Линклар

Шошилинч хабар
20 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:34

"Гитлер ҳузурида концерт бергандай" -  ўзбек хонандалари Кремль саройида 


Россияда Ўзбекистон маданияти кунлари доирасида ўтказилаётган “Ўзбекистон юлдузлари кечаси” 19 ноябрда Кремл саройида бўлиб ўтди.
Россияда Ўзбекистон маданияти кунлари доирасида ўтказилаётган “Ўзбекистон юлдузлари кечаси” 19 ноябрда Кремл саройида бўлиб ўтди.

Россия Украинага босқини сабаб халқаро маданий ва спорт тадбирларидан четлатиларкан, Тошкент ўз санъаткорларини давлат бюджети ҳисобидан Москвага концерт беришга жўнатди.

Россияда Ўзбекистон маданияти кунлари доирасида ўтказилаётган “Ўзбекистон юлдузлари кечаси” деб номланган концерт Украинага Россия босқинининг мингинчи куни - 19 ноябрда Кремль саройида бўлиб ўтди.

Кремль саҳнасида саксонинчи йиллар совет романтикаси “Кўк Жигули”, “Lada” ҳақида қўшиқ куйлаб трендга чиққан Озода Нурсаидова, “Ялла” гуруҳ асосчиси Фарруҳ Зокиров, икки ой олдин президент Шавкат Мирзиёевдан Халқ артисти унвонини олган Севара Назархон, мумтоз қўшиқлар ижрочиси Муножат Йўлчиева¸ хонандалар Гулсанам Мамазоитова ҳамда Ойгул Нодироваларнинг чиқиши режалангани маълум қилинган.

Улар билан бирга Ўзбекистон давлат симфоник оркестри ва “Баҳор” ансамблининг ўнлаб раққасалари ва чолғучилари олдинроқ Москвага йўл олган.

Айрим тармоқ фойдаланувчилари ўзбек санъаткорларининг “агрессор давлат”га бориб, уруш жиноятчиси сифатида халқаро қидирувга берилган Путин ёки унинг ҳукумати ҳузурида концерт беришини Ўзбекистон учун “шармандалик” деб аташди.

“Бу Иккинчи жаҳон уруши даврида худди Гитлер ҳузурида концерт бергандай гап”, дейди тошкентлик журналист, Yep портали асосчиси Марина Козлова Озодлик билан суҳбатда:

“Тасаввур қилайлик, параллел оламдамиз, ўтган асрнинг 40-йиллари, ўзбек артистлари фашистлар Берлинида концерт қўймоқда. Нега бунақа ўхшатиш қилдим? Чунки нафақат мен, жуда кўпчилик бугун Россияни фашист давлати ёки фашизм ёқасидаги давлат, деб билади. Ўзбекистон бетарафлигини эълон қилган, бироқ менинг мамлакатим юритаётган сиёсат унчалик бетараф эмас. Шу йили баҳорда Ўзбекистонда Владимир Путин ва унинг содиқ сарбози Рамзан Қодиров асъасаю дабдаба билан кутиб олинди. Россия Украинага қарши уруш бошлаганидан кейин Мирзиёев жуда кўп марта Москвага борди, жумладан Путиннинг туғилган кунида ва ҳарбий парадга ҳам. Шундай экан, нафақат Кремл анжуманлар саройида қўшиқ айтиш учун бораётган артистларга, балки Ўзбекистон Украинага қарши агрессия масаласида қандай овоз бераётганига ҳам ажабланмаслик керак ”, дейди Козлова.

Ўзбек санъаткорларига Путиндан орден

Москвада Ўзбекистон маданияти кунлари ўтаётган бир пайтда ўзбек санъаткорларининг Россия президенти Владимир Путин томонидан тақдирлангани эълон қилинди.

Россия Президенти Владимир Путин 18 ноябрь куни Ўзбекистон халқ артистлари Фаррух Зокиров ва Севара Назархонни “Дўстлик” ордени билан мукофотлаш тўғрисидаги фармонни имзолаган.

