлилчилар мақола бошида айтилган Борис Авакян воқеасини – фақатгина битта оила бошига тушган муаммо сифатида кўрмайди. Уларга кўра бу симптоматик ва агар зўравонликка нисбатан муносабат ўзгармаса, унинг илдизларига етарлича эътибор берилмаса, бундай ҳодисалар такрорланавериши мумкин.
Форум