Журналист Иқбол Қўшшаева, хусусан, Севара Назархоннинг Путиндан мукофот олиши фонида грузиялик таниқли қўшиқчи Вахтанг Кикабидзенинг фуқаролик позициясини хотирлатди:

“Менга Севара Назархон билан суҳбатлашиб "Улуғимсан, Ватаним" қўшиғи ҳақида икки-уч қоғоз нарса ёзишимни, эвазига жуда яхши қалам ҳақи тўлашларини айтишганди.

Фақат қалам ҳақи тузук бўлгани учун кўнгандим. Энди бу юкдан кечдим!

Токи ўзбек санъаткори фитратида Вахтанг Кикабидзе учқунидан асар ҳам кўрмас эканман, бундан буёғига улар учун сўзим, вақтим ҳайф!”.

Айни пайтда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Украинадаги урушни ёқлагани учун Европа Иттифоқи санкциясига тушган россиялик актёр Сергей Безруков ва раққос Андрис Лиепани Дўстлик ордени билан мукофотлади.

Кремль саройидаги концерт ташкилотчиларидан бирининг Озодликка айтишича, концертга Россия ҳукумати аъзолари, Давлат думаси, вазирлик ва бошқа расмий идоралар раҳбарларига таклифномалар тарқатилган.

Кремль саройидаги концерт қатнашчилари орасида Ўзбекистон Маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳам бор.

Назарбеков ўз мамлакатининг Украина уруши борасида “нейтрал позицияда” эканини айтиб келади.

Лекин, Украинанинг бир қисмини босиб олган, деярли ҳар куни тинч аҳоли устига ракета ва дронлар ёғдираётган давлатга бориб концерт бериш бу Москванинг уруш тарғиботига жўр бўлишни англатмайдими? Бу агрессор давлатга ён босиш эмасми?

Озодлик электрон почта орқали йўллаган бу ва бошқа саволларга ҳозирча Ўзбекистон Маданият вазирлигидан жавоб бўлмади.

Лондонда яшовчи ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Алишер Илҳомов Кремль саройидаги тадбирга Тошкент ва Москва ўртасида сўнгги пайтларда юз берган дипломатик можаролар контекстида қараш керак,деган фикрда.

Москвага ўзбек маданияти вакилларидан иборат катта десант ташланишига яқинда бўлиб ўтган воқеалар, яъни Кремлга яқин бир қатор сиёсатчиларнинг Ўзбекистонга босим ўтказиши, норозилик билдириши контекстида қараш керак, менимча. Ўша воқеалар Путиннинг кайфиятига таъсир қилганга ўхшайди.

Норозилик билдирилишига Ўзбекистон мактабидаги маҳаллий даражадаги муаммо бир баҳона бўлди, холос. Ҳақиқий сабаб эса Путин Ўзбекистоннинг ўзбек мигрантларини Украина фронтларидаги ҳарбий ҳаракатларда қўллашга тўсқинлик қилаётганидан ранжигани, деб ўйлайман.

Айниқса, Россияда бугунги кунда ҳарбий куч етишмовчилиги яққол сезилаётгани, армия сафларини тўлдириш учун ҳатто Шимолий Кореядан ёрдам сўрашга мажбур бўлаётгани манзарасида бу норозилик кучайган бўлиши мумкин.

Афтидан, Ўзбекистон ҳукумати, аниқроғи Мирзиёев Москва билан муносабатларини яхшилаш, унинг кўнглини олиш мақсадида, яхши ният белгиси сифатида шу маданият десантини юбориб, “келинглар, дўст бўлайлик, уришмайлик”, демоқчи”, - дейди Алишер Илҳомов.

Тошкент киночиларга қизил гилам тўшади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:18 0:00

"Путинпарастлар" учун майдон

Бундан олдин Тошкент россиялик “путинпараст” санъаткорлар, киночилар, актёр ва театр арбобларига майдон бергани учун танқид қилинган.

2022 йилнинг сентябрь ойида, Украинага Россия босқини бошланганидан олти ой ўтиб ўз баданига президент Путиннинг учта суратини ва свастикага ўхшаган рамзни татуировка қилдирган Сергей Полуниннинг рус солдати кийимида Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги опера ва балет Катта театри саҳнасида кўриниш бериши жанжалга сабаб бўлганди.

Украинага Россия босқини бошланганидан кейин урушни ёқлаб чиққан кўплаб россиялик хонандалар дунёнинг кўплаб мамлакатларида исталмас шахсга айланган.

Лекин, уларнинг Тошкентдаги концертига монелик қилинмади. Сўнгги уч йилда “путинпараст” россиялик санъатчилар Ўзбекистонда ўтказилган фестивалларнинг хос меҳмонига айланди.

Европа Иттифоқи санкцияларига тушган россиялик “путинпараст” актёрлар Владимир Машков ва Сергей Безруковларнинг Тошкент кинофестивалига таклиф этилгани, баъзиларининг мамлакат Олимпия қўмитаси мулозими ҳам бўлган зиддиятли тадбиркор Салим Абдувалиев хонадонида меҳмон бўлгани тармоқларда муҳокама бўлди.

Россиялик қўшиқчиларнинг ўзбек зодагонлари тўйларида кўриниш бериши ҳам одатий ҳолга айланди.

Кремль пропагандачиси ва Қрим аннексиясининг ашаддий тарафдори бўлган россиялик режиссёр Никита Михалков ҳам 2022 йилда Тошкент фестивалининг хос меҳмони бўлганди.

Украинанинг Тошкентдаги элчихонаси ўтган йил ёзида «урушни қўлловчи россиялик қўшиқчиларнинг Ўзбекистондаги чиқишларини қоралаган.

"Уларнинг урушни қўзғатишга қаратилган жиноий ҳаракатлари дастакланаётганига оид ёлғон тасаввур пайдо қилиши мумкин ва бу Ўзбекистон Республикаси обрўсига таҳдид солади. Бундан ташқари, россиялик ижрочилар олган пул-маблағлар улар томонидан уруш, терроризм ва украин халқига қарши геноцидда ишлатилиши мумкин" , - дейилади элчихона ўтган йил 5 июлида тарқатган баёнотда.

Олдинроқ Ўзбекистон Маданият ва туризм вазири ўринбосари Баҳодир Аҳмедов уруш пропагандаси билан шуғулланаётган россиялик хонандаларнинг Ўзбекистонда концерт беришга уринаётганига изоҳ бераркан, “ҳамма нарсага чегара тутиш мумкин, аммо санъат – чегарасиз соҳа”, эканини айтган эди.

Ўзбекистон Маданият вазири Озодбек Назарбеков олдинроқ Озодлик билан суҳбатда хорижлик санъаткорларнинг Ўзбекистонни сиёсий баҳслар майдонига айлантиришларига йўл қўймасликларини айтган эди.

“Ўзбекистоннинг (Украина борасида -таҳр.)позицияси маълум. Ҳар иккала тарафнинг хоҳиш-истакларини на қўллаш ва на қоралашдан тийиламиз. Россиядан фақат бу йил келгани йўқ, ҳар йили келади, уларни Ўзбекистонда мухлислари борлигини эътироф этамиз. Лекин сиёсий позицияларини ифодалашларига йўл қўймаймиз.”

Пйни пайтда Россиянинг ўзида урушни қоралаган санъаткорлар қувғинга учради.

Алла Пугачёва, Андрей Макаревич, Светлана Лобода каби юлдузлар Украина уруши ортидан бошланган қоралаш кампанияси сабаб мамлакатни ташлаб чиқишди.

"Евронигоҳ" танловида Россияни тамсил этган тожик қўшиқчиси Манижа Сангин Украина урушига қарши чиққани учун кибер таҳдидлар остида қолди.

Манижа Сангин Россиянинг Украинага босқинига кескин қарши чиқди, урушни Россия халқининг истагига зид можаро, деб атади.

Ўзбекистонлик ашулачи Наргиз Зокировага урушни қоралагани учун 50 йилга Россияга киришга тақиқ қўйилди.

Санъатшунослар фикрича, маданият худди собиқ СССРда бўлгани каби Путин Россиясида ҳам тарғибот қуроли сифатида қолмоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG